"Ростов" аъзосига айланган Элдор Шомуродов: 2018 йили Россияда Ўзбекистон термаси либосида тўп тепиш насиб қилишига ишонаман
17 июл 2017, 17:05 3494 кўрилди

alt

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Бунёдкор” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россиянинг “Ростов” клуби аъзосига айланди. Ўзбекистонлик футболчи Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида илк таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Ассолому алайкум қадрли дўстлар, азиз устоз ва мураббийлар, севимли мухлисларим! Кейинги тақдиримни Россия Премьер-лигасининг “Ростов” клуби билан боғладим. Бундан бахтиёрман. Чунки ўзимни Премьер-лигада синаб кўришни жуда-жуда истагандим.

“Машъал”дан “Бунёдкор”га йўл олиб адашмадим, аксинча, катта ўсишга эришдим. Умуман, футболнинг илк сабоқларини ўрганишимда хизматларини аямаган ва мен учун трамплин бўлган “Машъал” клуби раҳбарлари, мураббийлари ва барча ишчи ходимларига катта раҳмат дейман. Энди Тошкент клубидан “Ростов”га ўтдим. Ўйлайманки, бу қарорим ҳам ҳар томонлама фойдали бўлади.

Россия Премьер-лигасига йўл олишимда ўз ёрдамларини аямаган барча инсонларга раҳмат дейман. Алоҳида ташаккурларимни “Бунёдкор” ФК бош директори Мурод Алиевга, бош мураббий Миржалол Қосимовга билдирмоқчиман. Чунки бу инсонлар мени тўғри тушунишиб, кучли чемпионатда тўп тепиш истагимни маъқуллашди ва қароримни қўллаб-қувватлашди. Кучли чемпионатдан таклиф келса клуб раҳбарияти футболчининг хоҳиш ва истакларини биринчи ўринга қўяди. Менга оқ фотиҳа тилаб, Россия клубига ўтишимда кўмак берганлари учун уларга яна бир-бор миннатдорчилик билдираман.

Қадрли дўстларим, сизлар билан ажойиб дарвларни бирга ўтказдик. Ёрқин ғалабалар, аламли мағлубиятларда бирга бўлдик. Бундай онлар ҳаётим зарварақларида унутилмас бўлиб қолади. Ҳаммаси учун раҳмат.

Азиз мухлислар, сизларнинг кўмагингиз ва далдангиз ҳозирги пайтда мен учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Чунки ҳаётимда янги саҳифа очилаётган палла. Дуоларингиз, далдангиз мени янада кучлироқ қилади. “Ростов”даги рақобатда ижобий ҳислатларимни намойиш этиб, юртимиз шаънини руслар диёрида муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.

Ҳозирча Россия майдонларида “Ростов” либосида ўйнайман. Ишонаманки, 2018 йилда руслар заминида Ўзбекистон миллий терма жамоаси либосида ҳам албатта тўп тепиш насиб қилади”, - деди Элдор Шомуродов.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  21 июл 2017, 11:28
Қашқадарё футбол мактабига асос солган инсон Нуриддин Зайниев булади у кишига рахмат айтиш керак!
Мехмон
  21 июл 2017, 09:30
Азиз Ғаниев ҳам Динома Киев футбол клубига утади у ҳам Қашқадарё футбол мактаби тарбияланувчиси
Мехмон
  18 июл 2017, 19:08
Қашқадарё футбол мактаби тарбияланувчиси Элдор Шомуродов
Мехмон
  17 июл 2017, 23:29
Омад сизни тарк этмасин.доимо галаба нашидаси ёр булсин.
Мехмон
  17 июл 2017, 17:54
Омад сенга Элдор
Реклама