Сервер Жепаров хориждан мураббий олиб келиниши тарафдорими?
10 октябр 2013, 16:42 820 кўрилди

alt- Сервер, миллий термамизнинг ЖЧ-2014 саралаш босқичидаги умумий иштирокини ҳеч бўлмаганда, ўзингиз учун таҳлил қилиб чиқдингизми?

- Албатта. Бусиз иложи йўқ. Биз учун аламли хотима топган саралаш ўйинларини таҳлил қилиб, қаерда хатоликларга йўл қўйдик, унинг айбдорлари ким, умуман, шу каби саволлар юзасидан ўзига яраша хулосалар чиқардим. Ўзи танқид қилиш ва бировларнинг ишидан хато топишдан осони йўқ. Биз очко олишимизга шубҳа қилинмаган ўйинларда мақсадимизга эришолмадик. Эрон билан Тошкентда ўтган учрашувни олинг. Ўша ўйин олдидан биз эмас, аксинча, эронликлар учрашув фаворити саналаётгандилар. Лекин ҳамма майдонда бунинг аксига гувоҳ бўлди. Терма жамоамиз кучли ўйин намойиш этди, 90 дақиқа давомида устунликни қўлдан чиқармади. Тўпни назорат қилиш бўйича статистика ҳам биз томонда бўлди. Меҳмонлар деярли ҳеч нарса қила олишмади, хуллас. Футболчилари қаерга югуришни ҳам билишмасди.

Ўша, якуний натижаси ўйинга мос келмаган учрашувни минг афсуски, етакчи футболчиларимиз қатори дисквалификация сабаб трибунада кузатишга мажбур бўлгандим. Бутун ўйин давомида кўплаб голга тортадиган вазиятлар юзага келтирилди. Бир ҳолатда 100 фоиз тоза голимизни ҳисобга олишмади. Бу сафар ҳам япониялик ҳакамлар оёғимизга болта уришди. Олдинроқ ҳам улар «қовун тушириб», бизнинг зараримизга ишлашганди. Ўйлаб қоламан, нима учун ҳар гал биз жабрдийда ролида бўлишимиз керак? Кейин футболда омад тушунчаси ҳам бор-да. Афсуски, айнан шу нарса бизга етишмади. Йўқса, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада биргина қарши ҳужумдан гол қўйиб юборармидик? Ҳеч бир иккиланишсиз айтишим мумкин, Эрон омад туфайлигина Тошкентдан 3 очко олиб кетганди. Ливан билан ўйинни изоҳсиз қолдираман. Кореяга қарши кечган учрашувда эса, ҳаққоний тарзда очко қўлга киритилди, деб ўйлайман. Тўғри, ўша ўйинда мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин эди.

- Эрон билан ўйиннинг эртасига терма жамоада бош мураббий ўзгарди: Вадим Абрамов истеъфога чиқарилди. Ўша заҳоти бу қарорга терма жамоа футболчилари муносабат билдиришга ҳам улгуришди. Жамоамизнинг айрим етакчилари ЎФФга норозилик акцияси сифатида шикоят хати ҳам ёзишган экан. Айтишларича, улар орасида сиз ҳам бўлгансиз. Шу ростми?

- Бош мураббийнинг истеъфога чиқарилиши барча футболчилар учун кутилмаган воқелик бўлганди. Биз Вадим Карленович билан 2010 йилдан буён бирга ишлаб келаётгандик. Бу мутахассис терма жамоамизни Осиё кубоги-2011га муносиб тайёрлади. Ўзига хос характер ва услубга эга мутахассис. Қисқа муддат ичида ўз қарашлари ва ўйин услубини терма жамоамизга татбиқ эта олди. Буни Осиё чемпионатида қайд этилган натижа ҳам тасдиқлаб турибди. Футболимиз тарихида илк бор қитъанинг кучли 4та жамоаси сафидан жой олдик. Энди бўлиб ўтган воқеликка келсак, ҳа, тан оламан, мен жамоа сардори сифатида ЎФФга бордим. Лекин бу йигитларнинг умумий қарори эди. 3 йил мобайнида мураббийга ўрганиб қолгандик. Абрамов билан бу тарзда осонгина хайрлашишни ҳазм қилолмадик. Бу биз учун ғоят оғир ҳолат эди. Карленович жанговар руҳдаги жамоани шакллантирганди, ахир. Оддий мисол келтираман: асосий таркибнинг 5 нафар футболчисиз Осиёнинг амалдаги чемпиони - Японияни меҳмонда ютиш оддий нарса эмас.

- Бургага аччиққилиб, кўрпани куйдириш яхши эмас. Бош мураббий истеъфосига ўзига хос тарзда жавоб бериш мақсадида Байрутда Ливанга қарши баҳсда тўлиқ куч билан ўйнамадинглар, гўё. Ваҳоланки, ўша учрашувда биз мезбонлардан яққол устун эдик, ғалаба қозонишимизга ҳеч ким шубҳа қилмаганди.

- Тўлиқ куч билан ўйнамаганлик айбловига асло қўшилмайман. Миллий жамоа либосида, Ватан шаъни учун майдонга тушганда, қандай қилиб юз фоиз куч билан ўйнамаслик мумкин? Шунчаки, ҳамиша ҳам ўйлаган нарсаларимиз амалга ошавермайди.

- Тўғридан-тўғри бериладиган чиптани қўлга киритолмаганимиздан сўнг «плей-офф» босқичи орқали орзумизни рўёбга чиқаришга уриниб кўрдик. Очиғи, Иордания тўсиғидан ўтолмаганимизни ҳалигача ҳазм қилолмаяпмиз. Футболчиларда ҳам шундай ҳолат юз бер­яптими?

- Рақибни менсимаслик яхши оқибатларга олиб келмаслигини жуда яхши билардик. Афсус...

- Аммондаги ўйиннинг ярмини кўрсатганингларда ҳам Тошкентда Иорданияни осонликча мағлуб этишимиз муқаррар эди. Ижобий   натижа қайд этиш учун сизларга нима халал берди?

- Айтганингиздек, илк учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Ўйин бўйича рақибни мағлубиятга учратдик. Лекин бу якуний натижада акс этмади. Тошкентдаги ўйинда эса меҳмонлар муносиб тарзда қаршилик кўрсатишди. Баъзи ҳолатларда биздан яхшироқ ҳам ўйнашди. Энди пенальти - бу ҳамиша лотерея. Очиғи, нима дейишни ҳам билмайман. Чунки иш пенальтилар сериясигача етиб боришини ҳеч ким кутмаганди. Ўйиннинг асосий вақтида барча масалани ҳал қиламиз, деб ўйлагандик. 

- ЖЧ-2014 саралаши терма жамоамизнинг баъзи етакчи футболчилари учун сўнгги имконият эди.

- Афсуски, шундай. Бу ЖЧ саралаш босқичларидаги энг сермаҳсул иштирокимиз бўлди. Мундиалга бунчалик яқин келмагандик. Қандайдир битта гол сабаб орзуларнинг чилпарчин бўлиши жуда аламли. Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқолмаганимиздан сўнг «плей-офф» орқали орзумизни рўёбга чиқарамиз, деб ўйлагандик. Афсуски...

- Миллий жамоа билан боғлиқ эндиги режаларингиз қандай?

- Йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқарган ҳолда 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧга тайёргарлик кўрамиз. Терма жамоамиз билан бирга Россияга боришга ҳаракат қиламан.

- Олдинда Осиё кубоги-2015нинг саралаш ўйинлари турибди. Ўтказилган икки ўйиндан сўнг гуруҳда бир очко билан ўзимизга хос бўлмаган 3-поғонада боряпмиз. Буни қандай ҳазм қиляпсизлар?

- Бор эътиборимиз ЖЧга қаратилгани боис Осиё кубогига иккинчи даражада қараётгандик. Энди вазиятни ўзгартириш учун бор кучни сафарбар этамиз. Осиё чемпиони бўлишни мақсад қилганмиз. Аммо бунинг учун биринчи галда, ўша қитъа чемпионати финал босқичига чиқиб олишимиз керак.

- Янги йилда миллий жамоамизга янги бош мураббий тайинланар экан. Шахсан сизга бу ўзгариш қанчалик аҳамият касб этади?

- Футболчилар мураббийни танлаш ҳуқуқига эга эмаслар.

- Унда айтингчи, хорижлик мураббий қўл остида ўйнаш яхшими ёки маҳаллий мутахассис билан ишлаш енгилроқ?

- Менга қолса, хориждан мураббий олиб келишларини ёқлайман.

- Омадсизлик азобидан ҳамон қийналаётган ишқибозларимизга айтар сўзларингиз борми...?

- Жаҳон чемпионатига чиқиш учун шундай қулай имконият қўлдан бой берилганини ҳалигача унутолмаяпман. Бу қалбимда чуқур жароҳат қолдирди. Ўз ўрнида футбол ишқибозлари, 30 миллионлик Ўзбекистон халқидан миллий терма жамоа футболчилари ва шахсан ўз номимдан узр сўрайман. Уларни хурсанд қилолмадик. Ишонинглар, биз Бразилияга боришни жуда-жуда истагандик. Бор кучимиз билан охиригача ҳаракат қилдик. Бу масалада виждонимиз пок. Лекин барчаси биз ўйлагандек бўлиб чиқмади...

Шархлар
Реклама