Миллий терма жамоамиздаги 3 муаммо

апр 11 / 2016

alt

ЖЧ-2018 саралашининг иккинчи босқичи бизга кўп нарса берди. Айнан шу босқичда термамиз кетма-кет ғалаба қозониш борасида рекорд ўрнатди. Самвел Бабаян бош жамоадаги ички муҳитни яхшилай олди ва бу ҳолат натижаларда ҳам ўз аксини топди. Анчайин ишончсизлик билан бошланган босқичнинг биз учун бу қадар ижобий тарзда якун топиши - кутилганидан ҳам аъло натижа. Ўзбекистон гуруҳдаги қолган етти ўйиннинг барчасида ғалабага эришгач, 21 очко тўплади ва ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди. Албатта, буларнинг бари биз учун ижобий ҳолат.

Аммо бир яхшининг бир ёмони бўлганидек, термамиз ўйинлари баъзи салбий жиҳатларни ҳам кўрсатиб бердики, бунга тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Зеро, сўнгги босқичда бизни бир-биридан оғир кечадиган баҳслар кутиб турибди. Тўғри, Ўзбекистон миллий термаси кетма-кет 7та ғалабага эришди. Бироқ бу ютуқларнинг ҳар бирини алоҳида олиб қарасак, таҳлил қилишга арзийдиган муаммоли жиҳатларни топиш қийин эмас. Айниқса, сўнгги икки ўйин эътиборга молик. Бугун ўша учрашувларда кўзга ташланган учта ҳолатга эътибор қаратсак.

ЖЕПАРОВ

Сервер Жепаров - кўп йиллик етакчи. Аммо Филиппин ва Баҳрайнга қарши кечган баҳслардан сўнг бу футболчига эътирозлар анча кўпайди. Унинг ўйини мураббийлар штабини ҳам қаноатлантирмаяпти, шекилли, Жепаров охирги вақтларда бирорта учрашувни тўлиқ ўтказа олмади. Умуман, бир вақтлари алмаштирилмас ўйинчи сифатида эътироф этилган ярим ҳимоячи ҳозирга келиб захирага олишга асосий номзодлардан бўлиб қолган. Миржалол Қосимов давридаёқ Серверга ишонч сўниб бораётган эди. Ярим ҳимоячи охирги марта 2015 йилги Осиё кубогида, гуруҳ босқичининг 1-турида КХДРга қарши кечган учрашув(1:0)да тўлиқ - 90 дақиқа қатнашган эди. Шундан буён бирор марта «ҳуштакдан ҳуштаккача» ўйнай олмади.

Терма бошқарувига Самвел Бабаян келгач, Жепаров яна асосий таркибга жалб этилди. Аммо ҳозирги мураббий ҳам мудом уни захирага олиш билан банд. Эътиборингизга кичик статистикани келтириб ўтсак. Қуйида Сервернинг ЖЧ-2018 иккинчи саралаш босқичидаги иштироки билан танишиб чиқишингиз мумкин:

1. КХДР - Ўзбекистон - 4:2. Ўйнамаган.

2. Ўзбекистон - Яман - 1:0. Танаффусда алмаштирилган ва унинг ўрнига майдонга тушган Александр Гейнрих 51-дақиқада ғалаба тўпини киритган.

3. Филиппин - Ўзбекистон - 1:5. 75-дақиқада жойини Жавоҳир Соҳибовга бўшатиб берган.

4. Яман - Ўзбекистон - 1:3. 59-дақиқада Гейнрих билан алмаштирилган.

5. Ўзбекистон - КХДР - 3:1. 73-дақиқада унинг ўрнига Жасур Ҳасанов майдонга тушган.

6. Баҳрайн - Ўзбекистон - 0:4. 83-дақиқада Жасур Ҳасановга жой бўшатган.

7. Ўзбекистон - Филиппин - 1:0. 57-дақиқада унинг ўрнига Александр Гейнрих майдонга туширилган.

8. Ўзбекистон - Баҳрайн - 1:0. 70-дақиқада Жавоҳир Соҳибов билан жой алмашган.

Кўриб турганингиздек, Сервер Жепаров гарчи Бабаян даврида асосий таркибга қайтган бўлса-да, бирорта ўйинда охиригача майдонда қолмади. Бу эса ярим ҳимоячининг жисмоний ҳолати яхши эмаслигидан далолат берса керак. Боз устига, Сервернинг ўйин сифатида ҳам пасайиш кўзга ташланмоқда. Самвел Вячеславович уни чап оёғида йўллайдиган ажойиб узатмалари эвазига майдонга тушираётганини айтиб ўтганди. Аммо айнан шундай узатмалар унча ҳам кўзга ташланмаяпти. Бурчак тўплари ҳақида-ку, индамадик. Ҳаммасидан ҳам Одил Аҳмедов билан ўзаро ўйинида юзага келаётган тушунмовчиликлар кишини ҳайратга солади. Бу футболчилар деярли 10 йилдан буён бирга ўйнайдилар, аммо ҳалигача ўзаро тушуниб ҳаракат қилишда қийинчиликка дуч келишмоқда. Аслида, бу вақт оралиғида юмуқ кўз билан бир-бирларини топиш даражасига чиқишлари керак эди.

Сервер Жепаров - юқори маҳорат соҳиби, бунга шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда, терма жамоа таркибида 115та ўйин ўтказиб, 25та гол уриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Албатта, ёш ўтгани сари ўйин сифати ҳам тушиб бориши турган гап. Аммо бундай ҳолатда терма билан хайрлашиш керак эмасми? Умид қиламизки, Сервер бу вазиятдан тўғри хулоса чиқаради: ё спорт формасини аввалги даражасига қайтаради ёки... У ёғини ўзи тушуниб олар...

ҲУЖУМ

Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир оғриқли нуқтаси - ҳужум чизиғи, десак қарши бўлмасангиз керак. Албатта, ҳозир бу муаммо у қадар кўзга ташланмаяпти, ҳар ҳолда, Игорь Сергеев баҳоли қудрат ўйнаб турибди. Аммо ҳужумда бу йигитдан бошқа тайинли номзод кўзга ташланмаётганини инобатга олсак, вазият анча жиддийлиги шубҳасиз. Ёмон томони - Сергеевнинг ўйини ўхшамай қолган вақтда унинг ўрнини боса оладиган форварднинг йўқлиги - катта муаммо.

Ҳужумдаги вазият қай даражада оғирлигини бир факт билан кўрсатиб ўтсак - ўз вақтида терма жамоа таркибида тўп сурган Игорь Шквирин 31 ўйинда 20та гол урган эди. Азамат Абдураимов эса 20 учрашувда 11та тўп киритган. Энди Сергеевнинг статистикасига назар ташлаймиз - 28 ўйин ва 10та гол. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, ҳозирда тўпурарлик борасидаги сермаҳсуллик деярли икки баробар тушиб кетган. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Шквирин ва Абдураимов тўп сурган вақтларда уларнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган ҳужумчилар етарлича топиларди - Дўрмонов, Бозоров, Ирисметов, Шацких... Ҳозирги вазиятнинг энг аянчли томони ҳам шундаки, Сергеев захирада қолса, ўрнига майдонга тушадиган ўйинчининг ўзи йўқ. Бир вақтлари термага муносиб кўрилмаган Бахтиёр Ҳамидуллаев ҳозир ўйнаганида, шубҳасиз, асосий таркибда майдонга тушган бўлар эди. Чунки тайинли ҳужумчининг ўзи йўқ.

Темурхўжа Абдухолиқов ва Иван Нагаевдан ҳафсала совуганига анча бўлди. Яна кимни биламиз? «Насаф»даги Бобур Абдуҳолиқовми? Бу йигит энди кўзга ташланмоқда ва ёш бошига ҳозирдан асосий таркибда майдонга тушириш - уни қайнаб турган қозонга ташлаш билан баробар. Шундай экан, ҳозирча тажриба тўплагани маъқулроқ.

Бу муаммонинг ечимини Бобурсиз ҳам уддалаш мумкиндир, балки. Масалан, Элдор Шомуродовни қанот ярим ҳимоясига эмас, ҳужум марказига қўйиш мақсадга мувофиқ бўлса керак. Тўғри, Элдор дарҳол ўйнаб кетолмаслиги мумкин, масалан, Баҳрайнга қарши кечган учрашувда Виталий Денисов жароҳат олгач, Сергеев қанотга ўтди ва Шомуродов ҳужумда ўйнади. У ўзига билдирилган ишончни оқлади, дейиш қийин. Аммо бир савол - ўша баҳсда Одил Аҳмедов ва Сардор Рашидовдан бошқа қайси футболчи ишончни оқлади ўзи? Ҳеч ким! Шу томонлама ҳам Баҳрайнга қарши кечган учрашув биз учун катта дарс бўлиши лозим.

ЎХШАМАГАН ЎЙИНЛАР

Аслида-ку, нафақат Баҳрайн, балки Филиппин билан бўлган баҳс ҳам дарс ўлароқ хизмат қилишга бемалол ярайди. Бу икки учрашувдан чиқарилган энг катта хулоса эса - терма жамоа футболчиларининг ўз ишқибозлари қаршисида ўйнашни ҳалиям ўрганиб олишмагани бўлди. Баҳрайнга қарши кечган учрашув якунига етгач, жамоа сардори Одил Аҳмедов ҳам буни тан олди: «Мухлислар босими туфайли ўзимиз истагандек ўйнай олмадик», - деди термамиз етакчиси.

Тўғриси ҳам шу-да. Гарчи ҳар икки ўйин ҳам 1:0 ҳисобида якунланган бўлса-да, мухлислар стадиондан рози бўлиб кетишди, дейиш қийин. Ахир бу ўйинни дарвоза ортидаги жойдан кузатиш учун 40 минг сўмдан тўлаб кирганлар ҳам бор эди-да. Чиптанинг асл нархи 15 минг эканини инобатга олсак, «чайқовчилар»дан ортиқча 25 мингни аямаган мухлислар 1:0дан кўра арзирлироқ ҳисобни кўришни исташлари турган гап. Боз устига, рақиб ҳам Япония ёки Австралия эмас, балки Филиппин ва Баҳрайн эди. Шундай экан, учрашув вақтида бот-бот чалиниб турган ҳуштакбозликни тушуниш мумкин. Сафарда уч, тўрт ва ҳаттоки, бешталаб гол урган футболчиларимиз дарҳақиқат, ўз уйларида бироз довдираб қолдилар ва анча нурсиз ўйин намойиш қилдилар. Хўш, бунга сабаб нима?

Сабаб аниқ - Ўзбекистон терма жамоаси фақат катта байрамларда, яъни расмий учрашувларда ўз майдонида ўйнаши мумкин. Футболчиларни тоблайдиган ўртоқлик учрашувлари эса асосан БААнинг ҳувиллаган, кимсасиз стадионларида ўтказилади. Шу сабабли, ўйинчилар сафарда яхши тўп суришади, ўз мухлисларининг «бос», «югур», «чоп» деган ҳайқириқларини эшитганда эса, мазалари қочади. Тошкентда ўтказилган тўртта ўйиндан учтасининг 1:0 ҳисобида якунланиши боиси ҳам шунда. Яманга қарши кечган баҳс ҳам ёдингиздами?

ЕЧИМ

Хўп, бу муаммонинг ечими борми? Бор, албатта. Шунчаки, «Бунёдкор»да кўпроқ ўртоқлик ўйинларини ўтказиб туриш керак. Айниқса, рақиб сифатида Африка, Европа ва Жанубий Америка жамоалари танланса, нур устига аъло нур бўларди. Аммо бу нарсанинг осонликча амалга оширилмаслигини жуда яхши биламиз, чунки Терма жамоалар маркази, мана 5 йилдирки, кучли жамоалар 5 йиллик режани олдиндан тузиб қўйишлари ва шу сабабли, ўртоқлик ўйини ўтказишнинг иложи йўқлигини таъкидлайди. Бироқ нима сабабдан ўша термалар билан ўйнаш борасида 5 йил олдин келишилмагани ҳақидаги саволни бермаган маъқул. Барибир, «дарёга бориб, сув ичмай қайтасиз». Жавоб сифатида бир талай фактларни рўкач қилишлари турган гап. Оқибатда, нимани сўраганингиз ҳам ёдингиздан чиқиб кетади.

Қўйинг ўшаларни. Ундан кўра, бўладиган ишдан гаплашайлик. Модомики, Африка, Европа ва Жанубий Америкадан рақиб топишнинг иложи йўқ экан, жиллақурса, ён қўшнилар - Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан ўртоқлик ўйини ўтказиш иложсизми? Бу жамоалар ичида Қозоғистон анча жиддий рақиб ҳисобланиши турган гап-ку. Боз устига, ён қўшни бўлганликлари туфайли принципиаллик аҳамияти ҳам босимни оширади. Термамиз футболчилари айнан шундай ўйинларда чиниқадилар, тобланадилар. Қозоғистон билан бўладиган баҳсда жиддий рақибга қарши ўйнашни ўргансак, Қирғизистон ва Тожикистон термалари билан кечадиган учрашувлар аутсайдерларга қарши ўйин режасини шакллантириб олишимизда асқотади. Наҳотки, буларнинг барини амалга ошириш шунчалик мураккаблик туғдирса?!

Манба: Interfutbol.uz

  • Мехмон
    24 апрел 2016, 08:48

    Наҳотки мазкур муаммоларга "РАҲБАРИЯТ" фақат панжа ортидан қараса !!! Миллий терма жамоа раҳбари Ҳужумчиларни танлашда миллий ғурурга эга бўлганларидан танлаб олиши керак, агар у Насафдан бўлса ҳам.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *