Ўзбекистон пиллакорлари 26,2 минг тоннадан зиёд пилла тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини бажарди

июн 03 / 2016

alt

ЎзА хабар беришича, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари пиллакорлари биринчилар қаторида шартнома режасини бажарди. Жондор, Нарпай, Бешариқ, Боёвут, Жарқўрғон, Касби, Қизилтепа, Чуст, Қўрғонтепа туманларида ҳар қути ипак қуртидан 60-68 килограммдан ҳосил олишга эришилди.

Уйчи туманидаги «Усмонжон домла» фермер хўжалигида ҳар қути уруғдан 78, Жондор туманидаги “Золинлик маржон Мақсуд” фермер хўжалигида 75, Юқори Чирчиқ туманидаги «Ҳамиджон Мирзаодил» фермер хўжалигида 72, Дўстлик туманидаги “Эшбек ота” фермер хўжалигида 70, Жалақудуқ туманидаги «Вафо маликаси» фермер хўжалигида 69, Тўрткўл туманидаги “Қувондиқ Ихтиёр” фермер хўжалигида 66 килограммгача сифатли «кумуш тола» олинди.

Фермерларни моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди, хусусан, пилланинг харид нархи ўртача 11 фоиз оширилиб, ҳосил қийматининг 43 фоизи миқдоридаги маблағ мавсум бошиданоқ бўнак сифатида берилди.

Пилла қабул қилиш пунктларида иш қизғин давом этмоқда. Кейинги йилги мавсумга тайёргарлик кўриш, тутзорларга ишлов бериш, уларни зараркунандалардан асраш каби ишлар олиб борилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *