МАРДИ МАЙДОН ЎҒЛОНЛАР. Олимпиада ғолибларига

авг 26 / 2016

Ғалабалар ўз-ўзидан берилмайди,

Дунё бизга беҳудага керилмайди.

 

Бир муштингда элу юртнинг қудрати бор,

Меҳнатлари, машаққати, заҳмати бор.

 

Биринг қуёш, биринг юлдуз, биринг ойсан,

Диёрбексан, Бектемирсан, Ҳасанбойсан.

 

Ғайратингни кўрди Овро, Осиёси,

Билди дунё, билди Рио Жанейроси.

 

Нону тузин ҳалол этган қалбларингдан,

Айланайин андижонча зарбларингдан!

 

Қай бир инсон ўз-ўзидан танилгайдир -€”

Азал-азал мард майдонда синалгайдир.

 

Ўз боламсан, курашларда кўкрак керган,

Сен Рустаму достондирсан Тошкент берган.

 

Бир шаҳдингда юртнинг еру осмони жам,

Қадим элнинг асрий орзу-армони жам.

 

Ғалабалар осонликча берилмайди,

Олтин-кумуш кўча-кўйдан терилмайди.

 

Не зўрларни шохин бураб тўнтарган -€” сен,

Русландирсан, дунё юкин кўтарган -€” сен.

 

Ўз уйимда ўсган ёвқур ўз ўғлоним,

Юз от кучин кўрсатган зўр паҳлавоним!

 

Ор-номус деб талашганда кўнгилларинг,

Титраб турди бунда ука-сингилларинг.

 

Ай болам-ай, енгиб бўлмас ҳарбларингдан,

Айланайин зафарларинг, зарбларингдан!

 

Фазлиддинсан, Шаҳобиддин -€” қошу кўздек,

Кўрсатолдинг надир фарзанд, надир ўзбек.

 

Сени қўллаб турган етти пуштларинг бор, 

Миллат номин юксалтирган муштларинг бор.

 

Ниҳолимсан, майсамдирсан, лоламдирсан -€”

Майдонларда ор талашган боламдирсан.

 

Борлигимиз -€” шундай Ватан бор учундир,

Номус учун, ғурур учун, ор учундир.

 

Лол этганинг -€” олам, шарқу ғарбларингдан,

Ай болам-ай, айланайин зарбларингдан!

 

Ғалабалар ўз-ўзидан қўлга кирмас,

Курашмасанг, дунё сенга бўйин бермас.

 

Алпомишнинг, Темурбекнинг авлодисан,

Арслонюрак мард зотларнинг зурёдисан.

 

Юзларингда порлаган юрт қуёшидир,

Кўзларингда ғалабанинг кўзёшидир.

 

Шу табаррук тупроқ бизга азал Ватан,

Бетакрор ҳам, муқаддас ҳам гўзал Ватан.

 

Борлигимиз -€” шундай Ватан бор учундир,

Ғурур учун, номус учун, ор учундир!

 

Кудрат берган, шиддат берган жисму танга,

Жонлар фидо бўлсин деймиз шул Ватанга!

 

Қадду басти юрт қаддини кўтарган -€” сен,

Ёт элларда юрт қадрини кўтарган -€” сен.

 

Ай болам-ай, кўркам бўю қадларингдан,

Айланайин ўзбекона зарбларингдан!

 

Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири.

 

  • камол жиззах
    03 сентябр 2016, 07:18

    Ижодингизга ривожтилайман спорчиламизга омад тилайман.

  • Мехмон
    31 август 2016, 10:13

    Ижодизга ижод кушилсин каламлариз шунака таъсирчан булаверсин. Спортчиларимга хам омад ёр булсин.

  • Мехмон
    28 август 2016, 19:50

    Халқ шоири бекорга берилмаган экан сизга Сирожиддин Саййид одамни ғайратлантирвораркансиз. маза қилдик

  • Мехмон
    28 август 2016, 19:49

    Э Қойил Сирожиддин Саййид хақиқатда зур шоиракансиз.

  • Мехмон
    27 август 2016, 13:37

    Ватан учун ёзган шерингизни укиб баданларим титраб кетди. Юртимизни шундай юксакларга кутарган Сирожидин Саййидга катта рахмат.

  • Мехмон
    27 август 2016, 10:49

    қойил. шоир сўзларига ҳам қойил қолиш керак.

  • Мехмон
    27 август 2016, 10:24

    Гап йук. Ижодизга ижод кушилсин каламлариз шунака таъсирчан булсин.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *