Жанубий Корея Иммиграция хизмати ходимлари Ўзбекистонлик талабани калтаклади (Видео)

авг 02 / 2018

alt

Ўзбекистонлик бўлган ёш талабани Жанубий Корея Иммиграция хизмати томонидан 5 киши бўлиб калтакланиши, сўнг олиб кетилгани акс этган видеолавҳа корейсларда кескин норозилик келтирган. 

YTN нашри хабарида айтилишича, Ўзбекистондан борган А. исмли магистратура талабаси 16-июлда Кёнгсанг вилоятидаги Ҳаман шаҳарчасида Иммиграция хизмати ходимлари томонидан калтакланади. Яқин атрофдаги видеокузатув камерасига муҳрланиб қолган лавҳа муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан 31 июль, сешанба куни эълон қилингач, бу воқеа Жанубий Корея жамиятининг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Кўплаб ўзбекистонлик талабалар қатори 24 ёшли А. ҳам ёзги таътилдан унумли фойдаланиб заводга ишлагани боради. Видеолавҳада дарахт соясида дам олиб ўтирган талабанинг бешта нотаниш эркак томонидан калтакланганини кўриш мумкин. Маълум бўлишича, талабани калтаклаганлар Чангвон Иммиграция хизмати ходимлари бўлиб, улар ўша куни Жанубий Кореяда ноқонуний мақомда юрган муҳожирларга қарши рейд ўтказаётган бўлган.

Видеолавҳага кўра, икки ходим талабага яқинлашиб, кутилмаганда унга куч ишлата бошлайди. Талабанинг «мени урманглар» деб бақиришига қарамай, ходимлар уни дўппослашда давом этишади.

«Мен уларнинг олдига яқинлашдим ва қароқчимисизлар, нега бундай калтаклаяпсизлар, деб эътироз билдирдим», дейди воқеа гувоҳларидан бири.

MBC каналининг хабар беришича, Иммиграция биносига олиб келинган ўзбекистонлик талаба 5 кун тиббий ёрдамсиз ушлаб турилган. У таълим оладиган Сеул университети Чангвон Иммиграция хизмати номига ўзбекистонлик талабанинг ишини қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат йўллаган. Шундан сўнг унга рухсатсиз ишлаганлик айби билан 500 000 вон (3,5 миллион сўм атрофида) жарима солинган ва чиқариб юборилган.

Айни дамда ўзбекистонлик талаба Чангвон Иммиграция Хизмати устидан жиноий даъво аризаси киритишга тайёргарлик кўряпти. Бу ҳақида хабарни тасдиқлаган маҳаллий иммиграция хизмати расмийси «Рейд давомида ортиқча жисмоний зўравонлик қўллангани тасдиқланди, биз бўлиб ўтган воқеадан афсусдамиз», дея таъкидлади.

Ижтимоий тармоқларда воқеага муносабат билдирган корейс фуқаролари ҳам Иммиграция хизмати ходимлари албатта жазога тортилиши керак деган талаб билан чиққан.

Шунингдек, Жанубий Кореядаги ўзбекистонлик талабалар Facebook гуруҳида Сеулдаги Ўзбекистон элчихонаси номига элчихонанинг мусофир талабалар билан ишлашдаги қониқарсиз фаолияти хусусида мурожаатнома эълон қилинган.

Видео:

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *