Йўлда чайқалиш касаллигидан ҳимоя қилувчи кўзойнак ихтиро қилинди
12 июл 2018, 15:01 368 кўрилди

alt

Ёз — мароқли дам олиш ва олис саёҳатлар учун ажойиб давр. Бахтга қарши автомобиль ёки поездда давом этувчи бу каби саёҳатлар йўлда чайқалиш касаллиги билан чиппакка чиқади. Шу билан ойнадан чиройли манзарани томоша қилиб кетиш ўрнига сиз ўриндиқда гужанак бўлиб оласиз ва бор кучингизни эрталабки нонуштангизни қайтариб чиқармасликка уринишга сарфлайсиз.

Маълум бўлишича, сайёрамиз аҳолисининг ўндан бир қисми кинетоз — денгиз касаллиги ёки ҳаракатда чайқалиш касаллиги билан оғрийди. Аҳолининг учдан бир қисми эса ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир марта автомобилда чайқалиб, кўнгли айниган. Айни шу муаммоли инсонлар ҳаётини  енгиллатиш учун автомобиль саноатининг гиганти бўлмиш Citroen компанияси Seetroen кўзойнагини яратди, дейилади 3dnews.ru хабарида.

Ушбу кўзойнак иш тартиби денгиз флоти хизматчилари учун яратилган Boarding Glasses номли шунга ўхшаш қурилмадан олинган. Seetroen эса ер транспортида саёҳат қилувчилар учун мўлжалланган.

Ичи бўш юмалоқ гардишли кўзойнак ҳаракатланувчи ҳаворанг суюқлик билан ярим қилиб тўлдирилган. Суюқлик ўнга ва чапга, олдинга ва орқага ҳаракатланади. Гардиш тўртта думалоқ қисмлардан иборат: иккитаси олдинда ва иккитаси ён томонда, бу асосий ва ён томондаги кўриш майдонларини эгаллаб туради. Кўзойнакда ойнак йўқ. Уни ўн ёшдан катта бўлган одамлар тақиши мумкин.

Кўзойнакдаги суюқлик перифериядаги кўриш учун доимо назарда бўладиган горизонт чизиғини яратади. Шундай қилиб, ҳиссиёт органлари ва вестибуляр аппарат ўртасидаги ихтилоф ҳал қилинади. Ва Seetroen кўзойнагини тақиб кетаётган инсон боши айланаётганини ҳис қилмайди.

Технология керакли барча синовлардан ўтказилди ва 95 фоиз синалган инсонларнинг тасдиқ жавобини олди. Кўзойнакнинг биринчи бош айланиши бошланган вақтда тақишни бошлаш керак. Уни тақиб 10-12 дақиқа транспортда юриш кўнгил айниши ва бош айланишидан бутунлай қутулиш учун кифоя қилади. Шунингдек, бу қўзойнакни тақиб, ҳаракатда китоб ўқиш ёки гаджетларда фойдаланиш мумкин.

 

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

Шархлар
Реклама