Махсус янгиликлар 0 Шархлар 818 кўрилди

Қаришга қарши дори, яранинг сунъий битиши... Келажак тиббиёти қай кўринишда бўлади?

янв 14 / 2019

alt

Биз илм-фан дунёсида рўй бераётган оламшумул кашфиётлар, йирик тадқиқотлар натижаларини эшитишга ўрганиб қолганмиз. Аслида эса соҳада ҳар куни юзлаб, минглаб ўзгаришлар рўй беради ва айнан улар замонавий тиббиётнинг тараққиёти пойдеворига айланиб боради.

Қуйида одам саломатлиги йўлида атиги бир ҳафта ичида дунёга тақдим этилган янгиликлар билан танишишингиз мумкин.

1. Ёшлик молекуласи

Силикон Водийсида вақти-вақти билан оч қолиш - тана ёшариши гарови, деган дув-дув гап юради. Жоржия Университети олимлари «соғлом очлик» назарияси тарафдорлари фойдасига далил келтириб, уларни хурсанд қилди. Олимлар тадқиқоти натижасидан аён бўлишича, соғлом очлик ёки паст калорияли парҳезга қатъий амал қилиш қон айланиш тизимининг мустаҳкамланишига олиб келади.

Олимлар очлик ёки узоқ вақт жисмоний машқлар билан шуғулланиш давомида жигар ажратиб чиқарадиган ўзига хос молекулани кашф этдилар. Бу молекула қон томирлар деворлари қаришининг олдини олади, ундаги ҳужайраларни янада тезроқ бўлинишига ёрдам беради. Тадқиқот муаллифларига кўра, «қариш жараёнининг асосий жиҳати - бу қон айланиш тизимининг қаришидир, сабаби турли аъзоларни қон билан таъминлайдиган томирлар вақт ўтиши билан жуда нозик бўлиб қолади».

Ҳозирда олимлар ёшлик молекуласининг синтетик аналогини яратиш устида бош қотирмоқда.

"Одамларни суткалаб овқатланишдан тийиш жуда қийин, аксарият одам бунга дош бера олмайди. Бироқ биз нормал овқатланадиган одамларда сунъий молекула билан ўхшаш таъсирни юзага келтириш йўлини топа олсак, кўп касалликларга қарши кураша олар эдик," дейди улардан бири.

2. Аёллар ва эркаклар алкоголизмининг фарқи

alt

Америкалик олимлар алкоголнинг ҳар хил сичқонлар турига мансуб эркак ва урғочиларга доимий таъсирини ўрганиб кўрдилар. Маълум бўлишича, ичкилик урғочи кемирувчиларнинг гормонал фон ва иммунитет ҳосил қилувчи генларига таъсир қилса, эркакларнинг асаб тизимига масъул бўлган генларини зарарлар экан.

Олимлар, айни вақтда, узоқ вақт алкогол таъсирида юрган сичқонларнинг миясида юз бераётган жараёнларни ҳам кузатиб бордилар.

Сўнг улар «эркаклар учун мўлжалланган» даволаш усулини урғочиларга (ва урғочиларга мўлжалланган дориларни эркакларга) қўллаб кўриб, эркаклар ва аёлларни алкоголизмдан даволаш усуллари турлича бўлиши лозим, деган хулосага келдилар.

Аммо бу иш устида ишлаган мутахассислар мавзу янада чуқурроқ таҳлил этилиши зарурлигини таъкидлайди.

3. Ҳорғин кайфият

alt

Жанубий Калифорния Университети олимлари ҳали мияда пайдо бўлиб улгурмасидан олдин кайфият қачон тушиб кетишини башорат қилишнинг инновацион усулини тақдим этдилар.

Бу кашфиётнинг ўзига хос томони шундаки, миямизда ҳосил бўладиган ҳиссиётлар соғлигимизга бевосита таъсир ўтказади ва уларни олдиндан башорат қилиш турли руҳий касалликларни даволашда қўл келиши мумкин. Тадқиқот муаллифларининг ёзишича, кашф этилган усул нафақат тушкунлик, балки гиёҳвандликка ружу қўйиш, сурункали оғриқлар ёки бирор шикастланишдан сўнг сақланиб қоладиган асоратларга қарши курашишда катта ёрдам бериши мумкин.

Янги усул миясига хуружларни кузатиб турувчи чип ўрнатилган эпилептиклар (тутқаноғи бор одамлар)да синаб кўрилди. Беморлар ўз ҳиссиёти тўғрисидаги саволларга жавоб бераётган чоғда олимлар уларнинг миясидан келаётган сигналларни қайд этиб бордилар. Олинган маълумотлар асосида, тадқиқотчилар асаб сигналларини «таржима қилувчи» усулни ишлаб чиқдилар.

"Агар биз аниқ бир вақтда беморнинг кайфияти қандай эканлигини юқори аниқликда била олсак, у ҳолда ундаги оғир асоратли ҳиссий ўзгаришлар олдини олиш учун беморнинг миясига электр билан таъсир ўтказа оламиз. Биз яратган усул ёрдамида ҳар бир бемор учун тушкунлик ва юқори даражали хавотир каби руҳий-асабий бузилишларни даволашда алоҳида ёндашув ишлаб чиқиш мумкин бўлади", дейди тадқиқот раҳбари Марям Шанечи.

4. Ўзи битувчи яралар

alt

Олимларнинг ваъда беришича, яқин келажакда, масалан, куйиш ёки баъзи касалликлар асорати бўлмиш катта яралар, терининг шикастланишини беркитиш учун беморлар пластик жарроҳ тиғи остига ётишга мажбур бўлмайди. Янги тадқиқот яра ёки жароҳат ўз-ўзидан битиши учун зарарланган тери ҳужайраларини «қайта дастурлаб қўйиш» мумкинлигини кўрсатмоқда.

Генни қайта таҳрирлаш усули ёрдамида америкалик олимлар жароҳатланган эпителий (терининг юқори қисмини қоплаб турувчи тўқима) ҳужайраларини соғломлаштиришга муваффақ бўлдилар. Ҳужайраларнинг регенерация (қайта тиклаш) жараёни ишга туширилиши билан лаборатория сичқонлари терисидаги яралар ўз-ўзидан бита бошлаган.

"Мазкур кашфиёт нафақат шикастланган тери регенерацияси, балки қариш натижасида фаолияти бузилган тўқималарнинг қайта тикланиши каби бошқа кўплаб паталогияларда ҳам қўл келади", таъкидлайди тадқиқот муаллифлари.

5. Шахсиятнинг «қора томони»

alt

Ишга кириш чоғидаги суҳбат ёки анкетада нега «чалғитувчи саволлар» бўлади деб ўйлайсиз? Бир гуруҳ олимлар ушбу масалани ўрганиб кўрдилар.

«Ню-Йоркда қанча дераза борлигини ҳисоблаб беринг» каби саволлар суҳбат ўтказувчи томонидан суҳбат давомида номзодни чалғитиш, ғазабини қўзғаш учун уринишга бир мисолдир, ёзади тадқиқотчилар. Нега суҳбат ўтказишга масъул шахслар бундай саволлар билан номзоднинг бошини берк кўчага киритиб қўйишга ҳаракат қилади?

Тадқиқот муаллифлари бундай саволларни тузувчилар шу йўл билан ўзининг энг тубан истакларини қондиришга интилади. Тадқиқот давомида 700 нафардан зиёд иштирокчиларга муаллифлар томонидан тузилган саволларнинг энг ёққанини танлаб олиш таклиф этилди. Улар ичида одатийлари билан бирга «разилона» саволлар ҳам бор эди.

Жавобларни таҳлил қилиб кўрган олимлар шундай хулосага келдилар: эркак иштирокчилар аёллардан кўра кўпроқ «ғараз мақсадли» саволларни танлаган ва бу танлов нартсиссизм ҳамда садизм каби шахсиятнинг салбий жиҳатлари билан боғлиқ экан. Шунингдек, бундай саволларни танлаган иштирокчилар жамиятга унчалик қўшилмаслиги, одамови эканлиги ҳам аниқланди.

"Одамни 'синдириш' учун тузилган саволлар номзоднинг салоҳияти ҳақида кам маълумот беради, аммо савол тузувчи ёки суҳбат ўтказувчи шахсиятининг 'қора томонлари'ни бизга очиқлаб беради," изоҳлайди тадқиқот муаллифлари.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *