"Одночи"лар армияси ёхуд ёшлар орасида авж олаётган саводсизлик ҳақида

дек 14 / 2016
alt
 
Кейинги йилларда саводсизлик авж олиб кетди. Айниқса, ёшлар орасида. Бундай саводсиз, дунёқараши тор қатламга “Одночи” деган атама қўлланила бошланди. Боиси, дастлаб “Одноклассники” ижтимоий тармоғи ана шундай саводи ҳаминқадар бўлган навқирон қатламнинг паккасига айланди. “Одночилар” армияси ҳозир барча ижтимоий тармоқларга мўрмалақдек бостириб кирмоқда. Гуруҳлар, саҳифалар очишмоқда. Оҳо, у ердаги хатолар, у ердаги савиянинг даражаси... Мен гапирмай, сиз ўқиманг! Лекин мен гапирмасам, сиз ўқимасангиз бўлмайди.   
Кимга қанақа, билмадим, лекин шундай имловий хатоларни кўрсам, асабим бузилади, жаҳлим чиқади. Ҳатто ўз исм-шарифини тўғри ёза олмайдигани қанча. (Э, ақли расо! Биламан, миянг тўла ғиж-ғиж фикр. Қўйиб берса, отангга маслаҳат берадиган даражадасан. Тилинг бир қарич. Қўлингда сўнгги русумдаги телефон, эгнингдаги кийимларни олиб бергунча отангни чўнтаги шилинган. Ҳеч бўлмаса, шуларни оқла. Ҳеч бўлмаса, ўз исм-шарифингни тўғри ёзишни ўрган!)  
Ҳозирги мактабни битираётган болаларга бир қатор гап ёздирсангиз, камида 4-5 та хато қилади. Хўш, нега шундай? Бошланғич синф ўқитувчиси уларга қандай таълим берган? Дарсига виждонан ёндошиб, ўқувчисига тўғри ёзишни ўргатганми? Ёки тўғри ёзишга мажбур қилганми?  
Биринчи навбатда, бунга бошланғич синф ўқитувчиси айбдор! Вақтида қаттиқ турмаган, саводини кучли назоратга олмаган. Бунинг оқибатини шаклланган “саводсизлар армияси” мисолида кўриб турибмиз. (Ёки буни бошқачароқ талқин қилиш мумкин: Савод ўргатадиган ўқитувчиларнинг ўзи саводсиз! Бошқача хулоса йўқ.)
Ўқитувчилар мендан хафа бўлишмасин! Тўғри, бу ерда тирикчиликка андармон бўлиб қолган ота-оналарнинг ҳам масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги бор. Бироқ энг катта жавобгарликни шахсан сизнинг зиммангизга юклаган бўлардим. Чунки шунинг учун ўқигансиз, шунинг учун ойлик оласиз, шунинг учун сизга ишониб, фарзандларимизни қўлингизга топширамиз. Илтимос, саводсиз шогирдлар етиштиришни бас қилинг!
Менинг биринчи ўқитувчим Иноятхон Алимова бўлганлар. Ҳозир ҳам Риштон туманидаги 39-ўрта мактабда ишлайдилар. Шу инсон савод масаласига қаттиқ қарардилар. Агар дафтаримизда хато кўпайса, “лолазор” учун қўлга ёғоч чизғич билан бир-иккита туширардилар. “О, бу қандай даҳшат, қандай ёввойилик”, деб соч юлишга шошилманг. Боланинг бундай жисмоний жазодан бир жойи камайиб қолмайди. Айбини ҳис қилади. Кейинги сафар хатолар такрорланмаслиги учун кўпроқ машқ қилади, кўпроқ китоб ўқийди, ҳуснихатини тартибга келтиради. Ўшанда ўқитувчим тўғри ҳам қилган эканлар. Бўлмаса, камида “одночи”лар армияси “офицери” бўлишим тайин эди.
Биламан, “Ҳа, энди журналист бўлганингдан кейин тўғри ёзишни билишинг шарт-да”, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Гапингизда жон бор. Бироқ савод масаласи фақат бир касб ва соҳага тааллуқли эмас. Бу ҳаммага бирдек тегишли масала. Савод банк ходимига муҳиммасми? Шифокорга? Ҳуқуқшунос, ҳайдовчига? Ишонинг, савод касбидан қатъий назар, эртага ота-она бўладиган, фарзандининг таълимини, саводини назорат қиладиган ҳар бир одам учун муҳим.
Вақт оқар сувдек ўтиб кетади. Бугун сиз ўтирган мансаб курсисида, сиз ишлаётган жойда ана шу “одночи”лар ярмияси вакили бўлмаслигини кафолатлай олмайсиз. Бу жойларни бир умр сизга боғлаб қўймаган. Бир авлод ўрнини, кейингиси тўлдириб боради. Бу табиий қонуният. Масаланинг оғриқли томони шундаки, кексайганимизда Ватан, миллат тақдири ана шу чаласавод авлод қўлида қолади.  Шунинг учун бу масалага беписанд бўлиш, панжа орасидан қараш керак эмас.
Ҳурматли, ука-сингиллар! Айтган гапларимни оғир олманг! Сиз бундай хатолардан ҳоли бўлсангиз, ўша “армия”нинг вакили бўлмасангиз, унда хурсандман. Эътирозларим айнан ўшаларга. Сиз хаёлни жойга қўйиб, ўқишда, изланишда давом этинг. “Ўшалар” ҳам эртасига бефарқ бўлмаса, қалби “тирик” бўлса, уялиб саводини тўғрилашга интилар...
Тенгдошларга, ота-оналик мақомидаги инсонларга ҳам илтимосим бор: Болаларингизни саводига бефарқ бўлманг. Дафтарини текширишга, бирга дарс тайёрлашга вақт топинг. “Болам эртага кааааатта одам бўлади”, деб хаёл қиласизу, пойдеворини шунга яраша қўймайсиз. Илтимос, “одночи”лар ярмияси”га “аскар” тайёрламанг!
Ҳурматли ўқитувчилар! Биламан, болалар билан ишлаш осон эмас. Лекин бу масъулиятнинг сусайишига баҳона бўлолмайди. Илтимос, асабларимга раҳмингиз келсин! Болаларнинг саводига қаттиқ туринг! Шахсий муаммоларингиз кам эмаслигини, мактабдаги ўқитувчилар “йиғ-йиғ”ларини, асабингизга тегадиган ортиқча ёзув-чизувлар кўплигини ҳам биламан. Шундай бўлса ҳам, эртанги кунни, Ватан тақдирини ўйланг.
 
Скриншотлар:
alt
alt
  • Мехмон
    19 декабр 2016, 11:25

    Мавзу яхши. Лекин хамма айбни ўқитувчига юклаш бу уят. Тўғри ўқитувчилар орасида бор, шундай номига дарс берадиганлари, ҳаммаси ҳам эмас. Ҳозир ўқувчини қўлига уриш тугул, озгина танбеҳ бериб сўкинса, нима бўлади, биласизми? Ўқувчининг ота-онаси дарҳол етиб келиб, ўқитувчини жазолайсан деб, мактаб директоридан талаб қилади. Хатто барча ўқувчилар олдида шарманда қилади, бечора ўқитувчини. Энди ўйлаб кўрингчи, ўқитувчи бундай саводсиз, эркатой, ўзига бино қўйган ўқувчига қандай қилиб тўғри ёзишни ўргансин! Ота-оналар-чи? Улар қаерга қараяпди? Фарзанди мактабдан келгандан кейин дарсларини текшириб назорат қилиш уларнинг зиммасида эмасми? Ота-она фақат тирикчиликни ўйлаб, фарзандини назоратсиз қолдириб юрса бўлади-ю, ўқитувчи уларнинг фарзандини кафилликка олмаган-ку! Болалагимда ота-онам дарсларимизни текшириб, имлоларимизга эътибор берар эди, яхши ёзиб, яхши ўқимасак жазолар эди.Ҳозирги айрим ота-оналар ундай эмас, фақат тирикчиликни ўйлашади. Фарзандини қўлига энг сўнги русумдаги телефонни олиб бериб, ўзини ишларин ўйлаб юраверади. Ота-оналар ҳам 1 соат вақтини фарзандига бағишласа бўлади, балки ота-оналар ҳам саводсиздир. Ким билади? Ўқитувчиларни айблаш осон,айбдорни топиш қийин. Сиз-чи? Фарзандингиз дарсларига эътибор қаратасизми, азиз ота-оналар? Бизга билиб берган Ўқитувчиларни айбламанг, ўртоқ журналист, Сиздан илтимос.

  • Мехмон
    18 декабр 2016, 03:15

    Yaqinda shu mavzu bilan to'qnash keldim . Viloyat markaziga ketayotib yo'l yo'lakay shu mavzu ochilib qoldi. Oldingi o'rindiqda o'tirgan yigit Sh o'rniga w , ch o'rniga 4 , o' o'rniga 6 yozish qulay ekanini aytib qoldi. Men esa bu o'ta ketgan savodsizlik ,o'qituvching ko'rsa nima derdi desam bu yigitcha o'zi kollej o'qituvchisi ekan !

  • Мехмон
    16 декабр 2016, 18:56

    Бу мавзуни кўтариб тўғри қилибсиз, мен жудахам хурсанд бўлдим мавзуингизни ўқиб, чунки бундай мавзу шу кунга қадар кўтарилмаган эди. Мен хам илтимос айтган бўлардим: Азиз Устозлар фарзандларимизни Сизга ишониб мактабга бераяпмиз, Сизлардан илтимос дарсларни сидқи дилдан ўтсангиз, узингизхам излансангиз, ахир фарзандларимизнинг илм олиши, Ватан туйғусини Сизлар берасизлар дарсда, Афсуслар бўлсинки айрим устозлар ўз ишларини ситқи дилдан бажаришмайди ҳамда ўзларихам саводсиз. Ўқитувчилар хар йили аттестациядан ўтишлари керак деб ҳисоблайман.

  • Мехмон
    16 декабр 2016, 17:51

    Qip-qizil jinniku

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *