Ойбек Қосимов: "Оксана Чусовитина жаҳон спорт гимнастикасида янги саҳифа очди"

апр 19 / 2016

alt

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб Оммавий ахборот воситаларида спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Оксана Чусовитинани еттинчи бор Олимпиада ўйинларида қатнашиш бахтига муяссар бўлганлиги асосий мавзулардан бирига айланган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки шу кунга қадар спорт гимнастикаси тарихида ҳеч бир спортчига Олимпиада ўйинларида етти бор қатнашиш бахти насиб этмаган эди (шу кунга қадар болгариялик Йордан Йовчев эркаклар ўртасида 6 маротаба Олимпиада ўйинларида қатнашган ва ушбу спортчи тўрт йилликнинг энг йирик мусобақасида қатнашиш борасида Оксана билан пешқадамлик қилишаётган эди). 

Спортчимиз жорий йилнинг 19 июнь санасида 41 ёшини қаршилайди ва у инсон имкониятлари чексиз эканлигини амалда яна бир бора исботлади. Унинг навбатдаги муваффақияти ҳақида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Бош котиби Ойбек Қосимов ўз фикрларини қуйидагича баён этди: 

“Оксана иродали, мақсад сари интилувчан спортчи эканлигини дунё аҳлига яна бир бора намоён этиб, жаҳон спорт гимнастикаси тарихида янги саҳифа очди. Спортнинг айрим турларида бу ёшда маълум бир ютуқларга эришиш мумкиндир, бироқ спорт гимнастикасида бундай кўрсаткичга эришиш ҳақиқий қаҳрамонликдир. Оксананинг энг катта ютуғи аввало туғилиб ўсган она Ватанига, шунингдек, севган касбига бўлган садоқати деб биламан. Тажрибали спортчимиз инсон ўз мақсади йўлида ҳар қандай қийинчиликларни мардонавор енга олса, албатта, юксак марраларни забт эта олиши мумкинлигини яна бир бора исботлади. Унинг навбатдаги муваффақияти барча юртдошларимиз қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдирди, десам муболаға бўлмайди. Оксананинг ушбу ғалабаси мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида Давлатимиз ва хукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг ёрқин ифодасидир. Шуни ишонч билан айта оламанки, Оксана бугунги кун муваффақияти билан чекланиб қолмайди ва янгидан-янги марралар сари дадил одимлашда давом этаверади. Бу йўлда унга фақат омад ва зафарлар тилаб қоламан”. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати

 

  • Мехмон
    22 апрел 2016, 16:31

    Э отасига рахматей!!!

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *