12 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 12 / 2019

Бош вазир Сергелидаги уйлар нархини камайтириш бўйича топшириқ берди

alt

11 апрелда Сергели тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раислигида фуқаролар қабули ўтказилган.

 Қабулда Сергели туманида қурилган имтиёзли уйларнинг нархи ва сифати юзасидан фуқаролар мурожаатлари тингланган ва Бош вазир томонидан тегишли мутассадди раҳбарларга нархларни максимал даражада камайтириш ҳамда хонадонлар сифати бўйича тўлиқ қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилган.

alt

Бир ой муддатдан сўнг эса Республика комиссияси хулосаси асосида қайта кўриб чиқилган хонадон нархлари бўйича очиқ ошкора ҳисобот берилиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, ушбу ҳолатни қонун доирасида ижобий ҳал этишга киришилган. Шу мақсадда ҳозирда тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, масала чуқур ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир ой аввал Сергелидаги имтиёзли уйларнинг нархи кескин  ошганлиги  тўғрисида Uz24.uz орқали хабар бергандик.

Наманганда яширин цехда ўрнатилган яширин тармоқ фош этилди

alt

Учқўрғон тумани Мажбурий ижро бюроси томонидан Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган фуқаро Н. Холматовнинг  ўзига қарашли дала ҳовлида яширин оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил этганлиги аниқланган. Бу ҳақда Республика Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати хабар бермоқда.

alt

Бундан ташқари фуқаро цех учун шу худуддан ўтган юқори босимли табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан (ер остидан кавлаб)  уланиб олган. alt

Ўтказилган тезкор тадбир мобайнида фуқаронинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига барҳам берилган ва ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, ўғринча фойдаланилган табиий газ қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Етказилган зарар 56 миллион 160 минг сўм эканлиги аниқлангач, ҳолат юзасидан Н. Холматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суд томонидан фуқарога аҳлоқ тузатиш  жазоси тайинланган.

Пойтахтнинг айрим кўчаларида раққос йигитлар пайдо бўлди (видео)

alt

Пойтахтнинг “Себзор” кўчасида турли хориж оҳанглари остида рақсга тушаётган йигитлар жамоатчилик эътиборини тортишмоқда.

Ёш раққослар рақснинг хип-хоп йўналишида бир-бирини такрорламаган пластик ҳаракатларини намойиш этишаркан, ўтган-кетган йўловчилар бир неча дақиқага тўхтаб, уларни завқ билан кузатишмоқда. Ёш ўспирин йигитларнинг ижро маҳорати барчага маданий ҳордиқ ва эстетик завқ бағишламоқда.

Маълумот учун, хип-хоп рақс йўналишига илк маротаба 1970 йилда АҚШда асос солиниб, кўча рақси сифатида оммалаша борган. Илк маротаба «Soul Train», 1980-йилда суратга олинган «Брейк-данс», «Бит-стрит» ва «Дикий стиль» фильмлари хип-хоп йўналиши бўйича аудиторияга кенг маълумот берган.

 

Урганчда самбо бўйича навбатдаги мусобақа бўлиб ўтади

alt

19-21 апрель кунлари ўсмирлар ўртасида кечадиган самбо бўйича мамлакат чемпионати юртимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрадиган ёш самбо усталарини ўзида жам қилади, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.   

Ўзбекистон самбо ассоциацияси маълумотига кўра, турнирда 400 га яқин спортчиларнинг ғолиблик учун гиламга чиқишлари кутилмоқда.

Қозоғистон Президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

alt

14 апрель куни Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев икки кунлик давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади. Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг маълумотига кўра ташриф Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

alt

 Тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилиши режалаштирилган музокараларда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади, сиёсат, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилади.

Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.

Қуролли Кучлар куч тузилмалари вилоятларда бир жамоа бўлиб ҳаракатланмоқда

alt

9 апрелдан бошлаб Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулоти давом этмоқда. 

alt

Машғулотлар 13 апрелга қадар ўтказилиб, унга Мудофаа, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва бошқа бўлинмалари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.

alt

alt

11 апрель куни Шарқий ҳарбий округининг бир нечта полигонида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти режасига мувофиқ, куч тузилмаларининг минтақадаги вазият беқарорлигининг олдини олиш ҳамда чегараолди ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларида жамоат тартибини сақлаш ҳаракатларига оид масалалар амалда кўриб чиқилган.

alt

Ўқув машғулоти Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар бош штабининг бошлиғи раҳбарлигида ўтказилмоқда.

Боёвутда МИБ ходимига пичоқ билан ташланган шахс ушланди

alt

Жорий йилнинг 06 апрель куни соат 17-10 ларда Мажбурий ижро бюросининг Боёвут туман бўлими давлат ижрочилари Д.Эшбаев, О.Умаров ва Ш.Гулмуротовлар қарздор А.Яровдан ундирувчи С.Мамажанова фойдасига 2 млн. 800 минг сўмдан зиёд қарздорликни ундириш мақсадида, қарздорнинг “Янгиобод” МФЙ “Дарвозақир” қишлоғидаги яшаш манзилига борганлар.

alt

Миб ходими Ш.Гулмуродов хонадонни кўздан кечирмоқчи бўлганида қарздор А.Яров давлат ижрочисига қаршилик кўрсатиб, унинг бўйнидан бўғиб, танасининг турли жойларига уриб, тепиб тан жароҳати етказган. Сўнг уйидан ошхона пичоғини олиб чиқиб, автомашинасида ўтирган давлат ижрочисининг чап қўли кафтига тан жароҳати етказган, МИБ ходимини ўз хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган. Олган тан жароҳатлари натижасида давлат ижрочиси касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат бўйича Боёвут туман прокуратураси томонидан фуқаро А.Яровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарёда “Воҳамизни чиқиндидан тозалаймиз” шиори остида “Эко акция” ўтказилди

alt

Жорий йилнинг 11 апрель куни Ангор тумани “Қорақир” массивида “Воҳамизни чиқиндидан тозалаймиз” шиори остида “Эко акция” ўтказилган. Акция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (ПҚ-3730-сонли) қарори доирасида бўлиб ўтган.

Унда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ангор туман ҳокимлиги, туман ободонлаштириш бошқармаси, туман Давлат санитария эпидемиология назорати маркази иштирок этган.

 “Қорақир” массивида жойлашган собиқ чиқинди полигонидаги маиший чиқиндилар шамол эсиши туфайли ҳудуднинг катта қисмида сочилиб кетганлиги натижасида воҳанинг экологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатганлиги маълум бўлган.

Ушбу ҳолатни бартараф этиш мақсадида  7 г майдондан жами 5 м3 полиэтилен чиқиндилар тўпланиб, қайта ишлаш корхонасига топширилган. “Эко акция”га жами 30 нафардан ортиқ кӯнгиллилар ва ишчи ходимлар жалб этилган.

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 12 апрель куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-12 даража илиқ, кундузи 23-25 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 7-12 даража илиқ, кундузи 23-28 даража иссиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 23-28 даража иссиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 22-27 даража иссиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 23-28 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Қор кўчиши хавфи бор. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 2-7 даража, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг 

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *