Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши якунланди

апр 14 / 2016

alt

Унда Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Ермекбаев, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси Го Шэнкун, Қирғизистон Республикаси Мудофаа кенгаши котиби Т.Жумақодиров, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Патрушев, Тожикистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби А.Қаҳҳоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Р.Алимов ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитаси директори Е.Сисоев иштирок этди. 

Дўстона ва амалий руҳда ўтган йиғилишда ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга доир долзарб масалалар, терроризм, сепаратизм, экстремизм, қурол-яроғ ва наркотикларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва биргаликда ҳаракат қилиш механизмларини такомиллаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. 
Йиғилишда Тошкент шаҳрида ўтадиган саммитда қабул қилиниши кўзда тутилаётган ШҲТнинг экстремизмга қарши курашиш конвенцияси, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга оширишга доир тадбирлар режаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг наркотикларга қарши курашиш бўйича 2017-2022 йилларга мўлжалланган стратегияси ва уни бажариш бўйича Ҳаракат дастури лойиҳаларини имкон қадар тезроқ келишиб олиш муҳимлиги қайд этилди. 

Йиғилиш иштирокчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ва МАТТ Ижроия қўмитаси директорининг ташкилотнинг хавфсизлик соҳасидаги фаолияти тўғрисида ахборотларини тинглади ва маълумот учун қабул қилди. 

Йиғилиш якуни бўйича Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши протоколи имзоланди. 

ЎзА

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *