Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таржимаи ҳоли

сен 03 / 2016

alt

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли. Ўрта Осиё Политехника ва Тошкент Халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди. 
Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В.П.Чкалов номидаги Тошкент Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади. 
1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 
1983 йилда И.Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди. 
1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилоят партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади. 
1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида И.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 
1991 йил 31 август куни И.Каримов тарихий воқеа - Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 
1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 
1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, И.Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди. 
2000 йил 9 январда муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, И.Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 

2007 йил 23 декабрида муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, И. Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2015 йил 29 март куни муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ Ислом Каримов 5 йиллик муддатга мамлакатнинг олий лавозимига сайланди. 
У оилали, икки нафар фарзанди, беш набираси бор. Рафиқаси Т.А.Каримова - мутахассислиги иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда - пенсияда. 
И.Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони, "Мустақиллик" ва "Амир Темур" орденлари билан тақдирланган. 
Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг орден-медаллари билан ҳам мукофотланган. 
И.Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Айни вақтда у иқтисод, фан, таълимни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўпгина хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиклигига сайланган. 
Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган салмоқли ютуқларни ҳақли равишда И.Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди. 
И.Каримов мамлакатда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамосидир: 
Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир; 
демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи ва уни ҳаётга татбиқ этишнинг кафолатидир; 
марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди; 
халқнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда илғор жаҳон тажрибаларини мужассамлаштирган иқтисодий ислоҳотларнинг янги моделини ишлаб чиқди. Бу ривожланиш йўли иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, ўтиш даврида давлатнинг бошқарувчилик роли, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, кучли ижтимоий ҳимоя каби машҳур беш тамойилни ўз ичига олади ва у дунёда "Ўзбек модели" деб эътироф этилган; 
Ўзбекистон давлатининг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучлар, Чегара ва Ички қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этиш ишига бошчилик қилди; 
КПСС Марказий Комитети бошчилигидаги кучлар Ўзбекистонда адолатсизлик ва тазйиқларни авж олдирган йилларда ўзбек халқининг номини ноҳақ таҳқир ва ҳақоратлардан ҳимоя қилиш, халқимизнинг ор-номусини, миллий ғурурини тиклашда фидойилик намунасини кўрсатди; 
халқимиз маънавий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимизни, урф-одатларимизни, бебаҳо тарихий меросимизни ҳаётга қайтаришни давлат сиёсати даражасига кўтарди; 
халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, ўзбек номини бутун дунёга тараннум этишга улкан ҳисса қўшди; 
одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ишига раҳнамолик қилди; 
юртимизда тинчлик-осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, уни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди; 
моҳият-эътиборига кўра, мутлақо янги таълим-тарбия тизими - Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурини яратиш ва уни амалга оширишда бевосита етакчи бўлди; 
маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш тизими сифатида уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббускори бўлди; 
юртимизнинг турар жойларида янги қурилишлар, шу жумладан, улуғ аждодларимизнинг қадамжоларини обод қилиш, иқтисодимизнинг салоҳиятини оширишда катта ўрин тутган йирик-йирик корхоналарни бунёд этишда, кўпгина шаҳар ва қишлоқларимиз, авваламбор, пойтахтимиз Тошкентнинг шакл-қиёфасининг тубдан ўзгаришида бевосита раҳбарлик қилди. 
Мухтасар қилиб айтганда, Ислом Каримов Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлади.

Ўзбекистоннинг ҳозирги тараққиёт босқичида давлат раҳбари олиб борган сиёсатнинг асосий устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат эди: 

  • мамлакатни модернизация қилиш, жамиятни янгилаш, иқтисодиёт жадал суръатлар билан ўсиши ва унинг макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бу йўналишларни амалга оширишнинг гарови бўлмиш тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатининг изчил қадамлар билан эркин ривожланишига кафолат ва имтиёзлар берадиган сиёсатни давом эттириш ва кучайтириш; 
  • иқтисодиётдаги чуқур таркибий ўзгаришларни янги босқичга кўтариш, фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, солиқ юкини камайтириш, юксак технологиялар билан қуролланган тармоқ ва ишлаб чиқариш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш;
  • ўрта синф вакиллари - тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати ва хусусий бизнес тузилмаларининг, барча моддий ва интеллектуал мулк эгаларининг манфаатларини устун қўйиш, уларга тўлиқ имтиёз ва имкониятлар яратиб бериш, уларни қўллаб-қувватлаш;
  • иқтисодиёт юқори суръатлар билан ривожланишини таъминлаш ҳисобидан халқимизнинг реал даромадлари ва фаровонлигини ошириш, муҳим ижтимоий дастурларни ҳаётимизга муваффақиятли тадбиқ этиш;
  • замонавий меҳнат бозорини янада кенгайтириш асосида янги иш ўринлари ташкил этиш, соғлиқни сақлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёрдам ва кўмакка муҳтож тоифаларга, кам таъминланган оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтиришга қаратилган ижтимоий ҳимоя сиёсатини амалга ошириш;
  • кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтишга эришиш;
  • ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга доир ислоҳотларни фаол давом эттириш, шу аснода инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият ва бойлик сифатида жамиятимиз ҳаётида асосий ўринга қўйиш, "Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ" деган тамойилни амалда рўёбга чиқариш;
  • мамлакатни модернизация қилиш ва замонавий жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган янги авлод кадрларини тайёрлаш;
  • "Юксак маънавият - енгилмас куч" деган ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиққан ҳолда, маданий ва маърифий соҳаларда олиб бораётган ишларнинг таъсири ва самарасини кучайтириш; 
  • Жамиятимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш, жумладан, бу масаланинг энг муҳим шарти ва гарови бўлган кўппартиявийлик тизими, фуқаролик институтлари ва нодавлат ташкилотлар фаолиятини, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кучайтириш, жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, оммавий ахборот воситаларининг том маънода тўртинчи ҳокимият сифатида фаолият юритиши учун зарур бўлган барча ҳуқуқий ва ташкилий тадбирларни амалга ошириш;
  • суд-ҳуқуқ тизимини ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг зарур таркибий қисми сифатида чуқур ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича бошлаган ишларнинг таъсири ва самарасини кучайтириш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш;
  • "Адолат - қонун устуворлигида" деган тамойилни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни замон талаблари даражасига кўтариш йўлида янги, амалий қадамлар қўйиш;
  • ташқи сиёсат соҳасида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, дунё мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли асосда шерикчилик қилиш, юзага келадиган ҳар қандай можаро ва муаммони фақат тинч йўл билан, сиёсий ва ҳуқуқий воситалар орқали ҳал этиш, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва тотувликда яшаш тамойилига қатъий амал қилиш;
  • юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, барқарорликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ўртасида тотувлик, турли миллатлар ва диний конфессиялараро ҳамжиҳатликни янада кучайтириш;
  • Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш, миллий армиямизни модернизация қилиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини кўз қорачиғидай асраш.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram каналида ҳам кузатиб боринг. Каналга ўтиш: https://telegram.me/uz24news_uz

  • Мехмон
    03 октябр 2017, 10:44

    хакикатан хам мен хам шундай инсон улганлигига ишонолмайман.

  • Олимжон Бухоро К-бозор
    27 июл 2017, 13:35

    Танамни жон тарк этгандай булди шу кунгача хам куз ёшимиз аримаяпти,СИЗНИ жудаям согиндик Бобожон. Оллох рахматига олган булсин илохим,аммо СИЗ биз учун доим калбимиздасиз,компьютер олдида туриб хам СИЗНИ расмингизни куриб дил йиглайди Нахотки шундай Буюк зот бизни ташлаб кетдилар ишонгим келмайди.ишонгим келмайди.....СИЗ БАРХАЁТСИЗ!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!

  • Мехмон Хоразмдан Жасур
    26 мая 2017, 14:19

    Islom bobo biz yani bolalaringiz hamisha Sizzi yodda saqlaydi. Sizning har bir ugitiz biz uchun qadrlidir. Ishonch bilan ayta olamanki O.zbekistonimiz Siz orzu qilgan YOSHLAR qo'lida.

  • Мехмон
    09 феврал 2017, 16:21

    Дунё ичра дунё барпо этиб ўзбекнинг номини оламга таратган, ҳалқимизнинг қаддини тик тутишга ўргатган, Энг азиз , энг ардоқли инсон Мухтарам Прездентимиз Ўзбекистон Қаҳрамони И.А.Каримовнинг ёди ҳамиша авлодлар хотирасида яшайди., ғоялар асрлар давомида амалда бўлажак. Ҳамма хаммаси учун СИЗга раҳмат Юртбошим!!!!!!!

  • Alisher Olimov
    08 ноябр 2016, 17:08

    Ислом бобом
    Истиқлолни олиб кириб юртимизга,
    Неча йиллик бахтни бердингиз, бобом бизга
    Қолдирдингиз буюк давлат изингизга,
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.

    Юртим дея ёниб куйиб яшадингиз,
    Ўзни эмас, фақат ҳалқни ўйладингиз,
    Йўқлигизда билинмоқда кўп қадрингиз,
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.

    Эркин ва фаровон хаёт қуриб бобом бизга,
    Озод ва обод ватан қолди ҳалқингизга,
    Қойил қолди бутун дунё ақлингизга,
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.

    Ўзбек номин баланд кўтардингиз дунёларга,
    Орзуларимиз чиқардингиз рўёларга,
    Ўзбекистон номин достон қилиб дунёларга,
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.

    Ишонч билдириб, ёшу-қари, ўғил-қизга,
    Мехр бериб ўстирдингиз рахмат сизга,
    Мухрландингиз ўчмас бўлиб қалбимизга,
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.

    Самарқанду, Насафу, Кеш зордир изингизга,
    Водийу-вохангиз дарддошдир, аёлингизу қизингизга,
    Куйди бутун Ўзбекистон, йиғлаб фақат сизга
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.

    Оқ масжитлар қуриб мўмин ҳалқингизга,
    Тинчлик тилаб доим ўзбек ахлингизга,
    Дуо қилиб юргайдурмиз ҳаққинггизга,
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.



    Сиз бошлаган йўлни ҳалкингиз давом этар,
    Сизсиз энди ёруғ кунлар қандай ўтар,
    Сизни энди жаннатларда Темур бобом кутар,
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.

    Сизни эслаб хотирлаш қарздир бизга,
    Сабр берсин энди Аллох, мўмин ўзбек ҳалқинизга,
    Бугун шеър ёзган Алишердек набирангизга,
    Жаннатлардардан бизни қўллаб туринг бобом,
    Жаннатларда бўлинг доим Ислом бобом.

    “ Алишер ”

  • Мехмон
    02 октябр 2016, 18:35

    Мен сизни согиндим ота хеч качон сиздек ота топа олмиман

  • Мехмон
    09 сентябр 2016, 12:21

    узим отамдан жуда ёш етим колган эдим ман уша мудхиш кундан бери кузимдан еш аримайди будай ота бундай одил пошшо хеч кимда йук диёламан. Иллохим жаннатларда жавлон уринг отажон арвохлари бутун Узбекистонимизни кулаб куватласин, шуни каторида набираларимизни хам. кошкиди юзлар билан юзлашиб юурсалар эди. Лекин улим хак экан биз учун бу дарс огир жудолик отажоним сиз юрган йуллардан фарзандларимиз набираларимиз юрсин. МАН АМИНМАН СИЗ ЖАННАТДАСИЗ.....

  • Мехмон
    08 сентябр 2016, 10:14

    Охиратингиз обод булсин

  • Султон
    07 сентябр 2016, 22:41

    Охиратингиз обод булсин! Узбекистон халки сиздан мингдан-минг рози. Сизни хеч качон унутмаймиз.

  • Қаршидан Нодира
    07 сентябр 2016, 21:31

    Бобожоним йўқлигингизга хали хам ишонгим келмаябди, юзларидан нур ёғилиб турадиган, сўзларидан Темур бобом қатияти келадиган бобожонимни худойим жойларини жаннатдан қилган бўлсин, охиратларини обод қилиб, қабрлари нурга тўлсин бобожонимни!!! Бугун жиёратгох ёнидан ўтаётиб бир нарсага яна бир бор амин бўлдим, ёшу қари сизни дуо қилиб фотиха ўқиябди, муборат қабрингизни зиёрат қилишни дилига тугиб хозир боролмаганидан афсусда эмас чунки Ўзбекистоннинг хар жойида у хох қишлоқ хох шахар бўлсин, хар қарич ерида сизни кўрябди, сизнинг мехнатингизни кўриб сиз ўша ерда борлигингизга ишониб сизга оллохимдан жаннатлардан жой сўраб фотиха ўқиябди. Демак сиз ўлмагансиз, сиз мангу яшайсиз, хар бир қарининг, ёшнинг, каттаю кичик, йигиту қизнинг қалбида мангу яшайсиз бобожон!!! Ўзингиз озод қилган юртнинг хар қаричида, майсаю-тупроғида мангу борсиз азиз бобожон!!! Ўзбекистонимизнинг мустақиллиги абадий бўлсин!

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *