Си Цзиньпин: "Сиёсий ўзаро ишонч – бу Хитой – Ўзбекистон муносабатларини самарали ривожлантиришнинг кафолатидир"

июн 23 / 2016

alt

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин:

"Мен гўзал Ўзбекистонга илк бор 2013 йилнинг сентябр ойида ташриф буюрдим ва ўшанда бу мамлакатнинг сўлим табиати, кўп асрлик тарихи ва маданияти, меҳнатсевар ва истеъдодли халқи менда унутилмас таассурот қолдирди.

Ҳаётнинг тароватли, қайноқ ёз кунларида Президент Ислом Каримов таклифига биноан Ўзбекистонга яна ташриф буюриб, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда бўладиган ва кўплаб масалалар муҳокама этилиши кутилаётган саммитида иштирок этаман.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик қудратли давлат. Хитой Ўзбекистон билан муносабатларга доимо стратегик ва истиқбол нуқтаи назаридан қарайди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Хитой биринчилардан бўлиб у билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. 24 йил давомида давр синовларидан ўтган, халқаро майдондаги хавф-хатарларга бардош берган Хитой ва Ўзбекистон муносабатларида барқарор тараққиёт суръатлари изчил давом этмоқда. Томонлар ҳар икки мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига дахлдор масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаб, барча соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Президент Ислом Каримов билан 2013 йилдан буён турли шаклларда музокара, учрашув, телефон орқали мулоқотлар, мактублар орқали яқин амалий ҳамкорлик ва мустаҳкам шахсий дўстлик алоқаларини ўрнатганмиз. Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ва бошқа кўплаб муҳим ҳужжатлар имзолангани самарасида ўзаро муносабатларнинг сиёсий ҳамда шартномавий-ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди. Мамлакатларимиз Ипак йўли иқтисодий йўналишини биргаликда ташкил этишни қўллаб-қувватламоқда, муносабатларимизни изчил кенгайтириш ва амалий мазмун билан бойитишга интилмоқда, ҳамкорликнинг янги имкониятларини топмоқда, халқаро масалалар ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро ҳамжиҳатлик мустаҳкамланмоқда. Хитой билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлик кўлами мунтазам кенгайиб, сифати ортмоқда. Икки томонлама муносабатларимизни жадал ривожлантиришнинг олтин асри бошланди.

Айни пайтда Хитойнинг Ипак йўли иқтисодий йўналишини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари ва устувор лойиҳаларни белгилаш ва илгари суришга қаратилган. Хитой Ўзбекистоннинг Осиё инфратузилмавий инвестиция банкининг дастлабки таъсисчиларидан бири эканини юксак қадрлайди.

Хитой маълумотларига кўра, 2015 йилда Хитой билан Ўзбекистоннинг ўзаро савдо ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу кўрсаткич дипломатик муносабатлар ўрнатилган дастлабки йилларга нисбатан 70 баробардан кўпроқ ўсган. Мана, уч йилдирки, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик инвестори ва иккинчи йирик савдо шериги бўлиб келмоқда. «Хитой - Марказий Осиё» газ қувурининг тўрт тармоғи ҳам Ўзбекистон ҳудудидан ўтган. Шу йилнинг февраль ойида Хитой билан Марказий Осиё ўртасидаги транспорт йўлагининг янги бўғини бўлган Ангрен - Поп темир йўл линиясининг Марказий Осиёдаги энг узун туннели қурилиши ниҳоясига етди. Мамлакатларимиз Хитой Қирғизистон Ўзбекистон темир йўл магистралини барпо этишни қўллаб-қувватлайди. Шина заводи, поливинилхлорид ва сода заводи бўйича лойиҳалар биргаликда амалга оширилди, пахтани қайта ишлашга доир ҳамкорлик йўлга қўйилди. Саноат соҳасида қоплама ғишт, смартфон ишлаб чиқариш, терига ишлов бериш ва поябзал тайёрлаш бўйича лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Сиёсий жиҳатдан ўзаро ишонч ва ёрдамни мустаҳкамлашимиз лозим. Қадимги хитой мутаффакири Конфуций айтганидек: «Дўстлар билан мулоқот қилишда ўз сўзида турмоқ керак». Сиёсий ўзаро ишонч бу Хитой Ўзбекистон муносабатларини самарали ривожлантиришнинг кафолатидир. Мамлакатларимиз ҳар доимгидек, томонларнинг давлат суверенитети, хавфсизлик ва тараққиёт каби муҳим манфаатларига тааллуқли масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлайди. Хитой Ўзбекистон ўзи танлаган ва мамлакатдаги реал шароитларга мос келадиган мустақил тараққиёт йўлини изчил қўллаб-қувватлайди, Ўзбекистоннинг ички барқарорлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларига ҳурмат билан қарайди, Ўзбекистоннинг ички ишларига ташқаридан аралашувларга қаршидир.
Биз ўзаро манфаатли асосда Ипак йўли иқтисодий йўналишини биргаликда шакллантиришимиз зарур. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик қаторида нохомашё соҳадаги ҳамкорликни ҳам кенгайтириш, савдо-иқтисодий тузилмани яхшилаш, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар учун қулай шароитлар яратиш лозим. Бу борада ўзаро манфаатли янги йўналишларни топиш, иқтисодиётда, авваламбор, юқори технологияли тармоқларда ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш ва ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш даркор.
Умумий, комплекс, кооператив ва барқарор хавфсизлик концепциясини ҳаётга татбиқ этишимиз, икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва махсус хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз зарур. Шунингдек, вазиятни таҳлил қилиш ва ахборот алмашишни кучайтириш, «уч ёвуз куч», наркотрафик ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишларига қарши қатъий курашиш, минтақада барқарор ривожланиш учун хавфсиз муҳит яратиш ва мамлакатларимиз халқлари ҳаёти ҳамда мулки хавфсизлигини таъминлаш муҳимдир.

Халқаро масалалар юзасидан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз, БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришни чуқурлаштиришимиз зарур. Халқаро миқёсдаги амалий ташаббусларимизни қатъий қўллаб-қувватлаб, глобал иқтисодий бошқарув, энергетика хавфсизлиги, сув ресурслари каби жаҳон миқёсидаги масалалар бўйича, шунингдек, минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар, чунончи, Афғонистон, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вазият юзасидан ўз вақтида фикр алмашиш, мамлакатларимизнинг стратегик манфаатларини биргаликда ҳимоя қилишимиз керак. Хитой халқаро масалаларда Ўзбекистоннинг роли ва ўрнини кучайтиришни қўллаб-қувватлайди.

Ташрифдан ташқари, яна бир муҳим дастур ШҲТнинг Тошкент саммитида иштирок этаман. ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллигини нишонлаш нуқтаи назаридан, бўлажак саммит ташкилотни ривожлантириш тажрибасини умумлаштириш ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини кўриб чиқиш учун алоҳида аҳамият касб этади. ШҲТ 15 йилдан буён ўзаро ишонч ва манфаат, тенглик, маслаҳатлашиш, маданиятлар ва цивилизациялар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, биргаликда ривожланишга интилишни ўзида мужассам этган «Шанхай руҳи»ни ҳаётга жорий этиб келмоқда. Ташкилот очиқлик, бағрикенглик, ҳамкорлик ва умумий манфаат асосида янги кўринишдаги халқаро муносабатларни шакллантириш тарафдори бўлган ва шундай бўлиб келмоқда, минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича Шанхай конвенцияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг чегара масалалари бўйича ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги тўғрисидаги шартноманинг тузилиши ҳамда амалга оширилиши трансчегаравий жиноятчилик, террористик ва экстремистик гуруҳлар фаолиятига барҳам бериш ва шу тариқа ташкилотга аъзо давлатлар олдида турган хавфсизликка раҳна соладиган таҳдидларга қарши самарали курашиш имконини бермоқда. ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ташкилотга аъзо давлатларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашмоқда ва бунинг самарасида яқин қўшничилик, дўстлик ҳамда ўзаро манфаатдорлик ғояси халқларимиз қалбига янада чуқур сингиб бормоқда. ШҲТни кенгайтириш бошланганидан буён унга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатлар сафи кенгайиб бормоқда. У географик жиҳатдан Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Жануби-шарқий Осиёни қамраб олмоқда. ШҲТ доирасида ҳамкорлик қилиш имконияти тобора кенгайиб, унинг роли ва таъсири муттасил ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ШҲТга раислиги даврида ташкилот доирасида барча йўналишларда ҳамкорликни изчил ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлашни истардим. Хитой Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар билан баргаликда янги босқич сифатида Тошкент саммитидан бошлаб ШҲТнинг минтақамиз ва халқларимиз манфаати йўлидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга тайёр.

Хитой билан Ўзбекистоннинг серқирра ҳамкорлиги барча соҳаларда юксак самаралар бермоқда. Бундай ҳамкорлик икки мамлакат халқига ҳам фойда келтириб, улар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Қатъий айтиш мумкинки, Хитой ва Ўзбекистон миллий тараққиёт ва юксалиш йўлида бундан кейин ҳам изчил ҳамкорликни давом эттиради, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин, янги саҳифаларини очаверади".

 

Жаҳон АА

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *