Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан Коронавирус пандемиясига қарши самарали курашишда ҳамкорлик қилиш масаласини гаплашди

мар 18 / 2020
alt
Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
 
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало савдо-иқтисодий, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида кенгайтириш масалаларини батафсил муҳокама қилдилар.
 
Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
 
Коронавирус пандемиясига қарши самарали курашишни таъминлаш ва унинг икки томонлама алоқаларга салбий таъсирини олдини олиш мақсадида ҳукуматлар даражасида самарали ҳамкорлик қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Мулоқот сўнгида Президентлар бир-бирини ҳамда қардош Ўзбекистон ва Туркманистон халқларини кириб келаётган баҳор, бахт-саодат ва янгиланиш айёми - Наврўз билан самимий қутладилар.
 
Ушбу файзли байрам асрлар оша мустаҳкам дўстлик, тарихи ва маданияти муштараклиги, тили, анъана ва урф-одатлари ўхшашлиги билан чамбарчас боғланган халқларимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисми экани қайд этилди.
 
Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик, эзгулик ва фаровонлик тилади. Бугунги мушкул даврда Туркманистон ҳар томонлама кўмаклашишига ва янги хавф-хатарларни биргаликда бартараф этишга тайёр экани алоҳида таъкидланди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *