Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий қабр тоши ва мақбарасининг эшиги янгиланди

янв 26 / 2016

alt

Бу ҳақда “Маънавий ҳаёт” журналига таяниб, “Дарё” нашри ёзади.

Бобур халқаро жамоат фондининг илмий экспедицияси аъзолари 2015 йилда уч марта Афғонистонга сафар уюштириб, Навоий мақбарасини ободонлаштириш бўйича ишларни режалаштириб олган.

Навоийнинг янги қабр тоши Навоий вилояти, Нурота тумани, Ғозғон қишлоғида яшовчи уста сангтарош Тоҳиржон Раҳимов томонидан, мақбара эшиги эса тошкентлик ёғоч устаси Алишербек томонидан тайёрланди. Қабр тошининг оғирлиги салкам 4 тонна бўлиб, 9 бўлак мармардан ташкил топганди.

Қабр тошига Қуръони карим оятлари ва Навоий қаламига мансуб: “Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот, Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от” (форсча: “Дар ин чаман шукуфау гулро сабот нест, Гар номи нек бимонанд аз инсон саодат аст”) мисралари ўзбек ва форс тилларида ўйиб ёзилди.
alt
Ҳамма зарурий ишлар якунига етгач, 8 кишидан иборат экспедиция 2015 йил 19 июль куни Андижон — Бухоро — Туркманистон — Афғонистон йўналиши бўйлаб йўлга чиққан. Афғонистонда экспедицияни Ҳиротга қадар алоҳида ҳарбийлар гуруҳи қўриқлаб борган.

Ободонлаштириш ишларининг биринчи босқичида Навоий мақбараси ичида ғиштдан тикланган сағана бузилган, сангтарош уста Тоҳиржон Раҳимов бошчилигидаги гуруҳ ҳар бир пишиқ ғиштни синдирмай, жойидан қўзғатиб олган.

Шундан сўнг олти-етти кун ичида мармар тахталар эҳтиёткорлик билан, арқонда кўтарилиб, жойлаштириб чиқилган ва Алишер Навоий мақбараси остида оппоқ мармардан янги сағана тикланган, унинг атрофига мармар плиталар ётқизилган.

Зокиржон Машрабовнинг маълум қилишича, Навоий мақбараси атрофида салкам 2 гектар майдонда боғ барпо этиш режалаштирилган бўлиб, яқин вақт ичида 2 минг тупга яқин дарахт кўчатларини Ҳиротга олиб бориб, боғ барпо этиш кўзда тутилган.

alt

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *