Улуғбек Тожибаевич: «Учувчи бўлишни истаган ёшлар унинг машаққатларига тайёр туришлари керак»

мар 24 / 2019

АСЛИДА ЭСА... 

alt

Учувчилик касбига бўлган илк ҳавас

Мен Ишмахамедов Улуғбек Тожибаевич 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилганман. Оилада тонгич фарзандман, тўртта синглим бор. Отам учувчи бўлган, ҳозирги кунда нафақада. Мактабда ўкиб юрган пайтларимда дадамнинг ишга учувчи формасини кийиб кетаётганлигини кўриб, “катта бўлсам, мен ҳам учувчи бўламан”, дея ҳавас қилардим.

alt

Тошкентдаги 70-ўрта мактабни тамомлагач, 1996 йил учувчилар тайёрлаш билим юртига ҳужжатларимни топширдим. Аммо ўша йили мен билим юртига киролмаганман ва вақтинчалик бошқа таёргарлик курсларда ўқиганман. Шунга қарамай, учувчиликка бўлган қизиқиш мени 1997 йилда яна бир бор омадимни синаб кўришга ундади. Шу йили мен Ульяновск номли фуқаролик авиация билим юртига ўқишга кириб, у ерда 5 йил ўқидим. Ўқиш аввалига менга анча қийин бўлди. Чунки мен ўзбек тили мактабини тамомлаганман. У ерда эса ўқиш рус тилида бўлиб, махсус фанлардаги терминлар асосан қийинчилик туғдирарди. Буни енгиш учун мен кўпроқ дарс қилиб, ўз устимда ишлардим. Иккинчи  курсга ўтиб, ўқиш мен учун анча енгиллашди ва учинчи курсдаги таълим мен учун умуман қийинчилик туғдирмади. Айнан учинчи курсда бизда амалиёт ва илк парвозлар бошланди.

alt

Илк парвоз...

Илк парвоз қилган самолётим бу — ЯК-18 Т бўлиб, у бир моторлик ўқув-машқ самолёти эди. Кейинчалик, тўртинчи курсда биз ЯК-40 самолётини ўргана бошладик. Шундай қилиб, 2002 йилда билим юртини аъло баҳога тамомладим. Шу йили Тошкентга келиб, "ЎЗБЕКИСТАН ҲАВО ЙЎЛЛАРИ" миллий авиакомпаниясида, ЯК-40 самолётида иккинчи учувчи бўлиб фаолият юрита бошладим.

alt

Орадан кўп вақт ўтмай 2004 йилда мен Британияда ишлаб чиқарилган RJ-85 самолётига ўқидим. Бу самолётда 2010 йилгача парвоз қилдим. 2010 да давлатимиз ташаббуси билан AIRBUS концернида ишлаб чиқарилган А320 русумли самолёт сотиб олина бошланди. Шу йили бизларни Франциянинг Тулуза шаҳрига ўқишга юборишди. У ерни ўқишни тамомлагач, мен иккинчи учувчи сифатида ушбу А320 самолётини бошқардим.

alt

2013 йилда эса А320 самолётининг капитани этиб тайинландим. 2016 йилда авиакомпаниямизга давлатимиз томонидан BOEING компаниясининг BOEING 787 DREAM LINER  самолёти сотиб олинди. Сўнг ушбу самолётни ўқиш учун Шанхай шаҳрининг Боинг ўқув марказига бордик. Ҳозирги кунда мазкур самолётнинг капитани сифатида парвоз қилиб келяпман.

BOEING 787 DREAM LINER ҳозирги, охирги техник кўрсаткичларга эга бўлиб, уни яратишда энг сўнгги технологиялар қўлланилган. Мазкур самолётда йўловчилар ва учувчилар учун қулайликлар жуда ҳам кўп. Самолёт анча узоқ масофаларга учишга мўлжалланган бўлиб, унда йўловчилар толиқмасдан ўз манзилларига етиб борадилар.

alt

BOEING 787 DREAM LINER самолёти билан ТОШКЕНТ-НЬЮ-ЙОРК йўналишидаги узлуксиз парвоз орқали йўловчилар тўғридан тўғри НЬЮ-ЙОРК шаҳрига тахминан 13 соат давомида учиб борадилар. Ҳозирга келиб, шундай парвозлар ҳафтасига 3 марта бажарилмоқда. Бундай парвозлар авиакомпаниямиз тарихида ҳали бўлмаган. 2019 йили шу самолётдан яна иккитаси авиакомпаниямизга олиб келинади. Яқинда давлатимиз томонидан яна А320 самолётининг янги A320 NEO модели сотиб олинди. Яна авиапарк кенгайиши ҳам давом этмоқда.

Илк бошқарувдаги қўрқув: “Қўрқув ҳиссини йўқотган пилот пилот эмас”

Илк бор ЯК-18Т самолётида учганимда тўғрисини айтсам, менда бир оз қўрқув бўлган. Чунки биринчи бор бошқарувда ўтирганим учун, майдонига чиққач қаттиқ ҳаяжон босган ва тезлик олиб, ердан узилган пайтда юрагим худди аттракционда бўладигандек дуккиллаб урган.

Ердан узоқлашган сари мендаги ҳаяжон ортиб борарди. Шунда мендан устозим қўрқдингми, деб сўраган. Мен “ҳа, сал қўрқдим” десам, устозим “қўрқув ҳиссини йўқотган пилот пилот эмас” деган...

"Авиацияда камчиликлар бўлиши мумкин эмас!"

Касбим давомида камчилик ва хатоликларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Чунки ҳар бир йўл қўйилган кичик хато катта муаммога айланади. Шу боис, рус миллатига мансуб учувчилар орасида "Авиацияда камчиликлар бўлиши мумкин эмас!" дея айтилган гап бежизга эмас.

alt

Асосий вақтим сафарда ўтади. Шунинг учун бўш вақтим топилганда асосан уни оила азоларимга ажратаман. Фарзандларимни ўзим мактабга, боғчага олиб бориб қўяман, дарсларни улар билан биргаликда таёрлаймиз,  оилавий дам олиш масканларига борамиз. Ҳар бир парвоз ўзгача бўлиб,  бундай вақтларда турли эсда қоларли воқеалар ҳам содир бўлиб туради.

alt

alt

Бир гал 320 самолётида Тошкент-Баку йуналишида қизиқ воқеа юз берган.  Самолёт Баку аэропортига келиб қўнгач, "Бизнинг самолётимиз Баку шаҳрининг аэропортига келиб қўнди" дейилган эълондан сўнг, бир аёл ўрнидан туриб “Қанақа Баку, Домодедово Москва” деб юборган. Маълум бўлишича, у Москвага кетаётган бўлган...

“Ҳамма тундаги ширин уйқудалигида, биз самода, хизмат сафарида бўламиз”

Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққатлари бўлгани каби, албатта учувчилик касбининг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Масалан ҳамма тундаги ширин уйқудалигида, биз самода, хизмат сафарида бўламиз. Парвоз давомида турли ноқулай об-ҳаво шароитларига дуч келамиз. Ёки баъзида техник носозликлар ҳам содир бўлиб туради, айрим ҳолларда эса йўловчиларнинг тўсатдан соғлиги ёмонлашиб қолади. Шунинг учун парвоз вақтида учувчиларнинг масъулияти жуда катта. Учувчи йўловчиларни ўз манзилларига соғ-саломат етказиб қўйиши керак.

alt

alt

Шу касбни танламоқчи бўлган ёшлар, аввало ана шу масъулиятли вазифаларга руҳан тайёр бўлишлари керак. Қолаверса, бу соҳани эгаллагач, у билан оғлиқ ҳар бир ишга жиддий ёндашиш керак. Аниқ фанлар, физика ва математикани яхши ўзлаштириш лозим. Чунки авиация конунларининг ҳаммаси физика қонунларидан келиб чиқади. Шунингдек, ҳозирги кунда  инглиз тилига катта этибор бериляпти. Бизнинг касбда бу тилни ўзлаштириш кераклиги  асосий ўринда туради.

             

   Моҳичеҳра Эшмирзаева ёзиб олди

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *