Шавкат Мирзиёев биометрик паспортларни расмийлаштириш жараёнини кузатди

янв 10 / 2019

alt

Шавкат Мирзиёев 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига ташриф буюрди. 

Президент пойтахт ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида ташкилий-штат бўлинмасини мақбуллаштириш лойиҳаси билан танишди. Унга кўра, ички ишлар ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш, туман ҳокимлиги, прокуратураси, солиқ инспекцияси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари бу таклифни маъқуллаб, жиноятчиликнинг олди олиниши, буни одамлар сезиши учун пастда тизим мустаҳкам бўлиши зарурлигини таъкидлади.

– Профилактика ишлари таҳлилга асосланиши керак. Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида жиноятчиликнинг жойи ва тури бўйича чуқур маълумот бўлиши, бунинг учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари мунтазам бирга ишлаши зарур. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, жамиятда ҳам жаҳолатга қарши маърифат кучли бўлиши лозим. Муҳит шундай бўлиши керакки, ҳеч ким жиноятга қўл ура олмасин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда тезкор навбатчилик қисмидаги инновацион технологиялар, ички ишлар ходимларининг ўзаро хабар алмашишини таъминлайдиган «Минор» дастури, ходимлар хизмат ўтаётган жой тўғрисида ахборотни кўрсатиш ва ташвиш хабарини жўнатиш учун мўлжалланган «UzGPS» тизими ҳақида маълумот берилди. 

Шавкат Мирзиёев мазкур ички ишлар бўлимидаги паспорт хизмати хонасида бўлиб, биометрик паспортларни расмийлаштириш жараёнини кузатди. Жаҳон стандартлари асосида ташкил этилган тергов хонасини кўздан кечирди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *