2018 йилда Ўзбекистонда хорижий валютага бўлган талаб 1,5 баробарга ошди

фев 15 / 2019

alt

Ўтган йилда Ўзбекистонда хорижий валюталарга бўлган умумий йиллик талаб 10,4 млрд долларни ташкил қилди, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан 1,5 баробар кўпроқ. Марказий банк изоҳига кўра, 2018 йилнинг IV чораги давомида алмашув курси динамикасига тўлов балансининг ҳолати, пул-кредит шароитлари, фоиз ставкалари ўртасидаги фарқ, ташқи бозорлардаги ўзгаришлар ва бошқа ички омиллар таъсир кўрсатган. 
 
2018 йилда ички бозорда интервенцияларнинг умумий ҳажми 3,8 млрд долларни (ундан 3,2 млрд доллар – Марказий банк маблағларидан) ташкил этиб, хорижий валютага бўлган умумий талабнинг 37 фоизини қоплашга хизмат қилди.
 
Хорижий валютага бўлган талабнинг ўсишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
 
– иқтисодиётни кредитлаш ва давлат харажатларининг юқори суратларда ўсиши шароитида асбоб-ускуна, технология ва Марказий банк технологик линиялар кўринишида асосий капиталга инвестициялар ҳажми сезиларли ўсди;
 
– иқтисодиётда қурилиш ишлари ҳажмининг кенгайиши тайёр қурилиш материаллари ва уларни ишлаб чиқариш учун хом-ашё ички таклифининг чекланганлиги шароитида ушбу товарлар импортининг ошишига сабаб бўлди (асосан, металлургия соҳаси учун);
 
– истеъмол талаби ва иқтисодиётнинг базавий тармоқларида ишлаб чиқаришнинг ошиши хом-ашё импортининг ошишига олиб келди;
 
– маҳаллий автомобиллар ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмларининг ўсиши билан автомобил саноати учун хом-ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва ишлаб чиқариш линиялари импорти ошди.
 
Интервенциялардан ташқари, хорижий валютага бўлган талаб тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар (1,8 млрд долл.), экспортдан тушум (14,3 млрд долл.) ва халқаро пул ўтказмалари (5,1 млрд долл.) ҳисобидан қондирилган. 
 
Импорт ҳажмининг 39,6 фоизга (19,6 млрд доллар) ошиши муайян даражада давлат харажатлари ва иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг ўсиши билан изоҳланади. Бунинг натижасида, ташқи савдо баланси дефицити 2017 йил билан солиштирганда 3,8 млрд долларга кўпайган ва 5,3 млрд долларни ташкил этган.
 
Хорижий валютага бўлган юқори талаб, ўз навбатида, миллий валюта алмашув курсига девалвацион босимни кучайтирган.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *