Миржалол Қосимов Вьетнамга қарши ўйинда Ўзбекистонни фаворит деб атади
14 ноябр 2013, 14:56 900 кўрилди

alt

Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда. 14 ноябрь куни Вьетнам Футбол Федерацияси биносида ОК-2015 саралаш 4 туридан ўрин олган Вьетнам - Ўзбекистон учрашувидан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида маҳаллий ОАВ саволларига жавоб берган Миржалол Қосимов эртага бўлиб ўтадиган ўйинда ўз шогирдларининг ғалаба қозонишларига ишонишини айтди. «Биз рақибни хурмат қиламиз. Тошкентдаги ўйинда Вьетнам ўзини яхши томонлама кўрсатди. Биз Вьетнамни яхши шаклланган жамоа эканлигини кўрдик. Бу рақибга хурматни сақлаган ҳолда айтишим мумкин, эртага бўладиган ўйинда биз фаворит сифатида майдонга тушамиз. Биз ғалаба қозонишимизга ва Осиё Кубогига бериладиган йўлланма учун имкониятларимизни яхшилаб олишимизга ишонаман», - дейди Қосимов.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийининг айтишича, Тошкентдан Ханойга бўлган узоқ муддатли парвоз жамоа ўйинига таъсир қилмайди.

«Ханойгача парвозимиз узоқ давом этди. Аммо, кеча дам олдик ва жисмоний ҳолатимизни анча яхшилаб олдик. Айни дамда терма жамоамиз аъзолари яхши жисмоний ҳолатда. Кайфият ҳам аъло даражада. Ҳозир бутун терма жамоа аъзоларининг фикри эртага бўлиб ўтадиган ўйинга қаратилган».

Матбуот анжуманида саралашнинг «Е» гуруҳидан Осиё Чемпионатига тўғридан тўғри йўлланма оладиган икки терма жамоа ким бўлади деган саволга, Миржалол Қосимов қисқа ва аниқ жавоб беради.

«Мазкур гуруҳдан Осиё Чемпионатига БАА ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади», - дейди Қосимов.

Эслатиб ўтамиз, ОК-2015 саралаши, 4 туридан ўрин олган Вьетнам - Ўзбекистон 15 ноябрь куни Ханойдаги «Май Дин» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.

Шархлар
Реклама