Шавкат Мирзиёев Tashkent City'даги конгресс-холл ва 21 қаватли меҳмонхона қурилишини кўздан кечирди

мар 14 / 2019

Шавкат Мирзиёев 14 март куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. 
 
Давлатимиз раҳбари дастлаб Tashkent City халқаро бизнес марказига ташриф буюриб, конгресс-холл ва беш юлдузли меҳмонхона барпо этилиш жараёни билан танишди.
 
 
Мазкур иншоотлар қурилиши ўтган йил март ойида бошланган бўлиб, бугунги кунда муҳташам конгресс-холл ва 21 қаватли меҳмонхонанинг бетон-каркас ишлари ниҳоясига етган. Ҳозирда металл конструкциялар ва коммуникацияларни монтаж қилиш, том ёпиш, ташқи пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. 
 
Президентга конгресс-холлнинг фасади, хоналари ва йўлакларининг кўринишига доир лойиҳалар намойиш этилди.   
 
 
Маълумки, Tashkent City бизнес-марказлар, меҳмонхоналар, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектларни ўз ичига олган замонавий комплекс бўлади. Келгусида бу ерда олий даражадаги тадбирлар, йирик халқаро анжуманлар ўтказилади.
 
Шавкат Мирзиёев конгресс-холлнинг асосий зали, ҳар бир хонасини кўздан кечириб, уларнинг қандай безатилиши ва жиҳозланиши, меҳмонлар учун қандай шароитлар яратилиши билан қизиқди. Халқаро саммитлар чоғида кўплаб делегациялар қатнашишини инобатга олиб, юкори мартабали меҳмонлар ва иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиши, дам олиши учун кенг қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Конгресс-холлнинг биринчи қавати замонавий дизайнда, иккинчи қавати эса классик услубда бўлиши зарурлигини таъкидлади. Йўлакларни юртимиз рассомларининг энг сара асарлари билан безатишни таклиф қилди. 
 
Мазкур конгресс-холл ёнида қурилган меҳмонхонага оид лойиҳалар ҳам намойиш этилди.
 
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *