Ислом Каримов ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари билан учрашди

апр 14 / 2016

alt

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг ўн беш йиллик фаолияти давомида нуфузли ва самарали халқаро ташкилот сифатида мустаҳкам қарор топганини, унинг фаолияти тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ШҲТга аъзо давлатларнинг изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш соҳасида ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар олдида турган умумий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг ташкилотга жорий раислиги даврида аъзо давлатларнинг биргаликдаги ҳаракатлари билан ШҲТ доирасида, авваламбор, ҳозирги кундаги хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасида кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтадиган навбатдаги юбилей йиғилиши ҳар томонлама мазмунли ва самарали бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ҳудудида терроризм, экстремизм ва сепаратизм кўринишлари, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш борасида муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳам алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади.

Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон делегациялари раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг Тошкентда ўтказилган ўн биринчи йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикр билдирди, самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этди.

ЎзА

  • Мехмон
    15 апрел 2016, 09:17

    Энг зўри ҳам узингизда бобо! Сизга етадигани йўқ. Сиз буюк Амир Темур сингари бутун дунёни тан олдирган инсонсиз! Биз Сиз билан ФАХРЛАНАМИЗ!

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *