Олимпиада совриндорлари: "Медалимизни Президентимизнинг кўксига тақмоқчи эдик"

сен 08 / 2016

alt

Юртдошларимиз мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, бу буюк инсон ишлаб чиққан узоқ йилларга мўлжалланган дастурларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиш, бу ғояларга содиқ бўлиш ҳақида қалб сўзларини билдирмоқда. 

 Шаҳобиддин Зоиров, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби: 

- Президентимиз ёшлар билан учрашганда ҳар бирини бағрига босиб, уларнинг буюк келажак барпо этишига ишонишини таъкидларди. Ҳа, Президентимиз биз, ёшларга худди, ота фарзандига, бобо неварасига ишонгандек ишонарди. 

Биз, ёшлар ҳам Юртбошимизга суянардик, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳар бир айтган сўзи, ҳар бир иши бизни руҳлантирар эди. Ана шундай меҳр ва эътибор туфайли ўзбек ёшлари дунё майдонига чиқди, кўксини кериб, дунёнинг манаман деган давлати спортчилари билан тенгма-тенг беллашишга қодир эканини исботлади. 

XXXI ёзги Олимпиада олтин медалини қўлга киритдим. Бу медалимни она Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга бағишладим. Бу ғалабам юксак баҳоланиб, Юртбошимизнинг 2016 йил 24 августдаги фармони билан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирландим. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз ва бунга жавобан кейинги Олимпиадалар ва нуфузли халқаро мусобақаларда ҳам Ватанимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграши учун куч-ғайратимизни аямаймиз. 

 Фазлиддин Ғойибназаров, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби: 

- Президентимиз ҳар бир чиқишида, нутқида ёшларни ўз фарзандидек кўришини айтиб, Ватанни севиш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга даъвати қалбимизда юртга садоқат, мардлик, шижоат туйғуларини жўш урдирар эди. 

Ана шу туйғу мени XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, байроғимизни баланд кўтаришга, мадҳиямизни кўз ёш билан тинглашга ундаган. 

Президентимиз камтарона ютуғимни юксак баҳолаб, 2016 йил 24 августдаги фармони билан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирлади. Афсус, бу мукофотни ўз қўлларидан олиш насиб этмади... 

Биз Президентимиз Ислом Каримовнинг номини, хотирасини қалбимизда мангу сақлаймиз. 

 Шаҳрам Ғиёсов, XXXI ёзги Олимпия ўйинлари совриндори: 
- Ҳар сафар бирор хорижий давлатга мусобақага борганимизда, у ерда узоқ қололмаймиз. Мусобақа тугаши билан жонажон Ўзбекистонимизга шошамиз. Чунки жаннатмонанд Ватанимизда мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган ишлар қилиндики, натижада ўтган йигирма беш йил ичида юртимиз дунёдаги энг тинч-осойишта давлатга айланди, халқимиз бахтли ва фаровон ҳаёт кечирмоқда, орзу-умидларининг рўёбини кўрмоқда. Бунинг учун мустақиллигимиз асосчиси Президентимиз Ислом Каримовдан миннатдормиз. У кишининг хотираси қалбимизда абадий яшайди. 

Президентимиз билан кўришишни болалигимдан орзу қилардим. Телевизорда у кишининг спортчиларни бағрига босиб қўйишини кўрганимда ҳавасим келарди. Шу боис спорт билан жиддий шуғулландим. Мен ҳам чемпион бўлиб, Юртбошимиз билан кўришаман, деб ният қилганман. 

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ярим финалга чиққанимда ҳам медални нақд қилганим учун эмас, ана шу орзуимнинг ушалишини ўйлаб, хурсанд бўлгандим. Олимпиадада медаль олсам, Президентимизнинг кўксига тақиб қўяман, деб ўйлагандим. 

Олимпиадада бизнинг юксак ғалабамиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг дунёдаги энг кучли жамоа, деб эътироф этилиши ҳам Юртбошимизнинг спортчиларга қаратган эътибор ва ғамхўрлиги, яратган кенг шароит ва имкониятлари туфайлидир. 

Юртбошимиз Бразилияда қўлга киритган ютуғимни юксак баҳолаб, 2016 йил 24 августдаги фармони билан мени «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонига муносиб кўрди. 

Биз, ёшлар Президентимизнинг номини абадий қалбимизда сақлаймиз, ҳар доим бу буюк инсоннинг ишончига муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз. 

ЎзА

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram каналида ҳам кузатиб боринг. Каналга ўтиш: https://telegram.me/uz24news_uz

  • Мехмон
    17 сентябр 2016, 14:55

    Шаҳрам сен гарчи олтин медаль олмаган булсанг хам олтин медалдан ортигига лойиксан . Сени куч кудратинг олдида Козогистонлик ракибинг сенга тенг кела олмаслигини билиб , куркканидан кочиб юрди вакт утказиш максадида . Айникса охирги раундда . Мен боксни яхши тушунмайман сизлар фарзандларим тенги болаларсизлар, лекин олимпиадани Узбекистонлик боксчилар ринга чикадиган вактларини кечаси ва кундузи курдим.Биз учун сен олтин медаль олганлар каторидасан.

  • Мехмон
    08 сентябр 2016, 13:45

    эх болалар болалар бундай булишини ким билибди дейсизлар

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *