Махсус янгиликлар 0 Шархлар 399 кўрилди

Эътиборсизликми ёки манманлик?

янв 11 / 2019

alt

Автобусда кетаётиб 3-4 та мактаб ўқувчиларининг суҳбатига гувоҳ бўлдим. Улар тахминан 5 ёки 6-синф ўқувчилари эди. Оқ кўйлакнинг тугмалари ечилган, қўлида сўнги русумдаги телефон, қулоқларида қулоқчин тақилган. Уларнинг қанақа қўшиқ эшитишаётганини атрофдаги одам англаши қийин эмас. Қўлларида мактаб сумкаси ўрнида икки дона умумий дафтар. Бирининг қўлида фақат телефони бор. Сўнгги русумдаги бўлса керак. Тинмай унинг имкониятини ёнидаги ўртоқларига мақташ билан оввора. Шу орада кимларгадир қўнғироқ ҳам қилиб олди. Гаплашиб бўлгач яна телефони ҳақида оғиз тўлдириб сўзлай кетди. Блутс, интернет, радио, телевидение, смс, ммс, икпорт, фотодизайн, ўйинлар ва бошқалар, тўғриси буларнинг кўпини ҳали катта ёшли инсонлар эшитмаган. Ҳа, фарзандларимизнинг бунчалар илғорлаб кетаётганидан қувонсак арзийди. Шундай даврда билим олаётганига ҳавасингиз келади. Аммо ўзлари буни англаб етишмаётгандек. Нимага деганда, улар замонавий ахборот технологияларини бошқаришни тўғри англаб етмаяпти. Яратилган шароитдан, имкониятлардан унумли фойдаланмаяпти. Тўғри беш қўл баробар эмас. Имкониятлардан тўғри фойдаланиб салмоқли ютуқларга эришаётган ёшларимиз кўп. Лекин инкор қилиб бўлмайдиган шундай нарсалар борки фарзандларимиз фақатгина ўйин-кулгу билан чекланиб қолмоқда. Интернет тармоқларида дўстлари билан турли хил ижтимиоий-сиёсий йўналишларда эмас олди-қочди гап сўзлар билан вақтини беҳуда ўтказмоқда.

Аввало, фарзанднинг комил инсон бўлиб вояга етишида ота-онанинг, мактаб ва маҳалланинг ўрни беқиёс. Ўзим кўп қаватли уйда истиқомат қиламан. Қўни-қўшниларимизнинг фарзандлари мактабга боради. Деярли ота-оналар давлат ишида ёки тадбиркорлик билан шуғулланади. Фарзандининг дарсдан кейин нима билан шуғулланиб юргани билан эса умуман қизиқмайди ҳам.

Бир куни одатдагидек мактаб ўқувчилар бирга мактабдан чиқиб келишди. Уйим мактабни тўғрисида бўлгани учун танаффус вақтида ойнадан уларни кузатиб турган эдим. Таниш қўшни бола бир қиз синфдошини уят сўзлар билан сўкиб кетди. Синфдош қиз ҳам ўғил боладан қолишмасликка ҳаракат қилдими у ҳам бисотидаги бари ёмон сўзларни синфдошига ёмғирдай ёғдира кетди. Қизлар ва ўғил болалар ўртасида даҳанаки жанг бошланиб кетди. Бу ҳолатга ортиқ қараб туролмасдан уларнинг ёнига бориб тартибга чақиришга уриндим. Афсус, шу онда бирор бола мени сўзларимга қулоқ солиш тугул борлигимга аҳамият ҳам қилмаётганди. Жанжалнинг сабаби ижтимоий тармоқда синфдошлар бир-бирининг расмини тарқатиб юборгани экан. Воажаб китоб учун ёки доскага чиқиб вазифани гапириб бериш учун шунчалар талашишмаса керак. Мана тараққиёт, телефон ва интернетдан келаётган “фойда”.

Ҳаммасидан қизиғи қўшним ишдан келганидан сўнг бошланди. Эшигимнинг жуда қаттиқ тақиллашидан чўчиб, югуриб чиқсам ўша боланинг онаси жахл билан турганди. 

– Нимага ўғлимни ўқитувчисига кўчада жанжал қиляпти, ажратинг деб айтиб бердинг. Сени нима ҳаққинг бор аралашишга. Бошқаларнинг ишига бурнингни суқаверасанми, – деб бор овози билан бақириб кетди. 

Гапириб бўлганидан сўнг, фарзандингиз ёмон сўзлар билан қизларни сўкиб, ҳаттоки қўл кўтараётганини кўриб ажратишга уриндим. Менга қулоқ солишмаганидан сўнг синф раҳбарини чақириб, жанжални тўхтатишга мажбур бўлдим. Сиз ўғлингизни тарбияси билан қаттиқроқ шуғулланиб қўймасангиз бўлмайдиганга ўхшайди, дедим. 

Албатда қўшнимдан узр, сиз тўғри айтяпсиз деган сўз чиқмади. У ўғлини оқлаб, ўғил бола қўрқмас бўлиши керак, ўзини ҳаққини ўзи ажрата олиши керак деган сўзлар билан фарзандини тарафини олишга тушиб кетди. Энг аввал ота-она тарбияли бўлиши лозим. Фарзанди олдида сен тўғри иш қилдинг деб қилган хатоси учун жазоламаган, уни оқлаган онанинг ўғли келажакда ким бўлиб вояга етишини ўзингиз англаб олаверинг.

Жанжалнинг асосий сабаби ҳам телефон ва ижтимоий тармоқлар бўлиб қолмоқда. Бунга ўхшаш мисолларни кўпгина келтириш мумкин. Афсуски бу билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Аввало, ёшларга эътиборни кучайтириш, уларнинг ким билан дўст бўлаётгани, мактабдан ташқари вақтини қандай ўтказяпти, қаерга боряпти, ҳаттоки қанақа фильм кўряпти, ижтимоий тармоқда дўстлари билан нималарни гаплашяпти, қанча вақтини шунга сарфлаяпти, буларнинг барчаси билан қизиқсаккина келажак авлодни сақлаб қолган бўламиз.

Маълумотларга қараганда, кейинги йилларда шахсий компьютер ҳамда уяли телефондан фойдаланиши оқибатида фарзандининг руҳий муаммолари борасида психологларга мурожаат қилаётган ота-оналар сони ортган. Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаш лозим. Бола табиатида унга акс таъсир кўрсатмаган нарсаларга нисбатан ижобий хулосага келиш одати бор. Яъни, ота-онанинг буни қилма, унга тегма деган тақиқларидан кўра, тинчгина интернетда ёки телефонда ўзи хоҳлаган ишни ҳеч қандай тўсиқ ва чекловларсиз бажаргани маъқул. Бунинг оқибати эса фақатгина ташвиш. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жонли мулоқотга киришмай фақатгина мобиль телефон ёки интернетга боғланиб қолиши натижасида бола ташқи дунёдан ажралиб қолган одам, илмий тил билан айтганда “виртуал аутист” ҳолатига тушиб қолиши мумкин. Бу борада муаммо — бола ҳали нима яхшию нима ёмонлигини билмаслиги ҳамда бола табиатидаги қизиқувчанлик ва ноодатийликка бўлган қизиқиш оқибатида келиб чиқади. Сахийлик қилиб, кичкинагина “қути” орқали уз фарзандларимизга ўрнини ҳеч қандай нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказаётганимизни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Таассуф бугун содир бўлган воқеа ҳақидаги ахборот, турли фото, видео тасвирлар зумда интернетдан жой олади ва бутун дунё бундан хабардор бўлади. Бу ҳам етмаганидек, кўп ўтмасдан айнан шу ахборотларнинг “сара”лари мобиль телефонларда пайдо бўлади. Бу борада хотирасига кўп маълумотларни сиғдира оладиган энг сўнгги русумдаги телефонларни фарзандларига харид қилаётган ота-оналарни огоҳлантирсак, аксари мен фарзандимни ҳеч кимдан кам бўлиши хоҳламайман деган жавобни эшитамиз. Танганинг иккинчи томони ҳам борлиги унитмасак мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бугун кўча-куйда, интернет кафеларда телефонларга мусиқа, клип, ўйин ва бошқа тасвирларни ёзиб берувчи “тадбиркор”лар ҳам оз эмас. Орзу-ҳавасни деб фарзандимизни ботқоқлик сари ўзимиз судрамайлик.

Ҳозирда кўплаб хорижий давлатларда болалар саломатлигини сақлаш мақсадида мобиль телефонларидан фойдаланиш бўйича чекловлар жорий этилган. Масалан, Бангладешда 16 ёшгача бўлган болаларнинг мобиль телефондан фойдаланиши бутунлай тақиқланган. Шунингдек, Франция, Испания ва Англия давлатлари томонидан ҳам болалар учун мобиль телефондан фойдаланиш бўйича чекловлар ўрнатилган. Демак, бугун биз фикр юритаётган масала дунё ҳамжамиятини ҳам ташвишга солмоқда. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйича икки ярим миллиард инсон мобиль телефондан фойдаланади. Бу мобиль телефон техника оламидаги янгилик эмас, инсон ҳаётида ижтимоий ҳодисага айланиб улгурганидан далолатдир. Масаланинг энг нозик жиҳати шундаки, мобиль телефондан фойдаланувчиларнинг орасида болалар, яъни мактаб ўқувчилари, ҳатто боғча тарбияланувчилари ҳам борлигида...

Латофат БЎРИЕВА

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *