Остона расман Нур-Султон номини олди. Бу жамоатчилик норозиликларини келтириб чиқарди

мар 23 / 2019

alt

Қозоғистоннинг янги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат пойтахти Остонани Нур-Султон дея қайта номлаш тўғрисидаги фармонини имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади кун.уз.alt

«Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳри — Қозоғистон Республикаси пойтахти Нур-Султон дея қайта номлансин», — дейилган фармон матнида.

Остона номини мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига қайта номлаш ташаббуси 20 март куни янги президент Тўқаев томонидан билдирилган. У шунингдек, биринчи президент номини абадийлаштириш мақсадида шаҳарлардаги марказий кўчаларга ҳам Нурсултон Назарбоев номини беришни таклиф қилган.

Аммо бу ўзгаришлар жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарган. 20 март куни gopetition.com сайтида пойтахтни Назарбоев шарафига қайта номаламаслик талаб қилинган петиция эълон қилинган.

alt

21-22 март кунлари Остона ва Олма-отада пойтахт номи ўзгартирилишига қарши митинглар ўтказилган. Гувоҳлар маълумотларига кўра, Остонада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари 60 кишини қўлга олган, Олма-отада эса 20 нафарга яқин киши ушланган. Полиция департаменти эса бу шаҳарлардаги митинглар бўйича расмий маълумот бермаган, одамлар қўлга олингани ҳақидаги хабарларни изоҳламаган.

Маълумот учун, Остона ўрнидаги посёлкага 1830 йилда асос солинган бўлиб, у дастлаб Акмолинск деб аталган. 1961 йилда эса бу ҳудуд Целиноград номини олган. 1992-1998 йилларда шаҳар номи Оқмола деб аталган. 1997 йилда Нурсултон Назарбоев пойтахтни Олма-отадан Оқмолага кўчирган, бир йил ўтиб шаҳарга Остона (қозоқ тилида пойтахт) номи берилган.

alt

20 март куни Тўқаевнинг ўрнига Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева Сенат спикери (раиси) сифатида сайланган.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *