Келажак — рақамли таълим ортида

дек 19 / 2016

Яқин келажакда таълим тизими қандай ўзгариши мумкин ва нима учун мукаммал мактаб дастурларини яратиш керак? Шу ва бошқалар ҳақида таълим тизими учун инновацион дарсликлар яратиш гуруҳи раҳбари Комил Алламжонов сўзлаб берди.

alt

— Рақамли дарсликларни нима учун яратмоқчисиз?

— Ҳаётимиз ҳар жиҳатдан техника ва технологиялар билан боғлиқ: эрталаб соат бонгидан бошлаб то кун режасини тузиш ва ўқиш билан якунлашгача. Биз таълим сифатини ошириш ва ривожлантириш учун технологиялардан манфаатли фойдаланиш имкониятини яратишни истадик. Қачонки, планшет таълим олишнинг бир элементига айланса, болалар ўқиш жараёнига катта қизиқиш билан киришади. Бу ўйин билан классик таълимни бирлаштиришга тенгдир. Натижада ўқиш жараёни яхшиланади, ўзлаштириш, таълим даражаси ва кадрларни тайёрлаш самарадорлиги ошади. Билимли авлод, профессионал кадрлар — бу жамиятнинг кенг миқёсда ривожланишининг гаровидир.

— Рақамли дарсликлар қандай кўринишда бўлади?

— Лойиҳани бошлашдан аввал, биз фокус-гуруҳ ташкил қилдик, ахборотни қабул қилишнинг самарали усуллари бўйича тадқиқотлар олиб бордик. Шунингдек, технологияларнинг соғлиққа таъсирини таҳлил қилиш мақсадида бу жараёнга психологлар, тиббиёт ходимларини жалб этдик. Натижада биз яратаётган ўқув дарсликлари билим олиш жараёнини қизиқарли, енгил, эсда қоларли ва зарарсиз қилишга йўналтирилди. Бунинг учун деярли барча сезги органлари ҳамда ахборотни қабул қилишнинг барча усуллари ҳаракатга келтирилади.  Биргина саҳифада бир вақтнинг ўзида ҳам матн, ҳам аудиотушунтириш, ҳам видеоролик, ҳам 3D-анимация бўлиши мумкин. Зарур ҳолларда мусиқа ёки товушлар, масалан, юрак уриши ва ҳакозолар ҳам бўлади.  Яъни дарсликни қисмларга ажратиш, йиғиш, эшитиш ва ҳис қилиш имконияти бор.

alt

— Бундай дарслик бўйича қайси фанларни ўрганиш мумкин?
—Жамоамиз физика ва анатомия бўйича дарсликлар устида ишлашмоқда. Фокус-гуруҳимизнинг тадқиқотларига кўра, дарсликларимиз визуал, мультиформатли ва интерактив бўлгани сабабли иштирокчилар 80 фоиз ахборотни эслаб қолишади. Келажакда мукаммал электрон кутубхона яратишни режалаштирганмиз. Унга 1-синфдан 4-синфгача бўлган бошланғич  ва 5-синфдан 9-синфгача бўлган юқори синф учун дастурлар киритилади.

—Бола — ўқувчининг планшетда ўйин ўйнамасдан фақат ўқишига  қандай кафолат бор?

— Боланинг ўқиш жараёнидаги ўзлаштиришини,  давомат ва тартиб-интизомни  назорат қилувчи дастурий таъминот мавжуд. Ота-оналарга боланинг шахсий кабинетига киришига рухсат берилади. Бунда бола янги мавзуни қачон кўчириб олганини, қачон уни кўрганини, қанча вақт ўрганганини, қандай мавзу ва саволларга жавоб берганини кузатиш мумкин. Ушбу маълумотларга ота-оналар билан бирга ўқитувчига ҳам рухсат бор. Рақамли дарсликлар шундай қурилганки, бирорта мавзуни ўзлаштирмасдан кейингисига ўтишга имкон берилмайди. Бу шаффоф ва тўппа-тўғри назорат  тизимидир.

alt

— Дарсликларни яратишда қандай ўқув дастурига таянаябсиз? Ўзбекистондаги стандартларгами? Дарсликлар қайси тилда бўлади?

— Албатта, биринчи ўринда бизнинг аудиториямиз — Ўзбекистон.  Лекин бу билан чекланиб қолмаймиз. Ньютон қонуни ёки қон айланиш тизими ҳар қайси мамлакатда универсалдир. Биз мавзуларнинг асосини тўплаб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида дарслик яратамиз. Тайёр маҳсулотни исталган мамлакатнинг ва хоҳлаган ўқув дастурининг талабига қараб мослаштириш мумкин.

— Мазкур лойиҳани Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган Бутунжаҳон GESS таълими соҳасида инновация кўргазмасида тақдим этиб келдингизлар.  Бунга қандай баҳо берилди?

— Ҳа, биз 2015 йилда ўз маҳсулотимизни GESS кўргазмасида намойиш этдик. Бизнинг тақдимотимизга БАА таълим вазири қизиқиш билдирди ва ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Ҳамкорлик қилиш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда. Шу нарса аниқки, БААда рақамли дарсликларга ўтиш тўғрисида давлат дастури қабул қилинди. Араб болаларини қоғоз дарсликлар билан ушлаб туриш борган сари қийинлашиб бормоқда.

alt

alt

— Рақамли дарсликларнинг келажагини қандай кўряпсиз? У давлатга қўшимча сарф-харажатдан ташқари яна нима беради?

— Шу ерда гапингизга қўшилолмайман. E-learning’ даги узоқ муддатли инвестиция истиқболи бу  —технология тенденциясига шунчаки солиқ солиш эмас, балки бюджет маблағларини иқтисод қилиш имкони ҳамдир. Тасаввур қилинг, давлат ҳар йили дунё бўйича қоғоз дарсликларни чоп этиш ва янгилашга қанча маблағ сарфлайди? АҚШда, масалан, бу йилига деярли 7 миллиард долларни ташкил қилади. Давлат электрон жиҳозланишга бир марта инвестиция киритиб, кейин тежайди-ку. Жиҳозларни ҳар йили сотиб олиш керак бўлмайди. Фақат контент ўзгаради. Бундан ташқари, агар келажакда “булутли” технологиялар ёрдамида ягона электрон кутубхона яратилса, давлат рақамли дарсликлар сотувидан даромад  олиши мумкин.

— Бунинг учун нима керак?

— Бизнинг дарсликларимиз универсал форматда яратилади. Ҳеч қандай чекловлар бўлмайди, яъни улардан фойдаланишда фақат Apple, Samsung ёки яна бошқа ишлаб чиқарувчилар техникалари керак, деган тушунча йўқ. Масалан, миллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда барча ўқув дастурларини Artel планшетларига ўрнатиш мумкин. Мактаб учун маълум бир миқдорда планшетлар, сервер ва бошқа керакли жиҳозлар сотиб олинади. Ўқувчи дарсга кириб, ўқитувчининг йўл-йўриғи билан мавзулар ва вазифаларни кўчириб олади. Ўқитувчиларга ҳам енгил ўзлаштирилувчи визуал материаллар билан дарс ўтиш қулай. Бу ҳар томонлама фойдали йирик лойиҳадир. Электроника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга  бу — катта буюртмадир.Давлат учун бу — таълим тизими самарадорлигини енгиллаштириш ва оширишдир, шу билан бирга, нашр қилишдан тежашдир. Дастурчилар учун бу — янги дастурлар яратиш ва маҳсулотни такомиллаштириш имкониятидир. Истеъмолчилар, яъни ўқувчилар учун эса таълим олиш осон ўзлаштирилувчи ва қизиқарли бўлади.

alt

— Яқинда Тошкентдаги мактаблардан бирида  smart-синф яратилди. Демак, рақамли келажак яқин экан-да?

— Ҳа, Ўзбекистонда интерактив синф доскалари, планшетлар ва бошқа техникалардан фойдаланиладиган  тараққийлашаётган мактаблар кўпайиб бормоқда. Ахборот технологиялари кенг тарқалиши турган гап. Бунда муҳими, мазкур технологиялар учун контент яратишдир. Ва контент Сан-Франциско ёки Гонконгдаги мутахассислар томонидан ёзилган бўлиши керак эмас, балки бизнинг миллий маҳсулот бўлмоғи даркор. Таълим муҳим ғоявий таркибга эга. Ҳар қайси миллат унга ўз қизиқишларини қўшади. Шу нуқтаи назардан келажак таълим тизими контенти бу — яна ахборот хавсизлиги ва ғоявий иммунитет масаласини ҳам кўндаланг қўяди.

— Ўз фарзандларингиз учун мукаммал мактабни қандай тасаввур қиласиз?

—Тўлиқ равишда замонавий АКТ, рақамли дарсликлар билан жиҳозланган ва албатта, юқори малакали ўқитувчилари билан фахрланадиган мактабни тасаввур қиламан. Бундай мактабда АКТ ўқув жараёнини қизиқарли, самарали ва осон қилади. Таълим ҳар бир кишининг келажагини белгилайди. Агар биз таълим сифати масаласини ҳал эта олсак, бу сўзсиз, давлатимизга зарур бўлган ривожланишга, маданиятни оширишга, профессионал кадрларнинг кўпайишига олиб келади.

alt

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *