Хорижлик мутахассисларга 60 минг доллардан кам бўлмаган иш ҳақи белгиланди

ноя 14 / 2018

alt

Ўзбекистонда юқори малакали мутахассислар, деб халқаро рейтингда биринчи 1000 таликка кирадиган олий таълим муассасаларини битирган, мутахассислиги бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга чет эл фуқаролари тан олинадиган бўлди. Уларга йилига 60 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган суммада иш ҳақи белгиланади. Бу Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Малакали мутахассислар, деганда эса олий маълумотли, мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш тажрибасига эга чет эл фуқаролари тушунилади. Уларнинг йиллик ойлик маоши миқдори камида 30 минг АҚШ долларини ташкил этиши мумкин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдиновнинг сўзларига кўра, бу мутахассислар кўп марталик меҳнат визасини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Виза муддати тугаган тақдирда Ўзбекистон ҳудудидан чиқмасдан туриб, виза учун қайта мурожаат қилишлари мумкин. Уларнинг оила аъзоларига ҳам яшашлари учун тегишли виза ҳужжатлари расмийлаштирилади. Юқори малакали хорижий мутахассис жалб қилинган корхонада ишлай олмаса, унга 30 кун ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошқа корхона топиб, ўша ерда ишлашига имкон берилади.

Ҳужжатда хорижлик малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини олиб бориши ва инвестицияларни жалб этиши учун яна кўплаб имтиёзлар белгиланган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *