Президент "Парламент назорати тўғрисида"ги қонунни имзолади

апр 12 / 2016

alt

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11 апрель куни "Парламент назорати тўғрисида"ги қонунни имзолади. Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 10 мартда қабул қилинган. Сенат томонидан 31 мартда маъқулланган.

Унга кўра, Қонунчилик палатаси, Сенат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровини юбориш тўғрисидаги таклиф Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қўмиталар, фракциялар, депутатлар гуруҳлари томонидан, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан, Сенат кўриб чиқиши учун эса, қўмиталар томонидан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан киритилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим.

Парламент сўровига ёзма жавоб Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари тегишли палатанинг мажлисида ўқиб эшиттирилгунига 
қадар олдиндан Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига юборилади.

Парламент сўровига жавоб тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси, Сенат парламент сўрови муҳокамаси якунлари бўйича қарор қабул қилади.

Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

"Халқ сўзи" газетаси

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *