Миржалол Қосимов: "Гонгконгнинг йўқотадиган нарсаси йўқ"
19 ноябр 2013, 11:18 1366 кўрилди

alt"Бўлажак ўйин ҳар иккала терма жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мен Гонгконг терма жамоасини ҳурмат қиламан, бироқ биз бу ерга фақат ғалабани мақсад қилиб келдик. Ғалаба қозонсак – Осиё Кубоги финал босқичига чиқамиз. Шу сабаб ҳам масаланинг ҳал бўлишини кейинга қолдирмоқчи эмасмиз. Жамоамиз ҳозирда яхши кайфиятда. Бунда бизга Вьетнам устидан қозонилган ғалаба ҳам ёрдам берди. Умид қиламанки, эртанги ўйиндан сўнг кайфиятимиз янада яхшироқ бўлади", - деди Миржалол Қосимов.

"Тошкентдаги ўйинда биз Гонгконг терма жамоаси дарвозасига йўл топа олмагандик. Ўшанда рақибимиз асосий эътиборни ҳимояга қаратганди. Футболда эса рақиб ҳужумини бузишдан-да осонроқ иш йўқ. Эртага эса Гонгконгнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Унга фақат ғалаба керак, қўшимчасига, ўз майдонида тўп суради. Шунинг учун ҳам, Гонгконг, худди биз каби, ўз бахтини ҳужумдан излайди. Бир сўз билан айтганда, бўлажак баҳс Тошкентдаги учрашувдан кескин фарқ қилади", - дея қўшимча қилди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи.

Матбуот анжуманида, Миржалол Қосимов билан биргаликда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиларидан бири Одил Аҳмедов ҳам иштирок этди.

"Гонгконг – яхши жамоа, бироқ биз уни мағлуб этишимиз шарт. Ҳозир барча ўй-хаёлимиз бўлажак ўйин билан банд. Барчамиз Осиё Кубоги финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишни хоҳлаймиз. Шу сабаб, жамоамизнинг барча ўйинчилари мақсадга етиш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишади", - деди ярим ҳимоячи.

Эслатиб ўтамиз, Гонгконг ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйин 19 ноябрь, сешанба куни Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.

 

Шархлар