2019 йилда Жанубий Корея Президенти Ўзбекистонга келиши кутилмоқда

ноя 08 / 2018

– Жанубий Корея Президенти ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкентда 29-30 ноябрь кунлари Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Шимолий иқтисодий сиёсат қўмитаси ва Ханьянг университети билан Ўзбекистон-Корея: семинари ўтказилади

alt

2019 йилда Ўзбекистонга Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Сеулда ўтган “Корея-Осиё 2018 форуми” халқаро анжуманида маълум қилди.

Норовнинг айтишича, Жанубий Корея Президенти ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкентда 29-30 ноябрь кунлари Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Шимолий иқтисодий сиёсат қўмитаси ва Ханьянг университети билан Ўзбекистон-Корея: семинари ўтказилади.

“Тошкент ва Сеул ўртасидаги сиёсий ишонч ва ўзаро тушунишнинг юқори экани келгусида ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил ноябрь ойида Корея Республикасига қилган давлат ташрифи стратегик шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш ва иқтисодий ва сармоявий соҳаларда 10 миллиард доллардан зиёд шартномалар имзоланган Қўшма баёнотнинг қабул қилиниши халқаро кузатувчиларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди.

Худди шу сабаб билан мамлакатимизда Корея Президентининг Ўзбекистонга жавоб ташрифини энг юқори даражада ташкиллаштириш бўйича барча зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда”, дея Норовнинг баёнотидан келтиради СМТИ матбуот хизмати.

Ноябрь ойи охирида ташкил қилинадиган семинар давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябр ойида Жанубий Кореяга давлат ташрифини амалга оширганди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *