ГМО НИМА? ФОЙДАЛИМИ ЁКИ ЗАРАРЛИ?

фев 28 / 2016

alt

Ҳозирги одамларни унча-мунча нарса билан ҳайратлантириб бўлмайди. Қўлимиздаги энг сўнгги русумдаги мобиль алоқа воситаcи ёрдамида уйдан чиқмасдан дунёнинг нариги чеккасидаги одам билан боғлана олиш, ҳатто кундалик ҳар хил тўловларни ҳам шу восита орқали амалга ошириш имкони биз учун оддий ҳолга айланиб улгурди.

Шу билан бирга, тамаддун бугун тирик жонзотларда ўз таъсирини синаб кўришни ҳам аллақачон бошлаб юборди. Пластик жарроҳлик амалиёти ёрдамида қиёфани ўзгартиришу сунъий тана аъзоларини организмга қўйиш янгилик эмас. Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари-чи? Яримфабрикатлар, сунъий озуқалар, таъм берувчилар ва ҳоказолар - гени ўзгартирилган, яъни қисқартма тарзда ГМО (гени модификацияланган организм) деб аталадиган маҳсулотлар истеъмолга кириб келмоқда.

ГМО НИМА ЎЗИ?

ГМОга илмий тарзда шундай таъриф берилади: "Генетик модификацияланган организм (ГМО) - ирсият муҳандислиги усули билан генотипи сунъий ўзгартирилган организм. Бу таърифни ўсимлик, ҳайвон ва микроорганизмларга нисбатан қўллаш мумкин. Қоидага биноан, генетик ўзгартириш илмий ва хўжалик мақсадларида қўлланади. Генетик модификация табиий ва сунъий мутациялашиш жараёнидан аниқ бир мақсадга йўналтирилгани билан фарқ қилади".

Демак, бу организмлар ўсимлик, жонивор ёки бирор микроорганизм ДНКсига бошқа ўсимлик, жонивор ёки микроорганизм генини "кўчириб ўрнатиш", "пайвандлаш" йўли орқали ҳосил қилинади. Энди бу маҳсулот трансген маҳсулотга айланади, чунки унда бир эмас, бир нечта генлар ўзаро чатишган. Айтайлик, совуқ иқлимга мослашмаган бирор мевани шундай иқлимли ўлкаларда етиштириш учун ген муҳандислари бу ўсимлик гени устида ишлайди. Совуққа чидамли бирор бошқа ўсимлик ё бўлмаса жонивор гени билан чатиштириш орқали мавжуд меванинг янги навини вужудга келтириш мумкин. Бу нав энди ўзининг илгариги табиатидан узоқлашиб, одамлар истаганидай - совуқ урмайдиган, паст ҳароратда ҳам ҳосил бера оладиган хусусиятга эга бўлади. Ёки зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида ҳам шу йўл татбиқ қилинади. Яъни ген муҳандислиги қурт-қумурсқа емайдиган, турли ҳашаротлар тегмайдиган янги навли мева-сабзавот, донни турли хил генларни ўзаро уйғунлаштириш орқали ҳосил қилишлари мумкин.

Интернет манбаларининг гувоҳлик беришича, ген муҳандислигининг илк намунаси бўлган дастлабки трансген маҳсулотлар ўтган асрнинг 80-йилларида АҚШда етиштирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги кунда бутун жаҳонда 100 дан ортиқ генетик модификацияланган ўсимликлар, ўнлаб ҳайвон ва парранда турлари парваришланаяпти. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг ҳаммаси инсон истеъмоли учун...

Бундай маҳсулотларни қидириб, узоққа бориш шарт эмас. Кейинги йилларда бизнинг бозорларга ҳам уруғи йўқ даражада, пўсти юпқа "америкача" тарвузлар кириб келди. Қип-қизил, пўсти юпқа ва силлиқ картошка, уруғини ажратиб олиб бўлмайдиган бодринг, помидор, булғор қалампири ҳам гени ўзгартирилган маҳсулотлар сирасига киради. Генетик ўзгартирилган гуруч ҳам истеъмолга кириб келаяпти. Шунингдек, колбаса, сосиска каби маҳсулотларда гўшт ўрнини ирсий модификацияланган соя бемалол босади. Парранда маҳсулотлари ҳам шундай. Шоколад ва бошқа ширинликлар, кетчуп ва майонез, ҳар хил ичимликлар, ярим тайёр шўрва ва лағмонлар,  таомга қўшимча таъм берувчи зираворлар таркиби ҳам ГМОдан холи эмас.

alt

ФОЙДАЛИМИ ЁКИ ЗАРАРЛИ?

Бу борада бош қотираётган мутахассисларни бугун икки гуруҳга ажратиш мумкин: ГМОни ёқловчилар ва унга қаршилар.

ГМО тарафдорлари бу ихтиро инсониятни келажакда муқаррар очликдан сақлаб қолиши  тайинлигини даъво қилишади. Кундан-кунга Ер аҳолисининг сони ошиб бораяпти, уларнинг эҳтиёжини қондиришнинг ўзи бўлмайди. Таъкидланишича, трансген маҳсулотлар қишлоқ хўжалигида муҳим ўринга эга, турли вирус, касалликларга чидамли, турли иқлим шароитларида етиштириш учун қулай тарзда яратилгани боис хўжаликлар бюджетига зарар келтирмайдиган даражада серҳосил ва "жони қаттиқ" бўлади. Бу маҳсулотлар узоқ вақт сақлаш учун ҳам қулай. Демак, экспортнинг гуллаб-яшнашида муҳим. Қолаверса, ГМО инсониятнинг табиат устидан қозонган ғалабаси эмасми? Ахир лаборатория шароитида турли-туман генларни ўзаро чатиштириш йўли билан илгари табиатда учрамаган тур ва навларни яратиш, шу орқали эволюция жараёнини назорат остида сақлаш имконияти туғилаяпти-ку! Хуллас, тарафдорлар трансген маҳсулотлар одамзод учун керак ва зарур деб ҳисоблашади.

Бир гуруҳ мутахассислар эса ГМОни мутлақо ёқлашмайди. Уларнинг фикрига кўра, бундай сунъий маҳсулотлар инсон саломатлигига таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас. Зеро, зараркунанда ҳашаротлар уларга яқинлашмаётган экан, бу бежиз эмас. Ҳашаротлар табиатан жуда сезгир, улар ўзлари учун бир хавф борлигини билиб, бундай маҳсулотларга тегишмайди...

Бу борада ўтказилган текширув амалиётидан маълум бўлганлари эса ўйлантирарли, ҳатто ташвишли.

Биринчи навбатда, бундай маҳсулотлар одам организмида аллергик таъсирчанликни келтириб чиқариб, иммун тизими фаолиятига зиён етказади. Модда алмашинуви бузилишига ҳам сабаб бўлиши эҳтимолга яқин. Тадқиқотларга кўра, трансген маҳсулотларни истеъмолга чиқариш тақиқланган Швецияда аҳолининг фақат 7 фоизи аллергик хасталикларга чалинар экан. Бундай маҳсулотлар кенг кўламда истеъмол қилинадиган, ҳатто махсус ёрлиқда кўрсатилмайдиган АҚШда эса худди шу хасталик билан оғриганлар мамлакат аҳолисининг 70,5 фоизини ташкил қилади. Бу катта фарқ.

Қолаверса, генетик модификацияланган маҳсулотлар болалар организмига салбий таъсир ўтказиши аниқланган. Шу боис 2004 йилдан буён Европанинг бир қатор мамлакатларида 4 ёшгача бўлган болаларнинг таом рационига бундай маҳсулотларни киритиш тақиқланган. Бундан   ташқари, бу маҳсулотларни доимий истеъмол қилган одам организми антибиотикларга нисбатан таъсирчанлигини йўқотади. Бу эса, равшанки, турли касалликларни даволашда жиддий тўсиқ бўлади. Оддий тумовни ҳам антибиотиклар ёрдамида тузатиб бўлмайди. Натижада ҳар хил суперинфекциялар пайдо бўлиши, улар оқибатида келиб чиққан касалликларни даволаш учун янги дори воситаларини ўйлаб топиш шарт бўлади. Ҳатто олимлар саратоннинг келиб чиқиш омилларидан бири гени ўзгартирилган маҳсулотлар эканини тасдиқлашди. Энг даҳшатлиси, ГМО келажак учун очликдан ҳам ёмонроқ хатар туғдиради: инсоннинг насл қолдириш қобилиятига дахл қилиш эҳтимоли юқори. Бунинг исботи сифатида айнан уруғи йўқ ҳисоби бўлган тарвузлару бодринг-помидорлар келтирилади. Ҳақиқатан ҳам, уларнинг уруғини фақат сотиб олиш мумкин, уй шароитида олиб бўлмайди, чунки пуч ёки жуда мўрт.

alt

МУНОСАБАТ

Дунёнинг айрим мамлакатларида ГМОга қарши курашиш мақсадида зарур чоралар ишлаб чиқилган.  Бу маҳсулотларга муносабат қонунан қатъий тартибга солинган, баъзи давлатларда ГМО умуман тақиқланган, яна айримларида таркибида ГМО мавжуд маҳсулотлар алоҳида махсус ёрлиқлар билан кўрсатилиши мажбурий қилиб белгиланган. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг деярли барчасида "ГМОдан холи ҳудудлар" ташкил этилган ва бу ҳудудларда трансген ўсимликларни экиш қатъиян тақиқланган. Жумладан, Италиянинг 25 та провинциясида трансген экинлар экиш қатъиян ман қилинган. Австрия, Германия, Люксембург, Португалия каби давлатларда генетик модификация қилинган жўхори, Саудия Арабистони ва Мисрда буғдой, Норвегияда антибиотикларга чидамли ГМО маҳсулотларини етиштириш ва сотиш қонунга зид ҳисобланади. Британия парламенти биносидаги барча ошхона ва тамаддихоналарда ГМО тақиқланган.

Бизда-чи? Албатта, Ўзбекистонда ҳам бу масалани ўрганиш мутахассислар олдида кўндаланг турган вазифалардан биридир. Шу йилнинг кузига қадар республика Парламентида ГМО сақловчи озуқа маҳсулотларининг Ўзбекистонга кириб келиши ва истеъмолини тақиқлаш масаласи кўриб чиқилади. “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

alt

Манбалар асосида Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади

“Қашқадарё” газетаси

 

  • гимони ратишдан максад манимча азик овкат момосида
    10 март 2016, 19:07

    Гумо биз узбек мехнаткаш халки унеракмас

  • Мехмон Азимов Баходир тошмуродович
    04 март 2016, 20:19

    Шахрисабз шароитида хам етиштириш йулини айтинг

  • Мехмон
    01 март 2016, 11:51

    РАХМАТ !
    Шундай маълумотлар ХАЛКИМИЗ учун, ахоли учун О.А.В. да хам КЕНГ ёритилса МАКСАДга МУВОФИК буларди .

  • Мехмон
    29 феврал 2016, 21:12

    Уз24 таҳририяти сўралаётган маълумотлардан кўпроқ хабардор қилинса яхши бўларди. Бунга албатта ўз муносабатингизни билдирсангиз хурсанд булардим.

  • Мехмон
    29 феврал 2016, 10:03

    Ўзбекистон ҳудудида етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда ГМОдан фойдаланиладими? Бунга муносабат қандай?

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *