Екатеринбургдаги Ўзбекистон консулхонаси 200 кишини ватанга қайтаришда ёрдам кўрсатди

фев 06 / 2019

alt

Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси томонидан сўнгги икки ярим ой давомида 200 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш учун ҳужжатлар тайёрлашда ёрдам кўрсатилди. Консулхона 13 ноябрь куни расман ўз фаолиятини бошлаганди.
 
Уч маротаба Челябинск вилоятида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг сайёр қабули амалга оширилди ва уларнинг муаммоларини ҳал қилишда кўмак кўрсатилди. Тўғридан-тўғри ва интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали 1000 дан ортиқ фуқароларга консуллик ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат берилди, деб хабар қилади Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
 
Ушбу давр мобайнида турли даражалардаги Ўзбекистон делегацияларининг Свердловск ва Челябинск вилоятларига ташрифлари, шунингдек, Урал федерал округидан делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифлари ўтказилди.
 
Уларнинг натижаларига кўра, қуйидаги келишувларга эришилди:
 
- Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Онкологик марказ ўртасида тиббиёт ходимларининг ушбу Марказда амалиёт ўташи, шунингдек, Ўзбекистон ва Россияда икки давлат онкологик докторларининг жаррохлик операцияларида иштирок этиши тўғрисида келишув;
 
- Наманган давлат университети ва Урал давлат тиббиёт университети ўртасида НДУ базасида қўшма тиббиёт факультетини очиш тўғрисида келишув. Унга мувофиқ, ўзбекистонлик талабалар дастлабки икки йил давомида Наманганда, қолган 4 йилда эса Екатеринбургда таҳсил оладилар, таълим якунида иккита диплом берилади;
 
- Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Челябинск вилоятининг Юрак-қон томир федерал жарроҳлик маркази ўртасида наманганлик шифокорларининг Челябинскда амалиёт ўташлари тўғрисида келишув.
 
Урал федерал округи (Свердловск, Челябинск, Тюмен, Курган вилоятлари, Ямало-Ненетск ва Ханти-Мансийск автоном округлари) ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари консуллик-ҳуқуқий кўмак олишлари учун Бош консулхонага мурожаат қилишлари сўралади.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *