Махсус янгиликлар 0 Шархлар 2190 кўрилди

Наманганда 7 ёшли набирасини жиноятга ундаган бувининг қилмишлари фош бўлди

фев 07 / 2019

alt

Одинахон Аллақулова (исм-шарифлар ўзгартирилди) Косонсой туманида яшайди. Халқимизда элликка кирса, элакдан ўтади, деган гап бежиз айтилмаган. Чунки бу ёшда ҳар қандай инсон бугунидан кўра, эртасини ўйлашга, айниқса, фарзандлари, невара-чеваралари тарбиясига алоҳида эътибор қаратишга интилади. Одинахон эса, бир жойда ёлчитиб ишламаган, умр дафтарини фақат ёмонликлар билан тўлдирганлар сирасидан эканлигини етти ёшли набираси Баркамол орқали яна бир бор кўрсатиб қўйди.

Яратилган шароитлардан фойдаланиб, кўпчилик қариялар набираларини турли тадбир ва спорт тўгараклари сари етаклаб борса, у Баркамолга жирканч иллатлардан бири, яъни ўғирликнинг «тартиб-қоидалари»ни ўргатади.

– Эртага сени Наманган шаҳрига олиб бораман. Истироҳат боғига кирамиз, маза қилиб аттракционларда учасан. Фақат у ерда ўйнаш учун ўргатганларимни тўғри бажарсанг, яхши нарсалар ҳам олиб бераман, – дейди у Баркамолга.

Эртаси куни улар Наманган шаҳрида жойлашган савдо мажмуасининг иккинчи қаватига чиқиб харидорларни кузатишади.

– Анави келаётган аёлни кўряпсанми? Яхшилаб таниб ол. Унинг қўлидаги сумкани, қандай бўлмасин, ўзимизники қилишимиз керак, – дейди у неварасига.

Аёл кийим-кечак­лар бўлимига кириб, қўлидаги буюмларни бир четга қўяди, сотувчи билан савдолашаётганда, фурсатдан фойдаланган Баркамол сумкани қўлга киритади. Четга чиқиб, унинг ичидаги 700 минг сўм пул, бир қанча Россия рубли ва уяли телефонни олиб, қолган буюмлар ҳамда иккита фуқаролик паспортини чиқиндихонага ташлаб кетишади.

Бировнинг мол-мулкини нопок йўл билан қўлга киритган Одинахон ўғирланган пуллар ҳисобига бозордан турли буюмлар сотиб олиб, ҳеч нарса кўрмагандек юраверади.

Савдо мажмуасидаги воқеадан хабар топган Наманган вилояти ИИБ ходимлари ҳам анойилардан эмас эди. Шу боис улар арқонни узун ташлаб, Одинахон ва унинг набирасини кузатувга олади.

«Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас», деганларидек, Одинахон ҳам уйида тинч ўтиролмайди: бировнинг пешона тери билан топганини бир зумда қўлга киритиш учун турли режалар тузади ва ниҳоят, набирасининг қўлидан тутиб яна Наманган шаҳрига келади.

Унинг бу галги «ўлжа»си шаҳардаги Шарқ тонги маҳалласида жойлашган «Жозиба» савдо дўконидан чиқиб қолади. Шу жойдан у-бу нарса харид қилиб кетаётган Наргиза Очилова дўкондан чиққач, бироз юради-да, негадир яна қайтиб келиб, сотувчи билан суҳбатга берилади-да, елкасидаги сумкасини ҳам унутади.

– Айни мавриди келди, ишга кириш, болам, – дея Одинахон Баркамолнинг қўлига ўткир кескич жисм беради ва ҳали ҳеч нарсанинг фаҳмига етмайдиган ўз жигарбандини жиноятга бош­лайди. Бу гал ҳам «омади юришган» буви билан набира овлоқроқ жойга келиб, қўлга киритган сумкани апил-тапил очишади. Унинг ичида бўлган тилла буюмлар, тилла тақинчоқлар, 
жами 7 миллион 325 минг сўмлик қимматбаҳо буюмларни олиб, жабрланувчига тегишли фуқаролик паспорти ҳамда бўш қолган сумкани бутазорлар орасига улоқтиришади ва воқеа жойидан жуфтакни ростлашади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди Одинахоннинг қилмиш­ларига қонуний баҳо берди.

Манба: "Постда" газетаси

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *