Махсус янгиликлар 1 Шархлар 5611 кўрилди

Йўқ чиптага чегирма қилишдан кимга нима наф?

авг 26 / 2018

alt

Аввалроқ ахборот сайтларида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Мустақиллик байрами муносабати билан 31 августдан 4 сентябргача маҳаллий йўналишларда қатновчи йўловчи поездлари ва ҳатто юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob поезди чипталари учун 50 фоизлик чегирма эълон қилгани ҳақида хабарлар ёзилди. Табиийки, бу хабар ортидан ижтимоий тармоқларда темир йўл кассаларида чипта йўқлиги ҳақидаги постлар болалади.

Ҳа, албатта, ахир бу ҳар байрам арафасида қайта ва қайта такрорланаверадиган ҳолат. Одамлар бунга ўрганиб ҳам қолишди. Чегирма эълон қилинган кун бир шов-шув кўтарилади, эртасига эса ҳамма ўз ташвиши билан овора бўлиб буни эсдан чиқаради. Темир йўл кассалари ходимлари ҳам "сценарий" қандай якунланишини билишгани учун, юзда табассум билан узундан-узун навбатларни тарқатишга одатланиб қолишган. 

Мақолани ўқигач, темирйўлчилар “Бу бўҳтон, биз ҳатто одамларга қулайлик яратиш мақсадида қўшимча поездлар қатновини ҳам йўлга қўйяпмиз” дейишлари турган гап. Биз буни инкор этмаймиз, худди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини инкор эта олмаганимиз каби.

Аммо “Ўзтемирйўлйўловчи”нинг темир йўл кассаларида турли "ўйинлар" борлиги ҳақ гап. Шахсан ўзим ҳам бунга гувоҳ бўлганман. Икки ой бурун бир танишим билан Сурхондарёга чипта олиш мақсадида Тошкет шимолий вокзали кассасига бордик. Чипта йўқ дейишди. Нима қилишимизни билмай кўчага чиқиб ўтирганимизда, яқин атрофда бир одамнинг ўтган кетганлардан "Чипта керакми?" деб сўраётганлигини эшитиб қолдик. Кейин билсак, Сурхондарёга билет бор, фақат кассадаги каби 80 минг сўмдан эмас балки 100 минг сўмдан экан. Энг қизиғи, даллолга тегишли ҳаққини берасиз, билетни эса у айтган кассадан бориб оласиз. 

Мени ўйлантирадигани, наҳотки, бу ҳолатдан темир йўл раҳбарияти хабардор бўлмаса. Агар хабари бор бўлса, нега шу пайтгача бирор чора кўрилмаяпти? Саволлар талай аммо жавоб йўқ.

Ана энди танганинг иккинчи томонига назар ташласак. Чипта илинжида Ҳаво йўллари-ю (дарвоқе, самолётга чипта топилиши ҳам амримаҳол айниқса чегирмалисини) темир йўллари кассалари ўртасида югуриб, ҳафсаласи пир бўлган борки, сўнгги чора сифатида "стоянка"га йўл олади.

Енгил автомобилда узоқ йўл юриш бироз хавфли бўлсада (вилоятлараро қатновчи автомобиллар иштирокидаги ЙТҲлар ҳақидаги ҳабарларни кунора ўқиймиз), бошқа илож йўқ. Яна бир жиҳати, ҳайдовчилар байрам кунлари деярли ухламайди. Одатда бир йўловчи учун бир-бирининг ёқасини йиртадиган (ўзику йўловчи ташишга лицензияси йўқ, ҳар постга етганда йўловчиларига қариндошимиз денглар, деб шипшитиб қўядиган) ҳайдовчилар байрам кунлари ўзларини хонлардек ҳис қилишади. Аввал 50 минг сўм бўлган йўл ҳақи 100 минг сўм ва улар истаганича ошиб бораверади. 60, 70 минг сўмдан гапириб кўринг, сизни кўрмаганга олиб ўтираверишади. Халқимизда ажойиб бир мақол бор: “Ётиб қолсанг ҳам отиб қол”, тўғриси-да байрам ҳар куни ҳам бўлавермайдику.

Ҳаво ва темир йўл транспорти чипталарини ҳар доим ҳам сотиб олишни оддий аҳолининг чўнтаги кўтармаса, байрам баҳонасида қани бир фойдаланиб қолай десанг-у, шунда ҳам чипта қидириб топа олмасанг, таксиларнинг борига шукр қилиб, ҳайдовчи айтган отни калласидек нархга рози бўласан-да, манзилга соғ-омон етиб олишни дуо қилиб кетаверасан. 

Тошканбой Келдиёров

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Дониёрбек
    27 август 2018, 11:51

    Ассалому алайкум. Маъколани яхши ёзибсизлар. Шу маъколадан кейин вазиат узгарса яхши буларди. Мен чегирма хакида шу Навруз байрамида интернетда укигандим. Авиакассага борсам, арзон билетга чеирма йук факат кимматларига бор холос деб жавоб беришган. Ундай чегирмани асло кераги йук

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *