Лола Аҳмедова синглиси Шаҳло Аҳмедовани лицензиясиз қолдирган клипига муносабат билдирди

дек 12 / 2018

alt

Хабарингиз бор, «Ўзбекконцерт» хонанда Шаҳло Аҳмедованинг «Летние дожди» кўшиғига ишланган видеоклипи учун лицензиясини бекор қилган эди.
 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Аҳмедова журналист Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида синглиси Шаҳло Аҳмедовани лицензиясиз қолдирган клипига муносабат билдирди:
 
— Шаҳлонинг бу клипи ўзбек телевидениеси учун ишланган клип эмас эди. Хабарингиз бор, бирор маротаба ўзбек телеканалларида бу клип эфирга узатилмади, фақатгина ижтимоий тармоқларга жойланди ва намойиш қилинди. Уни санъаткор сифатида, аввало опаси сифатида лицензиясидан маҳрум бўлишини хоҳламайман, ҳар битта ютуғида менинг ҳам меҳнатим бор, доим қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Шаҳлонинг йўналиши менинг йўналишимдан тубдан фарқ қилади. Формат деган гап бор, негадир одамлар формат деган сўзни бошқача тушунишади. У ўзининг йўналишида, форматида ижод қилади, мен ўзимнинг йўналишимда ижод қиламан. У ўша форматга мос равишда ижод қилишга ҳаракат қилиб кўрди, лекин биз бунақа бўлади, деб кутмаган эдик.
 
Қўшиқни эшитганимда, бу қўшиқ менга жуда ҳам ёққан эди. Қўшиқ рус тилида бўлганлиги учун, ўзгача клип олиш кераклигини Шаҳлога ҳам айтиб ўтган эдим. Лекин клипнинг съёмка жараёнида қатнашмаганман. Клип тайёр бўлгач, ‘Опажон, фақат қаттиқ танқид қилмайсиз’, деб бошлади, ‘Нимага бизга тўғри келмайдими’ десам, ‘йўқ, ҳеч қанақа қўрқинчли жойи йўқ, фақат Москванинг форматида суратга олдик’, дея клипни кўрсатди. Танқидлар ҳам қилдим, урушган жойларим ҳам бўлди. ‘Энди опажон сизнинг йўналишингиз бошқа, меники бошқа, бу ерда фақат актриса сифатида рол ижро этганман, нима ёмон жойини кўряпсиз’, деди. ‘Ёмон жойи бу клип бизнинг ўзбек менталитетга тўғри келмаслигида’, дедим.
 
Шаҳлонинг Москвада вокал йўналиши бўйича ўқишидан хабарингиз бўлса керак. У ерда Шаҳлонинг ўша клип билан боғлиқ, ўша клипни бошида турган режиссёрлар билан шартномаси бор. Биласиз, бизнинг клипларимиз у томонга, уларнинг қарашлари, формати эса бизга тўғри келмайди. Видеоклип ўзбек менталитетига тўғри келмаслигини ҳисобга олмаганда, ушбу клипнинг ёмон томонини кўрмадим.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *