Чивин тарқатаётган вирус шунчаки шов-шувми ё чинакам хавф?

фев 22 / 2016

alt

Яқин-яқингача дунё ҳамжамияти парранда гриппи, Эбола, MERSCoV синдроми каби хавфли инфекциялардан азият чеккан бўлса, энди яна бир вирус инсониятга хавф солмоқда.

Бир ойдан ошибдики, ғарбий ярим шарнинг кўплаб мамлакат аҳолиси жумбоқли Зика вируси ваҳимасига тушган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур вируснинг авж олиши ва хавфлилигини эътиборга олиб, халқаро миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилишга мажбур бўлди. АҚШ Миллий олимпия қўмитаси ҳали-ҳамон давоси топилмаган вирусга чалинишдан хавфсираб, шу йил ёзда Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларига бормасликни маъқул кўрадиган спортчиларнинг қарорига эътироз билдирмаслигини маълум қилди. Хўш, сайёрамизнинг асосий спорт мусобақасига таҳдид солаётган — Зика ўзи қандай вирус? У қай йўл билан юқади?

Зика вируси ҳам “Aedes” туркумига мансуб қон сўрар “Aedes aegypti” ва “Aedes albopictus” чивинлари чақиши туфайли юқадиган касалликдир. Бундай қон сўрар чивинлар, айниқса, Бразилиянинг Амазонка чангалзорларида жуда кўп, Рио-де-Жанейро шаҳрида ҳам кам эмас.

Зика вирусига узоқ йиллар давомида одам ҳаётига хавф солмайдиган касаллик сифатида қаралган. Тадқиқотчилар унга илк марта 1947 йилда дуч келишди. Уганданинг Зика ўрмонида сариқ иситмани ўрганиш мақсадида қафасда сақланган мамака маймунида номаълум вирус аниқланади. Шу боис у ўрмон номи билан Зика деб атала бошланди. Мазкур ўрмон ҳудудида Рокфеллер жамғармаси асос солган Вирусларни ўрганиш бўйича Уганда университети жойлашган. 1952 йилда айнан шу тадқиқотчилар томонидан илк марта Зика вируси ва унинг қандай аниқланиши тўғрисида мақола эълон қилади. Орадан икки йил ўтиб, Нигерияда илк бор одамнинг ушбу вирусни юқтириб олгани қайд этилади. Ўшанда тадқиқотчилар мазкур вирус одамга “Aedes” туркумидаги чивинлар орқали юқишини аниқлади. Олимларнинг бу борадаги хулосалари маймун ва сичқонлар устида олиб борган тажрибаларидан сўнг ўз тасдиғини топди. Касаллик 1958 йилга қадар Африка миқёсида фаол ўрганилди. Вирусга чалиниш ҳолатлари 1951-1981 йилларда  Уганда, Танзания, Миср, Марказий Африка Республикаси, Сьерра-Леоне, Габон, Кот д’Ивуар ва Сенегалда ҳам кузатилди. Касаллик фақат бир қитъада қолиб кетмаслиги аниқ эди: кўп ўтмай, Ҳиндистон, Малайзия, Филиппин, Таиландда ҳам вирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилди. 2007 йилда Микронезия ва Полинезияда қайд этилгунига қадар вирус анча вақтгача ўзини “намоён қилмай турди”. Кейин эса 56,15 квадрат километр ҳудудга эга Яп оролида ҳам вирус тарқалгани маълум бўлди. Сўнгра Зика вируси Пасха, Кука ҳамда Янги Каледонияда яшовчи одамларда ҳам аниқланди. Ўшанда шифокорлар ташхис қўйишда қийинчиликларга дуч келди: аввалига улар бу касалликни Денге, Росс-Ривер, Чикунгунья вируси деб ўйлаганди. 2015 йилда Зика вируси Жанубий Америкада ҳам қайд этилди. Ўшандан буён ушбу вирус мазкур материкнинг деярли барча мамлакатларида тарқалишга улгурди.

— Зика вирусини юқтириб олган 80 фоиз беморда касаллик асоратсиз кечади, шу боис одамлар вирусга чалинганларини пайқамаслиги мумкин, — дейди украиналик таниқли тадқиқотчи-шифокор, акушер-гинеколог Елена Березовская. — Қолган 20 фоиз одамда эса вирус шамоллашга ўхшаш асоратларни намоён этиб, кўп жиҳатдан иситма чиқарадиган Денге ёки Чикунгунья вирусини ёдга солади. Зика вируси унча баланд бўлмаган тана ҳарорати, умумий ҳолсизлик, бўғинлардаги оғриқ, одамнинг юз қисмида бошланиб, кейин тананинг барча қисмига тарқаладиган тошма, кўз яллиғланиши сингари асоратларни намоён этади. Одатда, бу ҳолат ўртача 2-3, кўпи билан етти кун давом этади. Инсон организмига кирган вирус қон орқали қисқа муддатда бутун тана бўйлаб ҳаракатланади. Бироқ вирус одамнинг қайси тўқима ёки органларига кўпроқ зарар етказиши ҳозирча номаълум.

Зика вируси ҳомиладор аёлларга кўпроқ хавф солади. Сабаби вирус ҳомиладор аёлдан болага юқса, чақалоқ микроцефалия (бошнинг меъёридан кичик бўлиши) билан туғилади. Бу эса болада ақлий заифлик, кўриш ва эшитиш қобилиятининг пасайишини келтириб чиқаради.

Вируснинг яна бир хавфли жиҳати — у Гийена-Барре синдромини келтириб чиқариши мумкин. У ноёб аутоиммун касаллик бўлиб, мушаклар ҳолсизлиги билан намоён бўлади. 15 фоиз ҳолатда синдром фалажликни келтириб чиқариб, нафас етишмовчилиги сабабли ўлимга олиб келиши ҳам мумкин.

Ҳозирча Зика вирусига қарши вакцина ҳам ишлаб чиқилмади. Шу боис вирусга чалинмаслик учун унга қарши профилактика чораларини кўриш тавсия этилмоқда. Кўплаб мамлакатларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларга Зика вируси қайд этилган мамлакатларга бормаслик, эҳтиёт чораси сифатида тананинг асосий қисмини ёпиб турадиган кийим кийиш, чивин ва ҳашаротларни қочирадиган воситалардан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Рио-де-Жанейро шаҳрида ёзги Олимпия ўйинлари бошланишига олти ойдан сал камроқ вақт қолди. Ҳозирданоқ шу йилнинг 5 августидан бошлаб дунё спортчилари ва мухлисларини ўз бағрида қабул қиладиган спорт иншоотлари 80 фоизга шай. Бироқ Жанубий Америкадаги Олимпияданинг юксак савияда ўтишига бошқа омиллар, хусусан, Зика вируси халақит бериши мумкин.

Яқинда Бразилия соғлиқни сақлаш вазири Марселу Кастро Зика вирусига қарши вакцина тайёрлаш учун давлат бюджетидан беш йил муддатга 1,9 миллион доллар ажратилганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, агар вакцина бир йилдан кейин яратилган тақдирда ҳам, бу дори воситасининг ўша йилдан бошлаб кенг миқёсда фойдаланишга тайёр бўлишини англатмайди. Нима бўлганда ҳам бу борадаги изланишлар, соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари инсониятнинг бугуни ва келажагига хизмат қилиши шубҳасиз.

Манба: “Миллий тикланиш” газетаси

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *