ЧИНОР ФОЙДАЛИМИ ЁКИ....? АЁВСИЗ КЕСИЛАЁТГАН ДАРАХТ ҲАҚИДА

мар 29 / 2016

alt

Сўнгги йилларда бир неча асрлардан буён юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларига нафақат кўрк, балки ёзнинг жазирама иссиқ кунларида қалбга ором баҳш этувчи соя берган, ҳавони чанг ва тутундан тозалаб келаётган чинорлар аёвсиз кесилмоқда. Дарахтлар ичида ўзининг узоқ йил яшаши,  хаттоки шўр тупроқда ҳам ўса олувчи (!), шу билан биргаликда, доривор дарахтлар сирасига кирадиган чинорга нисбатан бундай бешавқатлилик нимада?

Чинор ёки Шарқий платан Италия, Болқон ярим оролида жойлашган мамлакатлар (Албания, Туркия, Греция), Эгей ороли, Ўрта ер денгизи бўйи мамлакатлари ҳамда Ўрта Осиёда кенг тарқалган дарахт туридир. Денгиз сатҳидан 100 метрдан 1500 метргача баландликда ўсади.

Чинор ишқорли тупроқда яхши ўсиб, тутунга бурканган шаҳар шароитида айнан булғанган ҳавони тозалашга хизмат қилади. Чинор узоқ йил яшаши билан кўпгина бошқа дарахтлардан ажралиб туради. Масалан Эгей денгизидаги Кос оролида айланаси 18 метр, баландлиги 36 метр бўлган чинорнинг ёши олимларнинг фикрича, таҳминан 2300 ёшда. Юртимизда ҳам ёши мингдан ошган чинорлар мавжуд. Тошкент вилоятиги Хожикент ҳудудида Баҳовиддин Нақшбандийнинг шогирдларидан бири бўлган Хўжа Ахрор номи билан боғлиқ чинор дарахти ўсади. Хўжа Ахрор даврида экилган чинорларнинг айримлари ҳануз сақланиб қолган.

Ўзбекистонда ёши бир асрдан катта бўлган дарахтлар сони 1 минг 14 тани ташкил этади. Уларнинг барчасига табиат ёдгорлиги мақоми берилган. Биргина Самарқанд  вилояти бўйича 47 та дарахтга «Давлат табиат ёдгорлиги» мақоми берилган. Уларнинг 33 таси шарқ чинори ҳисобланади.  Ургут туманидаги «Чорчинор» маҳалла фуқаролар йиғинида 1000 ёшдан 1087 ёшгача бўлган 6 та, минг ёшгача бўлган  4 та чинор дарахти сайёрамиздаги саноқли дарахтлар сирасига киради. Худди шундай қадимий чинорлар Тайлоқ туманидаги «Пайшанба сиёб», Пайариқ туманидаги «Хўжа Исмоил» маҳаллалари ва Оқдарё туманида мавжуд бўлиб, улар орасида 500 дан 1000 ёшга етганлари ҳам бор. Юқоридаги чинорларнинг барчаси муҳофаза этилади. Шунингдек, Нарпай туманидаги 150 ёшли баобаб, 120 ёшли дўлана ва 100 ёшли қайрағочни, Қўшработ туманидаги 200 ёшдан ошган тут дарахтини, Ургут туманидаги 152 ёшли қрим қарағайи ва 105 ёшли ёнғоқ дарахти ҳам «Давлат табиат ёдгорлиги» мақомига эга. Самарқанд шаҳри Университет хиёбонидаги ботқоқ сарв дарахти эса юртимиздаги энг ноёб дарахтлардан бири ҳисобланади. 100 ёшдан ошган бу дарахт  ЮНЕСКО муҳофазасига олинган. Маълум бўлишича, бир гектар ерга экилган дарахтлар 200 киши нафас олганда чиқариладиган СО2 газини сингдириб, кислород ажратиб чиқаради. Шуни инобатга олган ҳолда юртимизни кўкаламзорлаштиришда чинорларни аёвсиз кесиш эмас, балки уларни кўпайтириш лозим.

Чинор экологик офатларга чидамли дарахт. Бугунги кунда дунё бўйлаб унинг 10 та тури мавжуд. Дарахт кўчатлари март ойининг охири-апрель ойининг бошларида қуёш тушиб турадиган, очиқ жойларга экилади. Кўчатлар тутиб кетмагунига қадар суғорилиб туриши лозим. Фақат қаттиқ қурғоқчиликдагина улар суғоришга муҳтождир.

Чинорнинг даволовчи хусусиятларини Ибн Сино ўзининг “Тиб қонуни” асарида ҳам ёзиб қолдирган. Замонавий тадқиқотлар чинор дарахти пўстлоғида тритерпеноидлар, ситостеринни, баргида фенолкарбон кислота, гидролизлатилганда п-кумар, қаҳва, флавоноидлар, антоцианлар, цианидин, дельфинидинни топишган. Мевасида ситостерин, юқори алифатик углеводород п-гептриаконтан, юқори алифатик спиртлар мавжуд. Буларнинг барчасидан фармоцевтикада самарали фойдаланилади. Томирининг қайнатмаси қон кетишни тўхтатувчи ва илон чаққанда шифо ҳисобланади. Ёш пўстлоқлар қайнатмаси саратонни олдини олади. Улар сирка қўшиб қайнатилса диарея, дизентерия, грипп, тиш оғриғини олдини олишга қодир. Баргларининг димланмаси билан кўз чайқалса конъюнктивлар шифо топади,ичилса саратоннинг олдини олади. 

Шарқий чинорнинг танаси мебель, паркет, фанер ясашда кенг қўлланилади. Чинор остида медитация қилиш фойдалидир. Айнан чинор оғир ҳаёллар, касалликларни қўвади, инсон организмини ижобий қувватга тўлдиради. Айтишларича, буюк Александр Македонский Фарғона водийсига салб юришида чинор остида тўхтаб дам олган ва ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш фикридан қайтиб, сирли равишда Термез томон ўз қўшнини бурган. Балки буюк Зулқарнайн Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Сайроб номи билан  машҳур салкам 1000 ёшли чинор остида тўхтаганида Термизни забт этмаган бўлармиди?! Бугун диаметри 12 метр келадиган  чинорнинг ковагида миллий амалий санъат музейи жойлашган.  Х1Х асрнинг бошларида бу ерда диний мактаб мавжуд бўлиб, 20 нафар бола ўқитилган. Иккинчи жаҳон уруши даврида эса чинор коваги дўконга айлантирилган.

alt

Тошкент шаҳри бўйлаб бу кўркам дарахтлар аёвсиз кесилмоқда. Афсуски, чинорнинг кўплаб фойдали хусусиятларига қарамай республикамиз, хусусан, Тошкент шаҳрида уларнинг ўрнига экилаётган (баъзи ҳолатларда умуман экилмаётган) манзарали дарахтлар шаҳарнинг кўркига кўрк қўшсада, Ўзбекистоннинг жазирама иссиғида чинорлар бераётган салқинни, сояни беришмайди. Маҳаллий хокмият вакиллари эса нега чинорларга “ўгай кўз” билан қаралаётганига жавоб беришмайди. Асосий сабаблардан бири эса чинорлар “зарарли ҳашаротлар билан зарарлангани” деб кўрсатилмоқда. Аммо бу баҳона асоссиз бўлиб, айнан ёши катта чинорларнинг ҳар қандай зараркунандаларга қарши туришини биологлар яхши билишади. Журналист Наталья Шулепина биология фанлари доктори Николай Русанов билан суҳбатида бугунги кунда юртдошларимизни чинорларни кесилиши борасидаги саволларига жавоб излайди. Олимнинг фикрига кўра, чинорнинг ўрнини бирорта дарахт боса олмайди. Юз йиллаб ёшга етиши мумкин бўлган шарқий чинор деярли зараркунандалар билан зарарланмайди. Шу билан биргаликда, у бошқа дарахтлардан фарқли ўлароқ инсонларда аллергик касалликларни ҳам келтириб чиқармайди.

1960 – йилларда Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш масаласи қўйилганда, дейди Н.Русанов, - турли хил дарахт турлари таклиф этилган эди. Энг фойдали ва инсон саломатлиги учун зарарсиз дарахт сифатида чинор танланганди. Чунки оққайин ўз “зираклари”ни тўкишда, тераклар момиққа ўранганда аллергия касалликларини кучайтиради. Теракнинг “эркак” тури бундан мустасно. Шу билан биргаликда, терак ва чинор дарахтларининг барги шаҳар ҳавосини бошқа дарахтларга нисатан 2-3 баробар яхшироқ тозалагани учун уларни экиш мақбулдир.

Наргис ҚОСИМОВА,

Ekolog.uz


Мавзуга оид:

Пойтахтда чинор дарахтлари кесиб ташланаётгани хабар қилинмоқда

Пойтахт аҳолиси чинор дарахтларининг кесилишига қарши арзнома имзолашмоқда

Ободонлаштириш хизмати Тошкент шаҳрида дарахтлар кесилаётгани сабабини тушунтирди

 

  • Мехмон
    05 апрел 2016, 14:30

    Боболаро томонидан экилиб,оталар бошига бир умр соябон бўлган чинорлар ноқобил,нодон фарзандлар томонидан қатағон қилинди. Бу қилмиш оқибатида невара-чеваралар жазирама остида куйиб ўтишади.
    Бир сиқим кўзи оч, ақли ноқислар бой бўлишни ўйлаб амалга оширган жиноятга ҳаммамиз тенг шерик бўлдик. "Олимлар" чинорларнинг зарари хақида "илмий" ишлар қилишди, журналистлар дархт жаллодларини олқишлаб қасидалар битишди. Биз эса ўз тинчимизни ўйлаб сукут сақладик. Эндиги пушаймонлар,фош қилишлар, хулоса ясашлар бир тийинга қиммат.
    Аммо шуниси муҳимки, "қатағон" уюштириш касали хали даволангани йўқ. Кеча чинорларни кесиш кампаниясини уюштирганлар бугун Тошкентда трамвай йўлларини бузишяпти, эртага улар яна бошқа нарса ўйлаб топишади...
    Ёнғоқ дарахтлари танасини сотиб даромад олганлар кимлар,трамвайлар,рейслар элект қурилмалари сотилишидан тушган қанча маблағ кимларнинг чўнтагига тушишини ким билади?

  • Мехмон
    31 март 2016, 08:16

    Қани энди фуқаролик жамияти, қани энди инсон ҳуқуқлари. Тўғри бу мавзуда бу гапларга ўрин ёқ дерсизлар, лекин чинор дарахтларининг кесилиши сабабли вужудга келаётган, келадиган муаммолар инсонларга зарари тегяпдику. Ўша чинор соясида мен эмас, балки бошқа инсонлар бахраманд бўлиши мумкиндир деб ўйлаб кўрсалар бўларди ўша чинор кесувчи "олимлар". Бунга ҳукумат нега жим турибди? Нега депутатларимиз инсонлар, мамлакатимиз фуқароларининг фикрлари билан ўртоқлашмаяпди? Нега депутатлар бу чинор кесувчи "олимлар"нинг фаолиятига чек қўйиш чораларини кўришмаяпди. Балки, бунга улар ҳам шерикдир.

  • Мехмон
    30 март 2016, 11:21

    Чинорнинг кесилишинг энг асосий сабабларидан бири бу дарахтдан яхши мебел ясашади. Кесилган дарахтларнинг хеч қайсси ташлаб юборилмайди, бу дарахтлар кимларгадир соққа келтиради. Шу дарахтлардан пул қилишни истаган одамлар хам борда.

  • Мехмон
    30 март 2016, 10:58

    Тошкентда энди бошланибди. БУ ЧИНОР бизнесчилари Фаргонани кучаларини тозалаб булишганига анча булди. ярамаслар. Энди фаргона шахрида чукуррок жойлашган ахоли манзилларида 1 метр- 2 метрдан сув чикиб кетмокда. канча ахолига моддий зарар етказилдию бу хакда хеч ким уйлаганам йук.

  • Мехмон
    30 март 2016, 08:56

    Фаргона узининг магрур "чинорлари" туфайли Узбекистонни "Швесцария" си деб айтилган. Биздачи Табиатни мухофаза ташкилотлар уз ишларини мазмунини билишмайди хам.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *