Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1060 кўрилди

Новвойхонадан ўғирлаган муҳр ва штамплар ёрдамида «InFin Bank»ни чув туширишга уринганлар фош бўлди

мая 02 / 2019

alt

2018 йилнинг май ойида «InFin Bank»нинг Зангиота филиали ходимлари банкдан кредит олган айрим фуқароларнинг тўлови масаласида муаммолар юзага келаётганини сезиб қолишди. Вақтни ўтказмай, уларнинг яшаш манзилига йўл олишди. Бироқ, мижозларни топишнинг иложи бўлмади. Банкка тақдим этилган иш жойи ҳақидаги маълумотномага асосан МЧЖ  жойлашган манзилдаги ДСИдан маълумотнома сўралди. Улардан мазкур МЧЖ узоқ вақтдан буён фаолият юритмаётгани ҳақидаги хабарни олгачгина, тақдим этилган ҳужжатлар қалбакилаштирилганини билиб, ИИБга ариза билан мурожаат қилишди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашрида мақола чоп этилди.

Суриштирувдан маълум бўлишича, кредит олган тўрт нафар фуқароларнинг барча ҳужжатлари аслида бир одам — 1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Аваз Раҳматов (исм-фа­милия­лар ўзгартирилган) томонидан банк­ка топширилган экан. Бу ишда унга танишлари Икром Ҳаитов, Раҳимжон Болтаев ҳамда Козим Маматов яқиндан ёрдам беришади. Жумладан, ўтган йил февраль ойида фуқаро Ҳалимжон Тоиров гўё 2017 йилдан «Sayyora Toshkent savdo» МЧЖда нов­вой бўлиб ишлаётгани ҳақида маълумотнома тайёрлайди. МЧЖ раҳбари ўрнига ўзи имзо қўяди, муҳр ҳамда тўртбурчак штампни босади. Шунинг­дек, иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳақи­даги маълумотномани ҳам қойиллатади. Сўнгра, «Имтиёз техника» МЧЖ билан олди-сотди шартномаси тузиб, истеъмол кредити олиш учун ўзи тайёрлаган қалбаки ҳужжатларни «InFin Bank»нинг Зангиота филиалига тақдим этади.

Шундай қилиб, ушбу ҳужжатлар асосида банк томонидан фуқаро Ҳ.Тоиров номига кредит олиш учун 11 миллион 560 минг сўм маблағ «Имтиёз техника» МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Ўз навбатида, Аваз Раҳматов кредит маблағи эвазига олинган иккита телевизор билан икки дона микротўлқинли печ ҳамда кондиционерни номаълум шахсларга сотиб юборади. Пулини ўз эҳтиёжлари учун сарф­лайди.

Банкнинг иккинчи «мижоз»и Аваз Раҳматовнинг укаси Адҳам Раҳматов ҳисобланади. Аваз Раҳматов унга ҳам гўё 2017 йилдан «Sayyora Toshkent savdo» МЧЖда новвой бўлиб ишлаётгани ҳақида маълумотнома тайёрлаб беради. Бу сафар ҳам МЧЖ раҳбари ўрнига ўзи имзо қўйиб, муҳрини ҳам босади. Барча «ҳужжат»лар тайёр бўлгач, яна эски усулда банк томонидан «Имтиёз техника» МЧЖнинг ҳисоб рақамига истеъмол кредити олиш учун 11 миллион 460 минг сўм пул ўтказиб берилади. Ушбу маблағ эвазига олинган телевизор, микротўлқинли печ ва кондиционер А.Раҳматов томонидан номаълум шахсларга сотиб юборилади.

Аваз Раҳматовнинг навбатдаги «ўлжаси» фуқаро Шаҳбоз Муродов ҳисобланади. «Bilol Nice Business» МЧЖда ишлаш у ёқда турсин, ҳатто шу номда МЧЖ борлигини умуман эшитмаган Ш.Муродовнинг номига Аваз Раҳматовнинг «маҳорат»и билан «Ш.Муродов ҳақиқатан ҳам «Bilol Nice Business» МЧЖда оператор лавозимида ишлайди», деган маълумотнома тайёрланади. Қарабсизки, кўп ўтмай «InFin Bank»нинг Зангиота филиали томонидан «Имтиёз техника» МЧЖнинг ҳисоб рақамига истеъмол кредити олиш учун 12 миллион 700 минг сўм пул ўтказилади. Бу пуллар эвазига олинган иккита телевизор билан кондиционер номаълум шахсларга сотилиб, пули ўртада тақсимланади.

Айни ўша кезларда Аваз Раҳматовнинг шарофати билан «Prado Mobile» МЧЖнинг эшигига ҳам йўламаган фуқаро М.Каримовнинг номига мазкур МЧЖда «бош оператор» лавозимида иш­лаши ҳақида маълумотнома тайёрланади. Бу гал ҳам эски усулдан фойдаланган «азаматлар» 11 миллион 910 минг сўм маблағ эвазига олинган уч дона телевизорни сотиб юборишади…

Айтмоқчи, Аваз Раҳматов МЧЖларнинг муҳр ва штампларини қаёқдан олган дерсиз? Аниқланишича, тўрттовлон Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Prado Mobile» МЧЖга қарашли новвойхона эшиги очиқлигидан фойдаланиб, ичкарига киришади. Стол тортмасидан «Prado Mobile» МЧЖ ҳамда «Sayyora Toshkent savdo» МЧЖга тегишли думалоқ муҳр ва штампларни олиб, жуфтакни ростлашади…

Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди томонидан Аваз Раҳматов, Икром Ҳаитов, Раҳимжон Болтаев ҳамда Козим Маматов Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айб­ли, деб топилди ва уларнинг ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинланди.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *