Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1066 кўрилди

Тошкентда одамларга сохта тилла буюмларни сотиш билан оилавий шуғулланиб келган жиноий гуруҳ ушланди (видео)

фев 12 / 2019

alt

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан пойтахтимизда яширинча яшаб келаётган оилавий фирибгарлар қўлга олингани тўғрисида аввалроқ хабар қилган эдик.

Ушбу шахслар фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун Фарғона филояти ИИБ томонидан қидирувга берилган эди. Қидирувга берилган гуруҳ Тошкент шаҳри, Учтапа туманидаги хонадонларнинг бирида ушланган. Жиноятчиларни қўлга олишда тезкор гуруҳга оиланинг барча аъзолари фаол қаршилик кўрсатишган. Бу ҳақда “Замон” кўрсатувида лавҳа берилди.

Фирибгарлар гуруҳи одамларнинг ишончига кириб, тилла тақинчоқ ўрнига уларнинг қалбакиларини сотиш билан шуғулланиб келган. Улар харидорни ишонтириш учун уларга ҳақиқий тиллани кўрсатишган, ҳаттоки заргарга текширтириб, унинг ҳақиқийлигини тасдиқлатиб ҳам олишган. Харидор пулни санаётган вақтида тақинчоқлар аслисини ўрнига қалбакисини бериб юборишган.

2017 йилнинг 10 март куни соат 12:30ларда Юнусобод туманида жойлашган Mega Planet савдо марказида ишловчи Зулхумор Тожиметова бегона аёллардан 2 дона тилла узук ва 2 дона тилла занжирни 700 АҚШ долларига сотиб олган. Аммо харид қилган тақинчоқлари тилла эмас, оддий сариқ рангли мис метал қоришмасидан ясалган эканлигини билганида эса кеч бўлган.

Уларнинг навбатдаги режаси Учтепа туманида жойлашган “Карвон” бозорига қаратилган.  Бу ерда сотувчи бўлиб ишловчи Хотам Бобораҳматов хийлагар аёлларнинг тузоғига қандай тушиб қолганлигини англаб етмасдан, улар бу жойни ҳам тарк этишган.

– Мен бу ишни 20 йилдан бери қиламан. Онам ҳам шу иш билан шуғулланиб келган, деган айбланувчи О.Соҳибова.

О.Соҳибова аввал ҳам кўп инсонларни чув тушириб, бир неча маротаба судланган. Охирги марта 2013 йил 6 йилу 7 ойга озодликдан маҳрум этилган. Амнистия туфайли унинг ўталмай қолган 4 йили ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган эди. Берилган озодлик ушбу аёл учун фирибгарлик орқали мўмай пул топиш дардидан устун бўла олмади. У ҳатто ўз фарзандларини ҳам ушбу қинғир жиноятга бошлади. Алдов туфайли доим одамлардан қочиб юриши сабаб бу оиланинг ҳатто муқим яшаш жойи ҳам бўлмаган. Оқибатда фарзандларининг биронтаси ўрта мактабда таълим олмаган.

ВИДЕО:

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *