Тошкент шаҳридаги иқтисодий ислоҳотларнинг ўсиш кўрсаткичлари

мар 25 / 2019

alt

Ижтимоий соҳада:

Тошкент иқтисодиёти изчил ривожланмоқда. Пойтахтимизда маҳаллий бюджетдан ижтимоий соҳа муассасаларига 2018 йилда жами 1 трлн 851 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган. 2019 йилда 2 трлн 383 млрд сўм маблағни йўналтириш режалаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 28 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, мактабгача таълим муассасаларига маҳаллий бюджетдан 2018 йилда 377.1 млрд сўм миқдорида маблағ сарфланган. 2019 йилда харажатлар 32 фоизга оширилиб, 499 млрд сўмга ўсди.  Жумладан, боғча тарбияланувчиларининг 1 нафарига ўтган йили 3.3 млн сўм миқдорида маблағ сарфланиб, жорий йилда бу мақсад учун 4.3 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, умумтаълим соҳасига йўналтирилган маблағлар ҳам ўтган йилга нисбатан 37 фоизга ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларига дори таъминоти учун ажратиладиган харажатлар ўртача 49 фоизгача ўсиши кузатилмоқда.

Йўл инфратузилмаси йўналишида:

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йилда пойтахтимиздаги марказий ва маҳаллалар ҳудудидаги ички кўчаларни жорий таъмирлаш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган. Бу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан қарийиб 188 млрд сўм миқдорида маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларидаги харажатлар:

Жорий йилнинг дастлабки икки ойида Олмазор туманидаги Нурафшон кўчасида 6 та 7 қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.  Мазкур турар жойларни барпо этиш учун барча манбаалар ҳисобидан 58,2 млрд сўм маблағ сарфланди.

Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида “Ислом маданияти маркази” қурилиши муносабати билан шу ҳудудда уй-жойлари бузилишга тушган оилаларга Нурафшон кўчасида қурилган кўп қаватли уй-жойлардан 221 та хонадон тақдим этилди.

Бундан ташқари Миробод туманидаги Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохонасининг биринчи босқичдаги қурилиш ишларига 87,8 млрд сўм миқдорида маблағ сарфланди. Натижада шифохонанинг 7 та бўлими учун янги бино қурилди ва даволаш бўлими қайта реконструкция қилинди.

2019 йилда Олмазор тумани “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги Университет кўчаси қайта реконструкция қилинди. Бу ерда бажарилган қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қарийиб 17 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди. Натижада автотураргоҳ қурилди, Фаробий ва Университет кўчаси кесишмасида Беруний майдони ташкил этилди ва улуғ аждодимизнинг ҳайкали ўрнатилди.

Шу билан бирга бу йил Чилонзор туманидаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази” биносини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланди. Бу мақсадлар учун 7,2 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Ободонлаштириш тизимида:

2019 йилда Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги марказий кўчалардан фойдаланиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ишлари учун 5 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *