Махсус янгиликлар 0 Шархлар 4228 кўрилди

Самарқандда судьялар кимга хизмат қиляпти?

мая 15 / 2019

alt

Насиба Худойқулова 1982 йили Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Чоргўша қишлоғида туғилган. Пахтачи тумани педагогика коллежини «Мактабгача таълим муассасаларида ва бошланғич синфларда жисмоний тарбия ташкилотчиси» мутахассислиги бўйича тугатган. 

У илк бор 2000 йилда Зиёвуддин қўрғонида яшовчи Бахтиёр Улуғовга турмушга чиққан. Эрининг айтишича, бир кун ҳам яхши яшамаган. Нуқул онасиникига «қочган». 2001 йилда қизи, 2003 йилда ўғли туғилган, аммо уч ойлик эмизикли болани отасига ташлаб, ажрашиб кетган. Судда болаларидан воз кечган. («Мен онангман», деб борганида эса, бўй етиб қолган қиз ва ўғил ҳам ундан воз кечган!) 

Иккинчи марта Нарпай тумани Чақар қишлоғида яшовчи Жасур Исмоиловга турмушга чиқади. Эгизак фарзанд кўради. Ҳусанини отасига ташлаб, ногирон туғилган Фотимасини олиб, иккинчи эридан ҳам ажрашиб кетади. 

Учинчи мартасига Пахтачи туманидаги Боғолони қишлоғида яшовчи Жавлон Ибодовга турмушга чиқади. Бир йилда бу эри билан ҳам ажрашади. 

2010 йил 1 ноябрдан 2013 йил 11 февралгача Навоий шаҳридаги 16-махсус (ногирон болалар учун) боғчада ярим ставка тарбиячи лавозимида ишлайди. Жами иш стажи 2 йил 3 ой 11 кун. 

2017 йил 15 ноябрдан Самарқанд шаҳрига келиб, Рудакий кўчаси 7-уйда ижарада туради ва ўша кундан хат ёзиш мумкин бўлган жамики идораларга ногирон боласи борлигини пеш қилиб, аввал аравача, кейин бошпана, кейин моддий ёрдам, кейин иш, кейин уй сўраб хат ёза бошлайди. Президент қабулхонасига устма-уст қилган мурожаатлари ўрганилиб, тегишли ёрдам берилади, аммо унинг дипломи билан у сўраган иш ва у сўраган уйни беришнинг имкони йўқлиги тушунтирилади. 

Шундан кейин ногирон қизини судраб, барча идораларнинг раҳбарларига «ҳужум» бошлайди. Шаҳар ва вилоят хотин-қизлар қўмиталари раисидан бошлаб, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раисигача, шаҳар ва вилоят ҳокимларидан тортиб, Халқ таълими вазиригача, ҳатто Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлисгача тинимсиз шикоят қилади. 

Адоғи йўқ шикоятбозликдан безор бўлган вилоятнинг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев Насибанинг боласига аравача ҳам беради, темир йўлчилар ётоқхонасига ҳам жойлаштиради, энг қизиғи, «Битта аёлга тўрт соат иш топиб беринглар, мен шундан қутулай!» дея шаҳар ва вилоят ХТБ бошлиқларига айтиб, Самарқанд шаҳридаги 48-мактабга, Н.Худойқулова истаган ишга — ўзининг 4-синфда ўқиши керак бўлган ногирон боласига уй муаллимаси қилиб ишга ҳам жойлаб қўяди. 

Ногирон қизининг орқасидан мақсадларига эришаётган аёлнинг нафси ҳакалак отиб кетаверади. Энди у вилоят ҳокимидан ногирон қизи учун уй сўрайди. Спитамен шоҳкўчасида қурилган 161-уйдан Худойқулованинг ногирон қизи учун икки хонали хонадон ажратилади. 

Энди у юқори синфга ўтган қизига алоҳида фан ўқитувчилари ўтиши шарт бўлган «10 та фанни ҳам ўзим ўқитаман, бунинг учун менга тўрт ярим миллион сўмдан ойлик тўлайсан, қўшимча ҳам, устама ҳам тўлайсан», деб талаб қила бошлайди. 

Аслида, бошланғич синфда ҳам боласига дарс беришга ҳақи бўлмаган, коллеж дипломига ва боғчадаги ярим ставкали 2 йил 3 ой 11 кун иш стажига эга бўлган аёл олий маълумотли ўқитувчи ҳам сўрашга ҳақли бўлмаган нарсани талаб қилади. Табиийки, мактаб директори Шаҳло Ҳасанова унинг талабини қондиришнинг имкони йўқлигини айтади ва у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади. Бунгача у касаба уюшмасининг ҳам, шаҳар ва вилоят ХТБ раҳбарларининг ҳам тегишли қарорини олади. 

Н.Худойқулова мактаб директорини судга беради ва Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судидан «иш»ни чақириб олган ФИБ Самарқанд вилоят суди Худойқулованинг «Ўз ишига тиклаш» талабини қаноатлантиради. Яъни, коллежни битирган, саводи ҳам ҳаминқадар бўлган аёл 5-синфдан 11-синфгача ўз боласини ўзи ўқитишини қонунлаштириб берди. 

Уят жойи шундаки, Насиба Худойқулованинг судда раислик қилувчига «Агар талабимни қондирмасангиз, кеча меникида тунаб қолганингизни ҳаммага ошкор қиламан!» деган гаплари ҳал қилувчи рол ўйнайди. (Судда иштирок этганларнинг барчаси буни тасдиқлади.) 

Бу қарорга на мактаб директори, на шаҳар, на вилоят ХТБ кўнади. Улар апелляцияга беришади. Аммо апелляция судида ФИБ вилоят суди раиси Тожибоев аввалги қарорни ўз кучида қолдиради. Мактаб директорининг важлари, бунақа диплом билан бу аёлга иш бериб бўлмаслиги ҳақидаги эътирозлари ҳам, қолаверса, Худойқулова ҳозир бошқа жойда яшаётгани ва у ҳудуд бошқа мактабга қарашли экани ҳам эътиборга олинмайди. Қайтанга унга ЖКнинг 232-моддаси эслатиб қўйилади: «Суд қарорини қасддан бажармаслик жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади». 

Хуллас, суд нотўғри қарор чиқариб, қонун номи билан мактаб директорини ноқонуний иш қилишга мажбур қилади. Суд қарорини таъминлаш мақсадида мактаб директори Н.Худойқуловага технология фанидан 1 соат дарс бериб, иш билан таъминлашга мажбур бўлади. Қолган дарсларни ўтиш учун гарчи мактаб ва унинг уйи орасидаги масофа узоқ бўлса-да, фан ўқитувчиларини тайинлайди, уларга алоҳида дарс жадвали тузади. Аммо Н.Худойқулова 10 та фанни ўзи ўқитиш илинжида бирорта ўқитувчини уйига киритмайди. Борган ўқитувчиларни «Боламни заҳарлайсизлар, ўлдириб кетасизлар», деган туҳмат билан уриб, сўкиб ҳайдайди. 10 та фанни ўзи ўқитаётгани учун фантастик маошни талаб қилиб, турли идораларга шикоятбозликни бошлайди. 

Уйига келган ўқитувчиларни уриб, сўкиш билан қаноатланмаган Насиба Худойқулова 48-мактабга бориб, у ерда ҳам ҳақорат қилиб, ҳатто бир неча ўқитувчини, хусусан, директорни, директор ўринбосарларини ҳам уриб келади. 23 апрель куни директор ўринбосари Дилдора Бўриевани ҳомиладор эканига ҳам қарамасдан уриб, дўппослаб, юз-қўлларини, қулоқларини юмдалаб ташлайди. (Д.Бўриева тиббий экспертизадан ўтган.) 

Суд қароридан норози бўлиб, барча юқори ташкилотларга шикоят қилган мактаб директорининг мурожаатлари жавобсиз қолгач, у менга мурожаат қилди. 

Мактабга бориб, ўқитувчилар жамоаси билан суҳбатлашдим. Барча бир овоздан Насиба Худойқуловадан безорлигини, у билан бирга ишлашни хоҳламаслигини, унинг хулқи бузуқ, тарбиясиз, ўта маданиятсиз эканини айтди. Қизини ўқитишга масъул бўлган ўқитувчилар ҳам бир овоздан унинг уйига бормаслигини айтди. 

— Бу аёлнинг руҳий хаста экани, жуда тажовузкор экани кўриниб турибди, — деди кекса ва тажрибали ўқитувчилар. — Уни холис психиатр иштирокида тиббий кўрикдан ўтказиш шарт. Бунақа тажовузкор аёлни нафақат дарс бериш, балки оналик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этиб, фарзандини ундан ҳимоя қилиш керак. 

Мен муаллимлар ошириб юбораётгандир, дедим ва бир неча ўқитувчилар билан бирга у яшайдиган уйга бордим. Маҳалла фаоли ва қўшнилари билан унинг эшигини тақиллатдим. 

— Кимсан? Ким сени ёллаган? Бор, тошингни тер! Авлиё бўлсанг ҳам уйга киритмайман! 

Биринчи эшитганим шу сўзлар бўлди. Ўзимни таништиргач, эшикни очди. Аммо бирдан директор ва бошқа ўқитувчиларга ташланди. Уларни ҳақорат қилиб, икки ўқитувчининг юзига бир шаппатдан урди. 

Бир илож қилиб, ичкари кирдик. 

— Сизни ҳам ўша юбордими? 

Мен «ўша»нинг кимлигига қизиқдим. Хуллас, Насиба билан суҳбатимиз қовушмади. Унинг эшитиш қобилияти мутлақо йўқ эди. Унда тўхтовсиз гапириш, гапирганда ҳам баланд овозда, эркаклар ҳам айтишга уяладиган сўзларни, қилиқларни ишлатиб (қўлини кўрсатиб) гапириш, шанғиллаш қобилияти бор эди.

— Ким бўлсанг бўл, қаерга борсанг бор, нима деб ёзсанг ёз! Сенларни бир тийинга олмайман! Боламни ўзим ўқитаман! Менга тўланмай, йиғилиб қолган юз миллион сўм маошимни ундираман! Директорни ишдан олдираман! Шунгача ишим суд билан битган, мактабини ҳам, маҳалласини ҳам, ҳаммасини судга бераман! Ҳаммасини қаматаман! Судлар мен томонда! Сенга жавоб беришга мажбур эмасман, уйимни бўшатиб қўй! 

Бу сўзлардан кейин унинг уйини бўшатмасликнинг иложи йўқ эди… 

Мен ана шундан кейин у ўсган маҳаллага, ўқиган, ишлаган, яшаган жойга бордим. Бирор жойда у ҳақида бир оғиз илиқ сўз эшитмадим. Қайтанга ёлғончилигига, қалбаки ишига гувоҳ бўлдим. Меҳнат дафтарчасида Пахтачи туманидаги 43-мактабда уч йил ишлагани ёзилган бўлса-да, аслида у мактабда бир кун ҳам ишламагани ошкор бўлди. 

— Мени ҳам «шантаж» қилиб, меҳнат дафтарчасига сиртқи ўқишга кириши учун уч йил сохта стаж ёздириб олувди, — деди мактабнинг ўша вақтдаги директори Боймурод Эшмуродов. (У ҳам энди бу «иши» учун жавоб беради!) 

Навоийдаги махсус боғчада ҳақиқатан ҳам икки йилдан ошиқроқ вақт ярим ставка тарбиячи бўлиб ишлаган, аммо у ерда ҳам роса ҳунар кўрсатган экан. 

Бу можарога Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимларининг муносабати билан қизиқдим. Уларнинг сўзларини батафсил келтирмайман, аммо барчаси Н.Худойқуловага жуда ёмон тавсифнома бериб, суд қарори нотўғри эканини айтди. Суддан қўрқиб, 48-мактаб директорига ноқонуний тарзда Н.Худойқуловани иш билан таъминлашни буюрганларини таъкидлашди. 

— Аслида, бу аёлни таълим соҳасига яқинлаштирмаслик керак, — деди Самарқанд шаҳар ХТБ мудири вазифасини бажарувчи Рўзимурод Маҳмудов. — Аммо у ХТБга келиб жанжал қилишидан, бизни ҳам уриши ёки шаънимизга ёмон туҳмат қилишидан қўрқамиз. 

— Суд дипломи ҳеч қандай педагогик фаолият кўрсатиш ҳуқуқини бермайдиган одамни ишга тиклаш ҳақида қарор чиқарса чиқарибди, аммо унга ойлик тўланса, суд эмас, бошқа идора директорнинг ишини текшириб, унга жиноий иш очади. Чунки, Худойқуловага юқори синфларда дарс ўтди, деб ойлик тўлаш — молиявий жиноят. Фуқаролик суди Худойқуловани хурсанд қиламан, деб мактаб директорини молиявий жиноятга етаклаяпти, — деди ХТБнинг молия-назорат бўлими бошлиғи Ҳусниддин Мустафоев. 

Шаҳар ХТБ ҳуқуқшуноси Олим Абдусамиев суд қарори ҳақида шундай деди: 

— Суд Худойқулова ҳақида биздан хулоса олиши керак бўлса-да, фикримизга қулоқ ҳам солмади. Фақат унинг манфаати ҳимоя қилинди. Мактаб, таълим соҳаси, ёш авлод келажаги, мактабда бу аёлнинг соғлом муҳитни бузаётгани ҳақида ўйламади ҳам, эшитмади ҳам. 

— Кимнидир ишга олиш, дарс соатларини тақсимлаш каби ишларда мактабга ташқаридан тазйиқ ўтказилиши мумкин эмас, — деди вилоят ХТБ бошлиғи ўринбосари Улуғбек Мамарасулов. — Қандай ташкилот бўлмасин, юқори идораларнинг талаби қонунга зид бўлса, мактаб раҳбариятининг бу талабни бажармасликка ҳақи бор. 

Мен 48-мактаб директори Худойқулова билан тузилган меҳнат шартномасини ҳақли равишда бекор қилган, деб ҳисоблайман. Суднинг Худойқуловани ишга тиклаш тўғрисидаги қарори Ўзбекистоннинг барча қонунларига зид. 

Ҳа, айтганча, Самарқандда судьялар кимнинг манфаатини ҳимоя қилаётганини англаб етгандирсиз? 

Аммо нега? Нима учун? Ниманинг эвазига? Ёки ҳалиги гап қуруқ пўписа эмасмиди? 

Муаллиф, 48-мактаб жамоаси, Самарқанд вилоят ХТБ раҳбарлари Ўзбекистон Олий Судидан ушбу мақолани ва журналистик суриштирув натижалари акс этган ҳужжатли фильмни ФИБ Самарқанд вилоят суди қарори устидан киритилган раддия, яъни протест деб қабул қилишини, Н.Худойқуловага оид ишни адолат билан кўриб, холис қарор чиқаришни талаб қилади. Агар вилоят суди қарори ўз кучида қолдириладиган бўлса, “Насиба Худойқулова вилоят судяларининг фарзандларига ҳафтасига бир марта таълим-тарбия берсин”, деган қўшимча банд киритилишини сўрайди. 

Журналистик суриштирув асосида суратга олинган ҳужжатли фильм бу ерда.

Каримберди Тўрамурод

"Маърифат" газетаси

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *