16 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 16 / 2019

Диққат! 16 апрелдан 31 майгача сув ҳавзаларида балиқ овлаш ман этилади

alt

Сурхондарё вилояти Экология ва атроф муҳитни-муҳофаза қилиш бошқармасига кўра, 16 апрелдан 31 майга қадар балиқларнинг уруғ қўйиш мавсуми этиб белгиланган.

Сабаби бу даврда балиқларда ўз наслини давом эттириш ва кўпайиш жараёни кузатилиши сабабли табиий сув ҳавзаларида балиқ овланиши тўхтатилади ва балиқларнинг эркин харакатланиши, кўпайиши учун қулай шароитлар яратилади.

Уруғ қўйиш мавсумида вилоят ҳудудидаги барча табиий сув ҳавзаларида балиқ овланиши қатъиян таъқиқланади, броконьерларга қарши курашиш кучайтирилиб, моторли қайиқларни сувга туширилишига йўл қўйилмайди.

Спорт-ҳаваскорлик балиқчилари томонидан фақат кичик ҳажмли кемалардан моторсиз равишда фойдаланиш, қармоқлардаги тутгичлар (илмоқлар) сони 5 тадан ошиқ бўлмаган ҳолда овлашга рухсат берилади.

Тошкентда Халқаро Жазз фестивали бошланди

alt

14 апрелдан Тошкентдаги Туркистон саройида 5-Халқаро жазз фестивали бошланган. Фестивал Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Давлат филармонияси, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, “Илҳом” жазз клуби,  Юнесконинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган.

alt

alt

alt

Фестивалнинг очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Юнеско элчихонаси вакили Пилар Альварес-Ласо хоним иштирок этган.

Фестивал пойтахтда, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтади.

alt

Қуёш галактикасига қўшни юлдуз атрофида янги сайёра аниқланди

alt

Қуёш галактикасига қўшни бўлган Центавр Проксимаси юлдузи атрофида яна бир янги сайёра аниқланган. Агар унинг мавжудлиги тасдиқланса, оптик телескопда кўриш мумкин бўлган илк экзосайёра сифатида тарихга кириши мумкин.

Маълумотларга кўра, Центавр Проксимаси – Қуёшга энг яқин бўлган юлдуз бўлиб, ўртадаги масофа 4 ёруғлик йилига тенг. 2016 йилда мазкур ёритқич атрофида Проксима b сайёраси аниқлангани ҳақидаги хабар бутун дунё бўйлаб тарқалган. Тадқиқотларга кўра, ушбу сайёра ёлғиз эмас, унинг шериги ҳам бор. 

Мазкур маълумотлар Турин астрофизика обсерваторияси, Крит университети олимлари Марио Дамассо ва Фабио Дель Сордо томонидан коинот тадқиқотларига бағишланган халқаро конференцияда келтириб ўтилган. 

Дунёдаги энг баланд осмонўпар бинони яшин урди

alt

Дубайдаги баландлиги 828 метр бўлган «Бурж Халифа» («Халифа минораси») минорасини яшин урган. Бу ҳақдаги хабарлар 15 апрель куни барча ОАВларда тарқалди.

alt

Ҳозирги кунда жаҳондаги энг осмонўпар ҳисобланган бино учидаги узун шпиль  антенналар ўрнатиш громоотвод вазифасини бажаради. Громоотвод – яшин зарядини электр симлари орқали ерга ўтказиб, бинони ёнғиндан ҳимоя қилади.

Франфуртда иккинчи жаҳон урушидан қолган бомба портлатилди

alt

Германиянинг Франкфурт шаҳрида иккинчи жаҳон урушидан қолган бомба портлатилган. Аввалига Майн дарёси тубида бомба борлиги аниқланиб, биринчи галда ён-атрофдаги уйлардан 600 нафар инсонлар бошқа ҳудудга эвакуация қилинган. Сўнг бомбани портлатишга киришилган. Режага кўра портлаш 14 апрель куни сув остида амалга оширилган

alt

Полиция маълумотларига кўра, энди бомба шаҳарга ҳеч қандай хавф солмайди ва ундан ҳеч нарса қолмаган. Бомба иккинчи жаҳон уруши вақтида Америка ҳарбийлари томонидан ташланган бўлиб, ўша вақтда портламай қолганлиги аниқланган.

Конкур от спорти бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди

alt

12-15 апрель кунлари КСК “UNIVERSAL JUMPING” спорт мажмуасида от спортининг конкур йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтган.

Юртимизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган моҳир чавандозлар 3 кун мобайнида ўз иқтидорларини намойиш қилишган. Баҳслар турли категория ва баландликдаги тўсиқлар бўйича ўтказилиб, унда тўққиз нафар иштирокчи биринчи ўринни қўлга киритган.

Киркоров Пугачёва билан нега ажрашганлигини ошкор қилди

alt

Россия эстрадаси юлдузи Филипп Киркоров Алла Пугачёва билан нега ажрашганлигини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Пугачёва билан турмушидаги муносабатлари рисоладагидек бўлган.

“Балки кўз теккандир. Биз оила билан боғлиқ бўлган кўп гапларни ошкор қилдик, бизда ҳаммаси яхши эканлигини айтдик. Аслида  ҳаммасини унутишимиз ва ўз ҳаётимиз билан яшашимиз керак эди", дея таъкидлаган у.

Киркоров ва Пугачёва 1994 йилда турмуш қуриб, 11 йил давомида бирга яшашган. 2011 йилда эса Пугачёва қизиқчи ва бошловчи Максим Галкинга турмушга чиққан. 

alt

Шу йилнинг 15 апрель куни Пугачёванинг 70 ёшни қарши олиши муносабати билан уни Россия Президенти Путин ҳам табриклаган.

Тошкент кўчаларини патруллаш учун 50 та мотоцикл харид қилинади

alt

Айрим манбаларда қайд этилишича, ҳозирда пойтахтда 10 нафар мотоциклчидан иборат отряд фаолият юритиб келмоқда. Улар ҳукумат делегацияларига хамроҳлик қилиш, йўл тирбандликларини бартараф этишда ўзини яхши томондан кўрсатгани учун яна 50 та мотоцикл сотиб олинади.

Маълумотларга кўра, Тошкентда йўл тирбандликлари тез-тез юзага келадиган 50 дан ортиқ чорраҳа бўлиб, айни дамда мотоотряд ҳаракатнинг тез тикланишига ҳисса қўшмоқда.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 5-10 метр тезликда эсаётган шамол секундига 12-17 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 14-16, кундузи 17-19 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 10-15, кундузи 20-25 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 12-17, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 12-17, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 13-18, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 12-17, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Республикамизнинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қор кўчиши хавфи бор. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 5-10, кундузи 8-13 даража илиқ бўлади.

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *