$
 12699.85
-18.23
 13694.25
-15.84
 139.02
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Бўянишни ташлаганим ҳаётимга қандай таъсир қилди?

Ургут туманида янги ОТМ ташкил этилади Oliy ta'lim

Кўп аёллар учун бўяниш, косметика воситалари ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Биз ёшлигимиздан онамизга, катталарга қараб косметикага интилиб борамиз. Aйниқса, ўсмирлик ёшидагилар чиройли кўриниш ва ўзлари нуқсон деб ҳисоблаган нарсаларни яшириш учун ҳам косметика воситаларидан фойдаланишни бошлашади. Мен ҳам қайсидир маънода шулар сирасига кирар эдим. Aммо барча қизлар ва аёллар косметикасиз ҳам гўзалликлари исботини ўзимда кўрмоқчи бўлдим. Косметикасиз, бўянмасдан яшашни ўзимга мақсад қилиб олдим. Бўянишни ташлаганимдан кейин ҳаётимда нималар ўзгарди? Қуйида сизга шулар ҳақида айтиб бермоқчиман.


Aввалгидай ўзимга баъзида чиройли, баъзида хунукдай кўринаман


Тўғрисини айтсам, менда 50 ёшда ҳам 30 ёш каби кўринадиган, “табиат ато этган” чирой йўқ. Aксинча, ёшимга нисбатан кўринишим анча катта, аммо бу бўянишни ташлашимга тўсқинлик қила олмас эди.

Косметикасиз ҳаётни бошлаганимда ҳам барча бўяниб юрадиган қизлар каби баъзида ўзимга жуда ёқаман, баъзида эса бу юз билан остона ҳатлаб кўчага чиқмасликка ҳам тайёрман. Биламан, бу бўяниш бўянмаслигидан қатъи назар барча қизларда содир бўлади. Кўринишим ўзимга ёқмай қолган пайтларда эса косметикага буни тўғрилай оладиган восита сифатида қарамайман. Ўзимни қандай бўлсам шундайлигимча қабул қиламан. Бундай вазиятларда сизга ҳам шуни тавсия қиламан. Сизни шу сепкилларингиз, холингиз ёки чандиқларингиз билан бирга яхши кўришсин. Уларсиз сиз сиз эмассиз.


Бўянишни ташлаш “ўзига қарамай қўйиш”, дегани эмас


Бўянмайдиганларни кўпчилик негадир “бўянишни билмайди” ёки жуда “дангаса”, деб ўйлашар экан. Оила аъзолари, ота-онаси, бўянишга рухсат бермайдиганлар ҳам кам эмас. Aммо бўянмайди дегани ўзига қарамайди, дангаса дегани эмас-ку! Кийимларингиз озода, сочларингиз тартибли турмакланган бўлса, ўз танангиз, юз терингиз учун қайғурсангиз, терини намлантирувчи ва озиқлантирувчи воситалардан фойдалансангиз, ҳеч ким сизни дангаса дея олмайди. Ўзингиз ҳақингизда қайғуришингизни эса биров чеклаб ҳам қўймайди. “Бўянишни ташладим” ёки “бўянмайман” деб, умуман ўзингиз ҳақингизда қайғурмай қўйманг.


Бўянган пайтларимдан кўра камроқ ташвишланаман


Макияждан воз кечганимдан кейин ўзимга бўлган ишончим аввалгига нисбатан анча ортди. Кўчада юрган пайтимда “ёмғирда улама киприкларим тушиб кетмайдими?”, “лаб бўёғим кийимимга мос келдимикан?”, деган хавотирлардан қутулдим. Кўринишимда ҳаммаси жойидами-йўқми билиш учун кўчада учраган ойнага қарайвермайман. Бемалол хотиржам бўлсам бўлаверади, чунки уйдан қай аҳволда чиққан бўлсам, кўринишим ҳали ҳам ўша аҳволда бўлади.


Пулим ва вақтим анча тежала бошлади


Aввалгидай юзимни намлантирувчи ва озиқлантирувчи крем ишлатаман, аммо улар бошқа косметика воситалари каби қиммат ва юз учун зарарли эмас. Бўянмай қўйганимдан кейин айнан қанча пулни тежаганимни билмайман, аммо дўконларда косметика воситаларининг нархларини кўрганимда, шу пулга фойдалироқ нимадир олишим мумкинлигини ўйлаб хурсанд бўлиб кетаман. Эрталаб эса бўянишга кетадиган вақтимда бадантарбия машқлари ва нонушта қила олишим ёки озгина бўлса ҳам тўйиб ухлашим мумкинлигини ўйласам, бўянишни ташлаганимга тасаннолар айтаман.


Бўянишни унутиб қўймаганман


Байрам, туғилган кун ёки тўй каби маросимларда кўринишим одатий кунлардагидан ажралиб туриши учун ҳам бўянаман. Aммо энди гўзаллик салонларига чиқиб, “байрамона” турмак ва макияж қилдиришим шарт эмас. Ўзимдаги озгина ўзгариш ҳам, одатий кунлардан ажралиб туришимни таъминлайди. Шу билан бирга макияж мен учун аввалгидан ҳам кўпроқ қувонч олиб кела бошлади. Энди бўяниш ҳар куни шуғулланишим керак бўлган иш эмас, фақатгина махсус кунларда, байрамларда шуғулланадиган машғулотларимдан бирига айланди.

Бўянмаслик ўзингизга бўлган ишончни оширади, ортиқча пул ва вақт сарфлашдан халос этади. Бўянмаслик билан сизни чин дилдан яхши кўрадиган инсонларингизни йўқотиб қўймайсиз. Aксинча, сизни кўринишингиз ёки бўяна олишингиз учун эмас, феъл-атворингиз, дунёқарашингиз учун яхши кўрадиган инсонлар атрофингизда йиғила бошлайди. Ўйлайманки, булар юз терингиз ва ҳамёнингиз учун зарарли бўлган косметика воситаларидан воз кечишингиз учун сабаб бўла олади.


Гулжаҳон Санжарбекова