Руслан Нурудинов Президент кубоги учун курашолмайди
13 ноябр 2013, 09:42 564 кўрилди

alt

2013 йилги жаҳон чемпиони Руслан Нурудинов Москвада оғир атлетика бўйича ўтказиладиган “Президент кубоги 2013” халқаро турнирида жароҳати туфайли иштирок эта олмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудов маълум қилди.

Польшанинг Вроцлав шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Руслан 105 кг вазн тоифасида учта олтин медални қўлга киритган эди. Шундан сўнг у 22-23 ноябрь кунлари Москвада ўтадиган мусобақада иштирок этишини айтган эди.

- Биз “Президент кубоги” мусобақасида қатнашадиган оғир-атлетикачилар рўйхатини жаҳон чемпионатидан олдин бергандик. Аммо, жаҳон чемпионатида Русланни эски жароҳатлари безовта қилди. Тошкентга қайтишимиз биланоқ барча атлетларни базага тўплаб, тикланиш жараёнларига киришдик. Руслан зудлик билан физиотерапия курсларини бошлади. Нурудиновнинг Москвага бора олмаслигидан афсусдамиз, - дейди Маҳмудов. - Ҳозир у соғлиғини тикламоқда. Биз мусобақа ташкилотчиларига Нурудиновнинг иштирок эта олмаслигини олдиндан маълум қилдик.

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарининг сўзларига кўра, Нурудинов Президент кубогида иштирок этишни жуда истаган. У Москвада россиялик Давид Беджанянга тегишли рекорд – штангани силтаб кўтаришдаги 239 килограмм натижани янгилашни режалаштирган экан.

 

Манба: www.sports.uz

 

Шархлар
Реклама