Тошкентда аёллар ўртасида ФИДЕ Гран-приси якунланди
02 октябр 2013, 10:45 647 кўрилди

altХотин-қизлар ўртасидаги олти халқаро турнирдан иборат ФИДЕ Гран-приси жаҳон шахмат тожи учун курашиш имконини берадиган мусобақадир. 2013-2014 йилларда ўтказиладиган ушбу турнирда умумий ҳисобда 18 нафар шахматчи иштирок этади. Ҳар бир босқичда 12 нафардан шахматчи ўйнайди. Шу тариқа уларнинг ҳар бири Гран-при сериясидаги тўрттадан турнирда қатнашади. Якунда энг кўп балл жамғарган шахмат устаси 2015 йилда амалдаги жаҳон чемпиони билан шахмат тожи учун ўн партиядан иборат учрашув ўтказиш имконига эга бўлади, дея хабар бермоқда ЎзА.

Гран-при босқичларига Женева, Дилижан, Тошкент, Ханти-Мансийск, Тбилиси ва Эрденет шаҳарлари мезбонлик қилади.

Мусобақа қоидасига кўра, ФИДЕ Гран-приси босқичида шахматчилар бир даврали тизимда жами 11 партия ўйин ўтказди. Нафиса Мўминова қозоғистонлик Гулисхон Накбоева ва хитойлик Цзю Веньцзюнни мағлубиятга учратди. Арманистонлик Элина Даниэлян ва украиналик Катерина Лагно билан дуранг ўйнади.

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида ўтган тақдирлаш маросимида 8 очко билан биринчи ўринни эгаллаган Хампи Конеруга олтин медаль топширилди. Кумуш медаль Бела Хотенашвили, бронза медаль Катерина Лагнога насиб этди.

ФИДЕ Гран-присининг тўртинчи босқичи 2014 йилнинг 2-16 май кунлари Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳрида бўлиб ўтади.

Шархлар