Венесуэланинг ярми электр таъминотисиз қолиб кетди. Ҳукумат сабабини аниқлади

мар 09 / 2019

alt

Венесуэла Ахборот вазири Хорхе Родригес Венесуэла тарихидаги электр энергиясининг энг катта оммавий ўчирилишига киберҳужум сабаб бўлганини маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс». У Венесуэла телевидениясидаги эфирда ҳужум, афтидан, АҚШ томонидан содир этилганини айтган. «Ҳужум Гуриʼ ГEСнинг автоматлаштирилган тизимига йўналтирилган», — деб таъкидлаган вазир.

Унинг айтишича, тизим электроэнергия ишлаб чиқарилишини назорат қилади. Кибер ҳужум ва хакерлар тизимни назорат қилишга уринаётгани маълум бўлгач, ГEС хавфсизлик нуқтаи назаридан ишлашни тўхтатган. Бу эса Родригеснинг сўзларига кўра, деярли бутун мамлакатнинг электроэнергиясиз қолишига олиб келган.

Венесуэлада электр таъминотининг  кенг миқёсли узилиб қолиши кузатилган. Фавқулодда вазият мамлакатнинг 23 та штатидан камида 10 тасига таъсир кўрсатган. Bloomberg’нинг ёзишича,  пойтахт Каракасда, хусусан, метро ва аэропортда ҳам чироқ бўлмаган.

alt

Венесуэла электр энергия вазири Луис Мотта Домингес юз берган воқеани саботаж ҳамда «ҳокимият ва халққа қарши қаратилган ҳужум» деб атади. Унинг айтишича, ҳуқуқбузарлар мамлакат электр таъминотининг 70 фоизи учун масъул Гуридаги гидроэлектрстанцияга ҳужум қилган. Вазир электр таъминотини бир неча соат ичида қайта тиклашга ваъда берган.

Президент Николас Мадуро эса «электр уруши» кетаётганини ва бу уруш ортида АҚШ тургани ҳақида баёнот берган.

Маълумот учун, Венесуэлада бир неча йилдан бери оғир иқтисодий инқироз давом этмоқда. Инқироз оқибатида мамлакатда биринчи галда зарур маҳсулотларнинг кучли тақчиллиги юзага келган. Электр ва сув таъминотида мунтазам узилишлар юз беради.

Январь ойида мухолифатчи парламент раҳбари Хуан Гуайдо ўзини давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи деб, президент Николас Мадурони эса ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олган шахс деб эълон қилган. Гуайдони АҚШ, Жанубий Америка ва Евроиттифоқнинг қатор мамлакатлари қўллаб-қувватлаган. Россия, Туркия ва бир қатор бошқа мамлакатлар Мадурони қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *