Сел хавфи юзага келганда қандай ҳаракатланиш лозим ?

мая 26 / 2016

alt

Табиий офат деганда кўз олдимизга сув тошқини, зилзила каби нохуш, даҳшатли оқибатларга олиб келадиган балойи азим ҳодисалар келади. Халқимиз тилида “Ўт балосидан, сув балосидан асрасин”, деган ўтинчли иборанинг дам-бадам такрорланиши ҳам бежиз эмас. Айниқса, сел дея аталмиш табиий офат йирик ҳудудларни вайрон этиб, ҳам мамлакат иқтисодиётига, ҳам халқ хўжалигига катта миқдорда зарар етказади. Энг ёмони, бу ҳодиса инсон ҳаёти учун ҳам катта хавф туғдиради.

Бу йилги баҳор мавсуми серёғин келди. Шунга кўра шиддатли баҳор жалалари туфайли тоғ, тоғолди ҳудудларида сел  ва сув тошқини юз бериши эҳтимоли юқори бўлаяпти. Хўш, сел ва сув тошқини ўзи нима? Уларнинг олдини олиш мушкулдир, лекин хуружи вақтида нималарга риоя қилиш керак?

Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар  бошқармаси Аҳолини ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш маркази 1-тоифали мутахассиси Илҳом  Муқимов бу ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

Дарёларда иқлим омиллари таъсири, хусусан, қор эриши ва жала билан боғлиқ мавсумий сув кўпайишлари рўй бериб туради. Айрим ҳолларда бундай тошқинлар табиий офатга айланиб кетиши мумкин. Одатда, қор ва музликларнинг эриши, узоқ вақт давомида ёмғир ёғиши, дарё ўзанларининг муз парчалари билан тўсилиб қолиши, тўғонларнинг бузилиши сув тошқинига сабаб бўлади. Сув тошқинларини тўрт гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Паст сув тошқинлари. Улар текислик дарёларида 5-10 йилда бир марта кузатилади. Бундай сув тошқини юз берганида қирғоқ яқинидаги дала майдонлари сув остида қолади. Халқ хўжалигига унча катта бўлмаган моддий зарар етади ва аҳолининг ҳаёт фаолияти бузилмайди.

2. Юқори сув тошқинлари. Бундай тошқин ҳар 20-25 йилда бир марта юз бериб, натижада дарё водийларининг анчагина катта майдонини сув босади. Баъзи ҳолларда одамларни хавфсиз жойларга кўчиришга тўғри келади. Бундай тошқин анчагина сезиларли моддий зарар етказади.

3. Таниқли сув тошқинлари. Улар ҳар 50-100 йилда бир марта юз беради. Дарё ҳавзаларини қамраб олади, хўжалик фаолияти тўхтаб қолади, жиддий моддий зарар етказади. Аҳолини оммавий кўчиришга тўғри келади.

4. Ҳалокатли сув тошқинлари. Бундай офат ҳар 100-200 йилда бир марта юз беради. Ҳаёт тарзи бутунлай ўзгаради. Бундай сув тошқинлари кўплаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади, муҳим хўжалик объектларини муҳофаза қилиш учун махсус тадбирларни ўтказишга тўғри келади.

Сел – сувнинг механик фаолиятидан юзага келадиган  мураккаб жараён бўлиб, турли омилларнинг (иқлим, гидрологик,  геоморфологик ва  бошқалар) ўзаро таъсири натижасида вужудга келади. Унинг тарқалишида маҳаллий шароит алоҳида  ўрин эгаллайди. Сел вужудга келадиган ёки содир бўлиш эҳтимоли  юқори  бўлган жойлар сел  ўчоғи деб юритилади. Сел ўчоғи пайдо бўлишининг  асосий кўрсаткичи гидрометеорологик шароит  ҳисобланади. Узоқ муддатли жала ёғиши  ва  музликларнинг  қисқа  муддатда кучли эриши оқибатида дарё ўзанларидаги сув миқдори кескин  кўпайиб кетади. Натижада сув билан аралашган (қум, шағал, дағал бўлакли жинслар) кучли оқим пайдо бўлади. Селнинг пайдо бўлишида жойнинг  геоморфологик тузилиши ва чўкинди жинслар миқдори ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Республикамизнинг тоғ олди ҳудудлари ва унга туташ текисликларида кўп ёмғир ёғиши натижасида пайдо бўладиган селлар кўпроқ юз беради. Йирик қор ва музлик қатламлари тарқалган тоғли ҳудудда эса уюрмали тури кўпроқ учрайди. Селнинг жалали тури аҳоли ва ҳудудларга катта хавф солиб, кўп миқдорда иқтисодий зарар етказади.

Сел оқимлари ҳаракатланишига кўра турбулент ва структурали  турларга бўлинади. Турбулент сел ўзан  бўйлаб, дарё ва сойлардаги  сув миқдори ортиб кетиши натижасида оқим  ҳаракати қонунига мувофиқ водий  йўналиши бўйича ҳаракатланади. Структурали сел майдон бўйлаб, турли тош бўлакларининг  бутун  ёнбағир  бўйича ёппасига бостириб келиши натижасида содир бўлади.

Республикамизнинг сел хавфи бор жойларидаги аҳолини хавфсиз жойларга ўтказиш бўйича  Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Бошгидромет” хизмати ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ходимлари ҳудудлардаги маҳаллий ҳукумат органлари раҳбарлари билан биргаликда махсус дастурлар асосида тадбирлар олиб боради. 

Хавфли жойларда жойлашган  аҳолининг тўғри ҳаракат қилишида, айниқса кўчки ва сел оқимлари  бўладиган ҳудудларда, хавф туғдирадиган омилларни ўз вақтида аниқлаш, қайд этиш ва бундан аҳолини хабардор қилиш тадбирлари муҳим ўринни  эгаллайди.

Сел ҳосил бўлишида иштирок этувчи омилларнинг анча кўплиги уни ўз вақтида прогнозлашни қийинлаштириб юборади. Шунга қарамай, сел мавсумининг бошланиш вақтини олдиндан айтиш мумкин. Бу тахминий ахборотга кўра, сел келиш хавфи юқори бўлган жойларда селдан ҳимояланиш учун махсус деворлар, селтутқичлар, дамбалар ва бошқа муҳофаза иншоотлари қурилади. Сел хавфи бор жойлардаги аҳоли ўн дақиқа мобайнида, кўпи  билан 1-2 соат ичида огоҳлантирилиши  керак. Одатда, дарё ва сой  сувининг тошиб кетиши, уларнинг юқори қисмида юз берадиган кучли гумбурлаш, оқимдаги йирик тошларнинг бир-бирига урилиши натижасида ваҳимали  ҳолат юзага келади. Сел хавфи бор жойлардаги дарё ўзанлари, сув омборлари, каналлар қирғоқларини мустаҳкамлаш зарур, бундай иншоотлар бўлмаган жойларда сел оқими тузоқлари ёки оқимни аҳолига зарари тегмайдиган жойларга  йўналтирувчи  тармоқлар  қуриш  лозим.

“Сердарахт  қишлоқни  сел  олмас”, деган  доно нақлга  амал  қилинса, ҳар қандай ёғингарчилик бўлса-да, сел  оқими таркибида чўкинди жинслар мутлақо бўлмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктларида сел йўналиши бўйлаб дарахтлар экилиб, ихотазорлар ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади.

Кунлар исиши билан тоғ ёнбағирларига саёҳат қилувчилар сони ошади. Хавфсизликни таъминлаш учун табиий офат чоғида қандай ҳаракатланишни билиб қўйиш шарт. Аввало, ёғингарчилик кўп бўлган кезларда табиат қўйнида дам олишни четга суриб турган маъқул. Сел хавфи юқори бўлган жойларда яшовчилар эса қуйидагиларни билишлари шарт.

Ҳар бир фуқаро уйи, иш жойи сел ҳаракати зонасида жойлашган ёки жойлашмаганини билиши керак. Сел оқимлари таъсирида рўй бериши мумкин бўлган асосий хавф бино ва иншоотларнинг емирилиши ва сув остида қолиши, одамларнинг ҳалок бўлишидир. Бундан ташқари, кучли сув оқими электр тармоқлари, газ, сув билан таъминлаш ва канализация тизимини ишдан чиқариши, натижада ёнғин чиқиш ва заҳарланиш хавфи юзага келиши мумкин. Ёғингарчилик  ўтиб кетганидан сўнг ҳам тоғ водийларига тушишга ҳеч вақт шошилиш керак эмас, чунки биринчи сел оқимидан сўнг кейингилари такрорланиши эҳтимоли бор. Одатда, сел оқимларининг даврийлиги 3-5 соатча давом этади.

Сел оқимидан фақат қочиб қутулиш мумкин. Шунинг учун огоҳлантириш олинганида ёки хавф сезилганида зудлик билан хавфсиз жойларга кўчиб ўтиш керак. Бундай шароитда огоҳлантириш учун  жуда  қисқа -  20-30 дақиқа вақт берилишини  ёдда  тутиш лозим.

Сел оқимидан қочиб қутулиш имкони бўлмаса, баланд қоя, дарахт ёки баландроқ  жойга чиқиб олишга ҳаракат қилиш керак.

Сел оқимлари ўтгандан сўнг девор ва тўсиқларнинг, газ, электр ва сув билан таъминлаш тизимининг ҳолатини албатта синчиклаб текшириш керак.

 

 

Манба: "Қашқадарё" газетаси

  • Мехмон
    27 мая 2016, 15:16

    Расм Ургут ку

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *