Ўзбекистонда яқин 5 йилликда нархи 10 минг долларга тенг арзон автомобиллар, кейин эса 15 минг долларлик кроссоверлар ишлаб чиқарилади

июн 07 / 2019

 

Аввал хабар берилганидек, бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси" мавзусида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
 
2030 йилга қадар мўлжалланган Ўзбекистон автосаноатини ривожлантириш Концепциясида 2 та тенденция ҳисобга олинган: биринчи 5 йилликда нархи 10 минг доллар атрофида бўлган арзон автомобиллар ишлаб чиқарилишига эътибор қаратилади, чунки шу тоифа транспорт воситаларига талаб юқори бўлади. Келгусида Ўзбекистонда нархи 15 минг доллар атрофида бўлган кроссовернинг кичикроқ моделларини ишлаб чиқаришга эътибор қаратилади.
 
Мулоқот давомида премиум сегментда Chevrolet Equinox кроссовери, Chevrolet Trailblazer йўлтанламас ва Chevrolet Traverse оилавий кроссовери ишлаб чиқарилиши жорий йилнинг охиригача бошлашни режалаштирилаётгани билдирилди.
 
“Ўзавтосаноат” мутасаддиларининг айтишича, премиум сегмент мамлакатимизда катта талабга эга эмас, ҳатто автоконцерн умумий ҳажмининг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди, чунки ҳамманинг ҳам бундай автомобил сотиб олишга қурби етмайди.
 
«Шу йилнинг охирида, эҳтимол декабрда ёки кейинги йилнинг бошида 3 та янги модел ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, — деди Рустам Қодиров. — Уларнинг ҳажми кам бўлади. Биз талабдан келиб чиқиб, иш тутамиз. Сотиб олинмайдиган минглаб Тrailblazer ишлаб чиқаришнинг нима кераги бор? Бозорга қанча машина керак бўлса, шунча чиқарамиз».
 
Учрашувда Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида Россиядан кейин иккинчи энг катта бозор экани қайд этилди. Қозоғистон, Россия, Беларус, Украина эса Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозорлари сифатида тилга олинди.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *