Шавкат Мирзиёев хотин-қизларни байрам билан табриклади (+фото)

мар 07 / 2019

Тошкентда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларини байрам билан табриклаб, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиром ва энг эзгу тилакларини билдирди.  
 
– Бугунги қувончли айёмда дунёда “фидойи” деган сўзга энг муносиб бўлган Она сиймоси олдида таъзим қиламиз. Ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз кўрки бўлмиш азиз аёлларимиз шаънига энг гўзал тилакларимизни изҳор этамиз. Аёл сиймоси Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади, – деди давлат раҳбари.  
 
Тадбирда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган йигирма саккиз нафар қизга мукофотлар тантанали равишда топширилди. 
 
– Сизларнинг мана шундай очилиб, ҳаётдан рози бўлиб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз. Истаймизки, мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин, – деди Президент. 
 
Бугун Шавкат Мирзиёев яна бир муҳим ҳужжат – “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Унда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, маиший ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича комплекс вазифалар белгиланган. 
 
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакилалари тўкин дастурхон атрофида байрамни нишонлади. Тадбирда мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик дипломат аёллар, жумладан, Франция Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси элчилари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли ваколатхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.  
 
ФОТО
 
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *