Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши лойиҳасига бағишланган халқаро тендеролди конференцияси бўлиб ўтди

фев 03 / 2016

alt

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси йилига 6,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу Фарғона водийсида электр энергиясига ортиб бораётган талабни, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

Электр энергияси ишлаб чиқаришда илғор технологиялар қўлланилади. Бунда юқори технологияли буғ-газ ва газ турбинаси қурилмаларидан фойдаланилади. Бу станциянинг фойдали иш коэффицентини 60 фоизгача таъминлаш, ёқилғи истеъмолини фаолият кўрсатаётган қувватларга нисбатан қарийб 2 баробар камайтириш имконини беради.

Қиймати салкам 1 миллиард 200 миллион долларга тенг мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга иккита энг замонавий буғ-газ турбинасини ишга тушириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва республика бюджети томонидан молиялаштирилади.

Шу муносабат билан ўтказилган халқаро тендеролди конференциясида тегишли вазирлик ва идоралар, вилоятдаги дахлдор бошқарма ва ташкилотлар, тендер савдосида иштирок этиш истагини билдирган хорижий давлатларнинг 15 йирик компанияси, мамлакатимизнинг “Тўполангсув ГЭС қурилиш”, “Қувасойтаъмирлашқурилиш”, 4-монтаж бошқармаси, “Гидромахсусқурилиш” каби қурилиш-монтаж корхоналаридан вакиллар иштирок этди.

“Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қуриш дирекцияси” унитар корхонаси раҳбари Тўхтабой Муллажоновнинг айтишича, тендер савдосига тақдим этилган пакетлар март ойининг охирида очилади ва унинг ғолиби иссиқлик электр станцияси қурилишига бош пудратчи этиб белгиланади.

Тадбир доирасида лойиҳа ҳақида атрофлича маълумот берилди ва қурилиш-монтаж ишларида иштирок этишга қизиқиш билдираётган компания ва корхоналар тақдимоти ўтказилди.

Иштирокчилар Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиш майдонида бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишлар, лойиҳани рўёбга чиқариш учун зарур омиллар, табиий, техник шарт-шароитлар ва бажариладиган ишлар кўлами билан танишди.

ЎзА

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *